«Ало, ало, яхши қиз!»

МУТОЛАА 05.01.2017, 12:03
Теглар: Хикоя, SUGDIYONA
«Ало, ало, яхши қиз!»

«Телефон жиринглар... Қўнғироқ чорлар... Овозинг эшитгим келади жуда...» Ушбу қатралар шу мисраларни эсимга солди. Сиз ҳам ўқиб, олисдаги яқинларингиз билан «дийдорлаштиргувчи» сеҳрли қути билан боғлиқ хотиралар оламига шўнғишингизга ишонамиз.

«КУНДОШ»

«Тонгги қўнғироқ туфайли у билан уришиб қолдим. Кўзларимга қараб бақирди. Юзимга қўлларини сермаб жаҳл қилди. Мен эса бўғзимга тиқилган алам кўзларим томон ўтиши, кўзёши бўлиб чиқишини истамаганим учун жим турдим. Балки онамнинг «Хотин эрдан бир поғона паст туриши керак», деган гапи қулоғимга қуйилиб қолгани учун сукут сақлагандирман.

— Қўнғироқ қилган ким? — дедим рақамнинг бегоналигини кўриб.

Мана шу бир оғиз берган саволим уни бу қадар тутақтириб юборади деб ўйламагандим. Йўқ, бундай деганимда жаҳли чиқмади. «Қачон?» деди бу саволимга жавобан.

— Атай ўзингизни билмаганга олаяпсизми? Териб кўриб, кимлигини билайми? — дея яшил тугмага бармоқ олиб борганимда сапчиб кетди.

— Нима дейсан, тентак? Аҳмоқмисан? «Эримга нега қўнғироқ қилдингиз?» дейсанми? Ишхонамиздандир? Шунчалик фаросатсизмисан? Айтмайман кимлигини! Ё кундошим деб ўйлаяпсанми?..

Шу билан уни тўхтатиб бўлмади. Шу қадар тутақдики...

Мен баттар гумон ичида қолдим: «Нега бунчалик қўнғироқ қилишимдан қўрқди? Бир гап бор?»

У бор аламини сочиб, ишга кетди. Мен ҳаммасини ютиб, уйда қолдим. Кун бўйи хабарлашмадим. Уям жим.

«Балки ўшаниси билан гаплашиб, устимдан кулаётгандир?» йиғлагим келди.

Ишдан қайтганида салом бердим-у, бошқа лом-мим демадим. У эса кулди. Баттар ичимга оташ тушди.

— Менга ишонмайсан-а? Ишонмаганингга куяман! Ишончингни оқламаганимга куяман! Гумон уйғотадиган қандай иш қилганимни билолмай куяман. Мана, ўша рақам. Кел, бирга қўнғироқ қиламиз.

Мен индамай ўтиравердим. Эрим телефоннинг овозини баландлади. Узун-узун гудок кетди. Кейин қиз боланинг овози жаранглади:

— Почча, бўлди, опамга айтаверинг. Онам яхши. Кўричак бўлган экан. Операциядан яхши чиқди. Энди бу рақамга қилманг. Ўзимнинг телефонимни олиб келишди... Шошиб қолганимиздан телефон олмабмиз-да...

Онамга нисбатан хавотир, эрим олдидаги мулзамликдан ўзимни қўярга жой тополмай қолдим...»

 

БЎРИНИНГ РАҚАМИ

«Онамларникига меҳмонга бордим. Яқинларим, айниқса, укамнинг икки ўғлини кўриб, дилим яйради. Бири уч ёш, иккинчиси бир ярим ёш бўлган ака-укаларнинг ўзлари ҳам, қилиқлари ҳам ширин. Айниқса, каттаси — Шоҳруз шу қадар ҳозиржавобки...

Укасини итариб йиқитгани учун койиган бўлдим:

— Сенинг эсинг йўқми? Акасан-ку! Ака ҳам укасини итариб юборадими?

— Акаман-ку! Кучим етади-ку! — ҳозиржавоблик қилди у.

— Ака дегани укасини йиқитсин, деганимас-да, асалим. Агар яна йиқитсанг, сенга йогурт бермайман. Мана, олиб келган йогуртларимнинг ҳаммасини баландга қўяман.

Шоҳрузнинг лаблари чўччайди, қовоғи осилди. Кейин алам билан менга бақирди:

— Сизни бўрига бервораман!

— Қани бўри? Йўқ-ку! — атай жиғига тегдим.

Ҳозиржавоб жиянчам нима дейди денг:

— Бўрининг телефони бор! Ҳозир чақираман!

Кулаверганимдан кўзларим ёшланиб кетса, денг...»

 

ШОХРУҲХОНННИНГ ОВОЗИ

«Йўллар тирбанд эди. Бекатлар ҳам шунга монанд. Автобуснинг ичини-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Гўзалнинг кўзига бутун дунё тиқилинч ва сиқиқдек туюлиб кетди. Автобус эшигидан тушиб қолгудек бўлиб келаётган йўловчи тағин қандай хаёлга борсин?

— Сал сурилинглар! — Ҳар бекатда очилиб-ёпилиш асносида курткасини «тишлаб» олаётган эшикдан бироз узоқлашишни истаб.

— Қаёққа суриламиз? — дўриллади бир эркак. — Кўриб турибсиз-ку.

Шу пайт яна эшик аранг ёпилди. Гўзал кийимини «қутқариш» учун бир силтаниб, ўзини ичкарига уришга интилди. Шу пайт эшитилган қичқириқ ҳаммани сергак торттирди.

— Эшикни очинг, оёғим...

Овоз Гўзалнинг қулоғи тагида жаранглаб, қоматга келтирай деган бўлса-да, қандайдир ёқимли эди.

«Қиш сонатаси»даги йигитнинг овозига ўхшаркан», — ўйлади Гўзал. — Йўқ, ҳиндча киноларда Шоҳруҳ Хон шунақа «гапиради...»

Эшик очилиб-ёпилди.

— Вой-ей... — ёқимли овоз энди пастроқ чиқди. — Мунча тиқилинч... Сумкангиз юзимни тўсиб қолди...

Қиз йигитнинг ўзига гапираётганини билди.

— Пастга туширолмайман. Аммаллаб туширинг ўзингиз... — Гўзалнинг раҳми келди.

Йигит типирчилаб сумкани нимадир қилди. Гўзал ўгирила олмагани учун нима қилганини кўрмади.

— Оёғимни шунақа қисиб турибдики... — ўзига оҳанрабодек тортувчи овоз яна жаранглади. — Ака, сиздан ушлаб, аста тортиб оламан...

— Хўп, хўп... — йигитнинг ёнгинасидаги эркак қўллаб-қувватлади.

— Раҳмат, ака. Кунингиз яхши ўтсин... — йигит ғимирлаб оёғини тортган бўлди.

Унинг товушини эшитгани сари Гўзалнинг ўзини ҳам кўргиси келаётганди.

«Ўзи ҳам келишган шекилли... Бекатда амаллаб қараб оламан», — ўйлаб қўйди қиз.

Автобус галдаги бекатда тўхтади. Эшик очилиб, остонагани беш-олти одам бирдан тушди. Ҳалиги йигит биринчилардан бўлиб чиптачига пул тутқазди-ю, югуриб йўлнинг нариги томонига ўтиб кетди.

— Қани тушганлар... — чиптачи бирма-бира йўлкира йиға бошлади.

— Ие, пулим... Пулим... — деди Гўзал билан ёнма-ён келган эркак ўнғайсизланиб. — Пулимни ўғирлашибди.

— Қўйсангиз-чи, амаки... — энса қотирди чиптачи.

— Меники ҳам йўқ, — деди бир йигит. Кейин Гўзалга деди: — Сиз қаранг, ҳалиги йигит сизни орқангизда эди. Ўша киссавур экан.

Қиз сумкасини кавлади:

— Бор. Турибди...

У ёқимли овоз соҳибини айблаётганларни негадир ёмон кўрди. Ўқишга етгунча унинг юзини кўра олмаганидан ўкинди. Дарс бошланишидан аввал эса дугонасига кечагина отаси совға қилган япалоқ, ингичка телефонини мақтанмоқчи бўлди. Сумкасига қўл тиқди. Бошини суққудек бўлиб қаради. Йўқ! Бирдан автобусдаги йигитнинг «Сумкангиз юзимни тўсиб қолди», дегани эсига келди. Ахир сумка бўйдор йигитнинг юзи баравар кўтарилмайди-ку! Демак... Қизнинг ичи музлаб кетди...»

 

«SMS»

«Уни хурсанд қилгим келди. Яна бекор ўтирганим учун қувлигим ҳам тутди. Хабар юбордим:

«SMSжон, эримга бориб айт. Уйингизнинг бир четида, бир париваш сиз ҳақингизда хаёл сураяпти, де...»

Зум ўтмай жавоб келди:

«Мажлис бўляпти...»

«SMSжон, унга мажлисда ўша париваш ҳақида ўйлаб ўтиринг, де...»

Жавоб тағин куттирмади:

«Келинойи, мажлисни эрингиз олиб бораяпти J. Ёзмай туринг, бўлмаса эрингиз ҳозир мени чиқариб юборади J...»

Жим бўлиб қолдим. Ёлғиз бўлсам-да, уятдан қизариб кетдим. Хижолатлик ва надомат юрагимни кемираётганда навбатдаги хабар келди:

«SMSжон, паривашга айт, уялмасин! Эрингиз ҳазиллашибди, де. Хабарларни ўзи ёзди...»

 

СОДДА МУХЛИС МАКТУБИ

«Салом, таҳририят ходимлари! Сендан бир нарсани сўрамоқчиман. Телефонимга бир хабар тинимсиз келади. MCHS деб ёзилган. «Тоғли туманларда...» дея бир нималарни ёзади. Биз тоғда яшамаслигимизни, Муборак чўли яқинида эканлигимизни бир неча марта ёзиб юбормоқчи бўлдим. Ёзган хабарим кетмади. Тинмай адашиб хабар ёзаётган бу одамнинг рақамини қандай билсам бўлади?»

Наргиза УСАНБОЕВА

Шарҳлар

Юзга ҳуснбузар чиқса, бу ниманинг белгиси?

20.01.2017, 11:59

Ҳуснбузар юзингизнинг қайси соҳасида пайдо бўлганига кўра, организмингиз учун қандай муолажа кераклигини билишингиз мумкин. Демак, кўзгу қаршисига туринг-да, суратда кўрсатилганидек, юз соҳаларига диққат қилинг. Агар:...
«Оҳу кўзлар» пардозининг 6 қоидаси

20.01.2017, 11:46

Яқин кунларда тўйга ёки бирор оқшомга отланаяпсизми? Қандай пардоз қилсам экан, деб бошингиз қотганми, унда ушбу пардозни синаб кўринг. Бу пардоз учун сизга кулранг, тилларанг...
Юқори марраларни забт этишнинг 7 та сири

19.01.2017, 14:24

Кимнинг катта ютуқларга эришиб, омад чўққиларини забт этгиси келмайди, дейсиз. Билмаймизки, ҳаммаси ўз қўлимизда ва бунинг йўли жуда ҳам оддий. Қуйида улар билан танишасиз... Ҳар...
Тўйдан кейинги муҳаббат ҳақида 10 афсона

17.01.2017, 16:39

Мустаҳкам оила – муаммоларсиз эмас, балки уларни ҳал этишга қодир оиладир. Эллик йил бирга яшаган эр-хотиннинг олтин тўйида чолдан сўрашаяпти: – Ота, шунча йиллик турмуш...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1