АсосийSalomatlik

Суст метоболизм — 100 йил яшашингизнинг кафолатими?

Метоболизм — ортиқча сантиметрлардан азият чекадиган инсонларнинг қулоғига тез-тез чалиниб турадиган сўз. Баъзида дангасалигимизни ҳам шу қурмағур метаболизмнинг сустлигига йўйиб қўя қоламиз. Аслида, ҳам ҳаммаси фақат шу омилга боғлиқми? Уни тезлаштирсак, қоматдаги муаммолардан осон халос бўла оламизми? Бугун ушбу саволларга ойдинлик киритамиз.

 

Бу қандай жараён?

Оддий тилда айтганда метоболизм организмимизда кечадиган турли кимёвий жараёнлардир. Яъни моддалар алмашинуви. Масалан, тановул қилган егулигимизнинг ошқозонда макро ва микро элементларга ажралиб, қон орқали бошқа органларга етиб бориши ва қувватга айланишини метаболизм деймиз. У чиндан ҳам тез ёки суст бўлади. Кун давомида тез-тез тановул қилса ҳам сира семирмайдиган инсонларни ҳар биримиз кўрганмиз. Яна уларга пинҳона аччиқ қилган вақтларимиз ҳам бўлган (майли, буни тан олишингиз шартмас). Ана ўша бахтли инсонларни табиат тез кечадиган моддалар алмашинуви билан сийлаган. Хўш, қолганлар-чи, омади кўпам чопмаганлар нима қилишсин? Пешонада борини кўрамиз, деб қўл қовуштириб ўтириш керакми? Асло! Бугунги кунда ушбу жараённи тезлаштирадиган бир қанча самарали усуллар мавжуд. Энг асосийлари: егулик, жисмоний машқлар ва дори-дармон воситалари ёрдамида амалга оширилади.

 

Таомномага диққат қиламиз

Табиатда моддалар алмашинувини тезлаштирадиган егуликлар бисёр. Масалан, аччиқ қалампир. Айнан қалампир ва мурч таркибида иштаҳани бўғадиган ва моддалар алмашинувини тезлаштирадиган капсаицин моддаси мавжуд. Лекин у билан ҳазиллашиб бўлмайди, айниқса ошқозон ва ўт қопида муаммоси бор кишилар ундан эҳтиёт бўлишлари лозим.  Ичимликлардан эса энг фойдалиси илиқ сув ва кўк чой ҳисобланади. Айниқса, занжабил ва асал қўшилгани барча жараёнларни тезлаштириш ҳусусияти эга. Бундан ташқари, бодринг, қўзиқорин, лавлаги, помидор ва карам сингари маҳсулотлар ҳазм жараёнини фаоллаштириб, танага берадиган қувват билан бир миқдорда калориялар ҳам сарфланади. Демак, тез-тез ушбу егуликлардан салатлар тайёрлашга ҳаракат қилсангиз, семирмайсиз. Ошқозонда ҳосил бўлган тўқлик хисси эса очиққанлик кайфиятини узоқлаштиради.

Диетологларнинг  кунига 3 марта эмас,  5-6 бор овқатланинг дея бонг уришлари бежиз эмас. Егуликдан келадиган калорияларнинг бир қисми таомнинг парчаланиши ва ички аъзоларга етказиб берилишига сарфланади. Агар ўзингиз ўрганган миқдордаги таомни беш ёки олтига бўлиб истеъмол қилсангиз, албатта, кетказаётган қувватингиз ортади.   

 

Жисмоний фаоллик ҳам муҳим!

Одатдагидан тезроқ ҳаракатланганингизда исиб кета бошлаганингизни сезасизми? Айни шу пайтда қон айланиши ҳамда моддалар алмашинуви жадаллашади. Целюлитга қарши бўладими ёки умумий соғломлаштирувчими, ҳар қандай уқалаш ҳам метаболизмни тезлаштиради. Мақсадга эришишда сауна ва ҳаммомларнинг ҳам ўз ўрни бор. Марҳамат, ўзингизга қулай усулни танлаб олаверинг.

 

Дори-дармон билан тезлаштирсак-чи?

Эътиборингизга ҳавола этилган усуллар орасидан айнан шу йўлга алоҳида диққат қилганингизга ишончимиз комил. Лекин бу чора сиз ўйлагандек безиён ва бехатар эмас-да.  Ёдингизда бўлса, бу мавзуга аввал ҳам тўхталгандик. Лекин яна бир бор эслатишдан эринмаймиз. Ҳар биримизнинг организмимизда яхши ва ёмон ҳужайралар ҳосил бўлади. Ёмон ҳужайралар саратон хасталигини келтириб чиқаради. Лекин ўша ёмон ҳужайраларни яхшилари аниқлаб, организмдан чиқариб юборади. Моддаллар алмашинуви ўта тез кечганида эса яхши ҳужайралар ёмонларини аниқлашга улгурмай, ўтказиб юбора бошлайди. Натижа: салом, саратон!

 

Кўнглингизни чўктирманг!

Истеъмол қилгани танасига юқмайдиган аёлларга қанча хавас қилмайлик, сизу биз каби метоболизми суст инсонларнинг ҳам бир устунлигимиз бор. Ўтказилган кузатув ва суриштирувларнинг натижасига кўра, 100 ёшга етган нуронийларнинг метоболизми бутун умри давомида бу ёшга етолмаганларникига нисбатан бир неча баробар суст кечган экан. Лекин бундан истаганимни тановул қилсам бўларкан, деган хулосага келиб қолманг. Ахир ортиқча вазн туфайли юрак, қон босими ва бошқа аъзоларда муаммолар юзага келиши мумкин-да. Бизнингча, энг тўғри чора вазнни меъёрга келтириб олгандан сўнг организмнинг ишига аралашмаслик. Нима дедингиз?

 

МАФТУНА тайёрлади.      

Бошқа янгиликлар