Ўзбекистонда барча таълим ташкилотлари педагоглари, тарбиячилари, ўқувчилари, тарбияланувчилари ва талабаларини бир ўқув йилида камида бир марта мақсадли психологик диагностикадан ўтказиш тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Президент қарорига мувофиқ, янги тартиб икки босқичда амалга оширилади. Жумладан, 2026/2027-ўқув йилидан мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари, 2027/2028-ўқув йилидан эса ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотлари қамраб олинади.
Психологик диагностика Психология илмий-тадқиқот институти томонидан махсус электрон платформа орқали ташкил этилади. Бунда шахсга доир маълумотлар ва диагностика натижаларининг махфийлиги таъминланади.
Диагностика натижалари сунъий интеллект технологиялари ёрдамида таҳлил қилиниб, педагог ва ўқувчилар уч гуруҳга ажратилади. Булар — "психологик барқарор", "психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож" ва "фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур" тоифаларидир.
Психологик ёрдамга муҳтож деб топилганларга таълим ташкилоти психологи, фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур бўлганларга эса тегишли ҳудуд бўйича ментор психолог бириктирилади.
Психологларга устама ва бир марталик мукофот берилади
Қарорда психологларни моддий рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланган. Каскадли малака ошириш курсларига ўқитувчи сифатида жалб этилган психологларга ушбу даврда асосий иш жойидаги лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида устама тўланади.
Шунингдек, ўқув йили давомида психологик барқарорликни таъминлашда юқори натижаларга эришган 150 нафар ментор психолог меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик моддий рағбатлантирилади.
Таълим ташкилотларининг психологик хизмат ходимлари ҳар беш йилда камида бир марта малака ошириши шарт бўлади.
Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади
Қарорга кўра, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг Психология ўқув-илмий маркази негизида Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Институт Таълим ва илм-фан вазирлиги бўйсунувига ўтказилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб институтда Рақамли психология ва сунъий интеллект, Таълим психологияси ва психологик хизмат ҳамда Психологик саломатлик ва профилактика лабораториялари фаолияти йўлга қўйилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда магистратура таълими амалий ва илмий-педагогик йўналишларга ажратилиши ҳақида хабар берилганди.






