АсосийЖАМИЯТ

Ислом цивилизацияси маркази Женевада Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини тақдим этди

Тадбирда минтақанинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси ва буюк мутафаккирлар меросининг бугунги аҳамияти муҳокама қилинди.

'Ислом цивилизацияси маркази Женевада Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини тақдим этди'ning rasmi

2026 йил 22 октябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросига бағишланган кўргазма ва халқаро илмий конференция ташкил этди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.

Миллатлар саройида "Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар" кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда китоблар, илмий нашрлар, миниатюралар ва Марказий Осиёнинг буюк мутафаккирлари ҳаёти ҳамда кашфиётларига оид материаллар намойиш этилди.

"Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари" мавзусидаги конференцияда Бухоро, Самарқанд ва Термизнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди. Тадбирда дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва маданият намояндалари иштирок этди.

Конференцияда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси бош директори Татьяна Валовая, Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили Элдиёр Тошматов ва бошқа халқаро ҳамда маҳаллий мутахассислар сўзга чиқди.

Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов марказнинг халқаро миссияси, илмий-тадқиқот ишлари ва маданий меросни замонавий технологиялар орқали тарғиб этиш йўналишлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, БМТ кутубхонаси ва архивларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Муҳокамаларда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросининг бугунги жамият учун аҳамияти, илм-фан, бағрикенглик ва динлараро мулоқот масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ва ислом цивилизацияси меросига бағишланган қисқа метражли фильмлар ҳам намойиш этилди. Кўргазмада тақдим этилган китоблар БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонасига совға қилинди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, тадбир Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, илмий ва маданий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

    Бошқа янгиликлар