АсосийДУНЁ

Эрон элчиси ТИВга чақиртирилди: Самарқанд мероси юзасидан норозилик нотаси топширилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг айрим хорижий давлатлардаги элчихоналари Самарқанднинг тарихий-маданий меросига оид материалларни бирёқлама талқин қилгани юзасидан норозилик билдирди.

'Эрон элчиси ТИВга чақиртирилди: Самарқанд мероси юзасидан норозилик нотаси топширилди'ning rasmi

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг айрим хорижий давлатлардаги элчихоналари Самарқанднинг тарихий-маданий меросини бирёқлама талқин қилувчи материалларни эълон қилгани юзасидан Эрон томонига норозилик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

ТИВ маълумотига кўра, 23 октябрь куни Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий вазирликка чақиртирилган. Унга Ўзбекистоннинг қатъий эътирозлари баён этилган норозилик нотаси топширилган.

Учрашувда Самарқанд, Бухоро, Хива ва мамлакатнинг бошқа тарихий шаҳарлари мероси Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихий-маданий тараққиётининг ажралмас қисми экани таъкидланган. Самарқанднинг тарихий қиёфаси ўзбек халқининг тарихи, давлатчилик анъаналари ва маданий ривожланишини акс эттириши қайд этилган.

Ўзбекистон томони Эрон дипломатик ваколатхоналарининг ижтимоий тармоқлардаги тегишли постларини ўчириш ва бундай ҳолатлар келгусида такрорланмаслиги учун чоралар кўришни талаб қилган.

Вазирлик дипломатик ваколатхоналарнинг расмий ахборот ресурсларидаги материаллар ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига мувофиқ бўлиши, тарихий-маданий масалаларни сиёсийлаштирмаслиги лозимлигини билдирган.

Шу билан бирга, ТИВ Ўзбекистон Эрон билан ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларни қадрлашини, бироқ мамлакатнинг тарихий-маданий меросини бирёқлама талқин қилишга нисбатан принципиал позициясини сақлаб қолишини таъкидлаган.

Аввалроқ Эроннинг Арманистондаги элчихонаси АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқанддаги Регистон майдонида олинган видеосини эълон қилиб, бу ҳудуд форс цивилизацияси ва меъморчилигининг бир қисми эканини билдирган эди.

Эроннинг Зимбабведаги элчихонаси Регистон майдонидаги равоқларни Эрон-ислом цивилизациясига хос меъморий белги сифатида тақдим этган. Болгариядаги элчихона ҳам Марко Рубио Самарқандда форс мероси фонида суратга тушганини таъкидлаб, ижтимоий тармоқда пост жойлаган.

    Бошқа янгиликлар