АсосийДУНЁ

АҚШ Россия ва Украина ўртасидаги навбатдаги музокаралар жойини маълум қилди

Россия, Украина ва АҚШ делегациялари ўртасидаги навбатдаги уч томонлама музокаралар яқин икки ҳафта ичида Абу-Даби ёки Швейцарияда ўтказилиши мумкин.

'АҚШ Россия ва Украина ўртасидаги навбатдаги музокаралар жойини маълум қилди'ning rasmi

Россия, Украина ва АҚШ делегациялари ўртасидаги навбатдаги уч томонлама музокаралар яқин икки ҳафта ичида Абу-Даби ёки Швейцарияда бўлиб ўтиши мумкин. Учрашувдан кўзланган мақсад уч мамлакат раҳбарлари даражасидаги мулоқотни ташкил этишдан иборат. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб  Zamon.uz хабар берди.

Манбага кўра, музокараларнинг аниқ санаси ҳозирча белгиланмаган. Раҳбарлар даражасидаги учрашувни ташкил этиш учун бир қатор муҳим масалаларни ҳал қилиш зарур.

Украина президенти Владимир Зеленский 23 октябрь куни Россия, Украина ва АҚШ вакиллари ноябрь ойининг биринчи ярмида Абу-Дабида техник даражадаги учрашув ўтказишга келишиб олганини маълум қилган. У уч мамлакат раҳбарлари ҳам учрашишига умид билдирган.

21 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербургда АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашди. Музокараларда Украинадаги урушни ҳал қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Учрашувдан сўнг Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги уч томонлама музокараларнинг навбатдаги босқичи ноябрь ойида Абу-Дабида ўтказилиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, Москва ноябрь ойининг биринчи ярмида музокараларни қайта бошлашга тайёр.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Абу-Дабини учрашув ўтказиш жойи сифатида кўриб чиқилаётганини билдирган. Ушаковнинг сўзларига кўра, Россия делегацияси таркибига президент ёрдамчиси Владимир Мединский ва ҳарбий қўмондонлик вакиллари кириши мумкин.

Путин АҚШ маъмурияти вакиллари билан учрашувларда Украина бўйича уч томонлама музокараларни қайта бошлаш масаласида келишувга эришилганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, муҳокамалардан бири тинчлик келишувлари имзолангандан кейин Россия ва Украина хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланади.

Россия, Украина ва АҚШ ўртасидаги уч томонлама музокараларнинг аввалги босқичлари 23–24 январь, 4–5 февраль ҳамда 17–18 февраль кунлари бўлиб ўтган. Навбатдаги учрашувни 5–8 март кунлари Абу-Дабида ўтказиш режалаштирилган, бироқ АҚШнинг Эронга қарши операцияси бошланганидан кейин у қолдирилган.

Дастлабки икки раундда Россия делегациясига Бош штаб Бош разведка бошқармаси раҳбари Игорь Костюков бошчилик қилган. Женевада бўлиб ўтган учинчи босқичда эса делегацияга Владимир Мединский раҳбарлик қилган.

    Бошқа янгиликлар