Мақсад
Мақсадингизга эришмоқчи бўлсангиз, аввало ниятни яхши қилинг, кўнглингизни ортиқча нарсалардан тозаланг. Ҳасад, араз, гина-кудурат кишининг кўп вақтини олади, асабларини емиради, мақсаддан чалғитади. Кимдандир хафа бўлиб, ундан қай йўл билан аламингизни олишни ўйлаб, «қўлимга тушса, боплайман!» дея режалар тузишга, жанжал сценарийларини ёзишга қанча вақтингиз кетиши мумкинлиги ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Вақт топиб, бир ўйлаб кўринг. Шунда беҳудага сарфлаган вақтингизга ачиниб кетасиз. «Ундан кўра, чевар қўшнимдан тикишни, пазанда овсинимдан ёки қўлланмалардан пишириқлар сирини ўргансам ё бадиий китоб ўқисам бўлмасмиди», дейсиз. Бу билан, биринчидан, дунёқарашингиз ортади, иккинчидан, яна бир соҳа сирларини ўрганасиз. Балки кейинчалик бу билимларингиз оилавий бюджетингизга ҳам наф келтирар. Агар молиявий фойда келтирмаса ҳам, болаларингиз ва турмуш ўртоғингиз пазандалигингизу чеварлигингизга таҳсин ўқишса, қувонишса, аёл учун бундан ортиқ бахт борми?!
Дўстлик
Дўст орттирмоқчи бўлсангиз атрофингиздагиларнинг қувончидан қувонишни ўрганинг. Биров ранжиганда куладиган, кулганда ранжийдиган одатингиз бўлса, дарров воз кечинг.
Бахт
«Муҳаббат билан турмуш қурдим, бир умр бахтли яшайман», деб хомхаёл бўлманг. Бахтли бўлиш учун бир умр муносабатлар устида ишлашингиз лозим. Оила олдидаги бурчингизни бир муддат назоратдан қочирсангиз, издан чиқиши ҳеч гапмас. Турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингиз қизиқадиган нарсаларга сиз ҳам қизиқинг, бу оилани бирлаштиришга ёрдам беради. Турмуш ўртоғингизнинг иши тескари кетганда камситадиган одатингиз бўлса, омади чопганда ундан мурувват кутманг.
Фарзандлар
Агар келажакда фойда кўриш учун нимагадир пул тикмоқчи бўлсангиз, маблағингизни фарзандларингиз илм олиши учун сарфланг. Болаларингиз ундан фойдаланаётганини кўриб, кўнглингиз хотиржам бўлади.