Саволларга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб беради.
«Остонада кўришиш мумкин эмасми?»
— Уйга меҳмон келса ёки танишларимдан бири билан остонада гаплашиб турсам, катталар «Остонада саломлашиш мумкин эмас», дея танбеҳ беришади. Нима учун бундай қилиб бўлмаслигини сўрасам, ҳеч ким тайинли жавоб бера олмайди. Саволим шуки, нега остонада кўришиб бўлмайди? Динимизда бунинг ҳукми қандай?
— Динимизда «Остонада кўришиш мумкин эмас», деган гап йўқ. Аслида, остонада кўришиш, у ерда ўтириш жоиз. Бунинг ҳеч қандай зарари ё гуноҳи йўқ.
Остонада кўришишнинг «зарар»лари ҳақида ҳар ким турлича гапларни айтади. Жумладан, камбағалликка сабаб бўлади, бу ерда кўришган одамларнинг бир-биридан меҳри ўша остонада қолиб кетади. Хуллас, «Ёмон бўлади», деб жавоб берилади.
Бу нотўғри ақиданинг илдизи юртимизга Ислом зиёси кириб келишидан олдин мавжуд бўлган оташпарастлик эътиқодига бориб тарақалади. Ўша ботил ақида эгалари одатига кўра, одам вафот этганидан сўнг унинг жасади тоғларга, тепаликларга олиб чиқиб қўйилган. Жасад қуш ва ҳайвонларга ем бўлган. Фақат суяклари қолганидан кейингина «остадон» («устихон» ёки «оссуарий») деб номланган идишга солиб, уни остонага кўмишган. Шундан сўнг ким остонада кўришса, саломлашса, унга ҳам ўлим етади, деб ишонишган. Яъни, бунда ўлган одам устида кўришилган бўлади, шу сабаб у яна ўлик чақиради, деб эътиқод қилишган.
Шариатимизда остонада кўришишдан қайтарилмаган. Демак, остонада ўтириш, саломлашишнинг ҳеч қандай ёмон жиҳати йўқ. Мовароуннаҳр халқлари мусулмон бўлишгач, бу каби бемаъни одатлар, жумладан, остонага майитнинг суякларини кўмишга барҳам берилди. Аммо ўша удумдан қолган бидъат-хурофотлар сарқити ҳали ҳам одамлар орасида мавжуд. Бундай жоҳилона эътиқодларга фақат маърифат зиёси билангина барҳам бериш мумкин.
Балиққа ҳайвон гўшти бериш ҳукми
— Ҳозирги кунда балиқчилик соҳаси ривожланмоқда. Махсус ҳовузларда Чет давлатлардан келтирилган лаққа балиқлар етиштирилмоқда. Балиқларга сўйилган молдан ажратиб ташланган (ҳаром саналган аъзо) гўшт ва қон пиширилиб, қуритилиб берилаяпти. Ушбу балиқ гўштини истеъмол қилиш мусулмон кишига жоиз ёки йўқлиги тўғрисида маълумот берсангиз.
— Балиқларга ем сифатида бериладиган сиз айтган озуқа аввал пишириб, қуритилиб, сўнгра талқон қилиб, ичига турли витамин ва оқсилларга эга бошқа моддалар ҳам аралаштирилиб берилади. Ва мазкур емдаги ҳайвон гўштининг миқдори бошқа моддалардан кўра камроқ бўлади, биз билишимизча. Агар боқиладиган ҳайвон балиқ бўлса, уламолар бунга рухсат беришган. Аммо, барибир, бошқа нарса билан боққан афзалроқ. Лекин бундай ем билан боқиладиган қўй, сигир каби қуруқлик ҳайвонлари бўлса, бу борада аҳли илм ўртасида ихтилоф бор. Баъзилар бу вазиятда ўша гўшти берилаётган ҳайвон шариатга мувофиқ сўйилган бўлиши керак, деган фикрни ҳам илгари сурадилар. Бошқа баъзилар эса қўй, сигирларга ҳам бу каби емишни беришни тақиқлайдилар.
Тўнғиз терисидан тикилган либослар ҳақида
— Укам кийимларни кимёвий тозалаш билан шуғулланадиган ташкилотда ишлайди. Унга мижозлар чўчқа ёки тўнғиз терисидан тикилган кийимларни тозалатиш ва бўятишга олиб келишади. Шундай кийимларни тозалаб берса бўладими?
— Уламолар, гўшти истеъмол қилинадиган ҳайвоннинг териси ошлаш билан пок бўлишига бир овозда иттифоқ қилишган. Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) наздида, чўчқадан бошқа барча ҳайвонларнинг – хоҳ гўшти ейиладиган, хоҳ ейилмайдиган бўлсин, хоҳ сўйилган, ё ўлимтик бўлсин — териси ошлаш билан покланади.
Хотирани кучайтириш учун
— Хотирани қандай кучайтирса бўлади? Бу ҳақда бирор ҳадис ёки ўқиб юриладиган дуолар борми?
— Хотиранинг мустаҳкам бўлиши маънавий ва моддий омилларга боғлиқ. Маънавий омил — Яратганга имон келтириш, гуноҳлардан тийилиш, хусусан кўзни номаҳрамлардан сақлаш. Зеро, инсон илм ўргана туриб гуноҳлардан тийилмас экан, маълумотлар зеҳнга яхши ўрнашмайди. Китоб ўқилса-ю, номаҳрамлардан нигоҳ тўсилмаса, илм унутилади. Илмни унутиш, паришонхотирлик ҳам гуноҳлар асоратидир.
Хотиранинг мустаҳкам бўлишидаги моддий омил эса озиқ-овқатлар таркибини минералларга бой маҳсулотлар билан бойитишдир. Жумладан, ёнғоқ ва асал ейилса, хотира кучаяди.
Инсон хотирасининг имконияти жуда юқори. Фақат биз ундан доим ҳам оқилона фойдаланолмаймиз. 600.000 ҳадисни санадлари билан тўлиқ ёд билган ватандошимиз Имом Бухорий ҳам биз каби инсон бўлган. Шундай экан, ҳар ким хотирасидан унумли фойдаланса, кўп ютуқларга эришиши мумкин.
Хотиранинг ёш ўтиши билан сусайиб боришига одамнинг ўзи сабабчи. Агар доим ниманидир ёдлаб юрса, миясини машқ қилдириб турса, кексайгач ҳам хотира кучли, зеҳн ўткир бўлади. Муҳими банда ўзини руҳан чўктириб, «Мен энди қариб қолдим», демасдан ўз устида ишлашда давом этиш керак. Шунингдек, дуоларда кучли хотира, ўткир зеҳн сўралса, дилдаги ниятлар рўёбга чиқади.
Савол-жавоблар muxlis.uz сайтидан олинди.