1

​Ўзбекистон Астрономия институти 2017 йил инсониятга нималар “ҳадя” этиши ҳақида маълумот берди

ЖАМИЯТ 30.01.2017, 15:54
Теглар: Ўзбекистон
​Ўзбекистон Астрономия институти 2017 йил инсониятга нималар “ҳадя” этиши ҳақида маълумот берди

Мазкур йилнинг февраль ва август ойларида икки маротаба қуёш ва икки марта ой тутилади. Уларнинг тўғри ва кўчма маънода биз инсонларга нималарни “ҳадя” этиши ҳақида Ўзбекистон фанлар Академияси Астрономия иснтитутининг илмий котиби Игорь Ибрагимов маълумот беради.

11 февраль куни тўлин ой тутилади

У хира ярим ой шаклида намоён бўлади. Ер Қуёшни қисман тўсиб қўйганлиги туфайли Ойнинг ёрқинлиги бироз камаяди. Агар ҳаво очиқ , осмон тиниқ бўлса, Ой гардишининг қорайганини кузатиш мумкин. Мамлакатимиз ҳудудида бу ҳодисани оддий кўз билан (дурбинсиз) ҳам кўриш мумкин бўлади.

26 февраль — янги Ой чиққан куни, навбатдаги халқасимон Қуёш тутилиши рўй беради

Ой Қуёш гардиши устидан ўтса-да, уни тўлиқ ёпа олмайди, натижада табиий йўлдошнинг ёпилмаган қисми ёрқин халқани ҳосил қилади. Шунга қарамай, осмон ёруғлигича қолади. Халқасимон фаза чизиғини Тинч ва Атлантик океан акваториясида, шунингдек, Жанубий Американинг жанубий қисмида ва Африкада кўриш мумкин. Бу тутилиш Ўзбекистонда кўринмайди.

7 август, Ой тўлган куни қисман тутилади

Сайёрамизнинг йўлдоши бўлган Ой Ер соясининг шимолий қисмидан ўтиб, қораяди, унинг бошқа қисми эса ярим соя остида қолади. Бу воқеани мамлакатимиз ҳудудида кузатиш мумкин. Қизиғи шундаки, бу пайтда Ойдан туриб, Қуёшнинг тутилганини кўриш мумкин бўлади.

21 август, янги Ой чиққан куни Қуёш тутилади

Фазанинг тўлиқ чизиғи Тинч ва Атлантик океан акваториясидан ўтиб, Шимолий Америка қитъасининг ғарбидан шарқи томон кўндаланг кесиб ўтади. Мазкур ҳодисани Шимолий ва Жанубий Америка, шунингдек, энг ғарбий давлатлар бўлган Ғарбий Европа ва Африка аҳолиси ҳам кузатиши мумкин.

– Игорь Абдураҳмонович, келинг, энг аввало Ой ва Қуёш тутилишининг нималиги ҳақида маълумот берсангиз...

– Қуёш, Ер ва Ойнинг бир чизиққа туриб қолиши тутилиш дейилади ва бу табиат ҳодисаси ҳисобланади. Агар тутилиш юз берган пайтда Ой янги чиққан бўлса Қуёш, агар тўлин ой фазасида бўлса Ой тутилади. Тутилиш хусусияти Ойнинг Ердан узоқлигига боғлиқ бўлади, бу масофа ҳар сафар ўзгариб туради. Чунки сайёрамиз йўлдошининг орбитаси айланма эмас, балки эллиптик (нотўлиқ) хусусиятга эга. Унга мос равишда Ойнинг кўриниш ўлчами ҳам ўзгариб туради.

Қуёш тутилганда Ой Ерга яқин масофада бўлса, унинг гардиши Қуёшни батамом тўсиб қўяди ва тўлиқ тутилиш рўй беради. Агарда Ойнинг кўриниб турган гардиши Қуёшникидан кичикроқ бўлса, унинг атрофида ёруғ гардиш ҳосил бўлади. Ҳақиқатда Ойнинг диаметри Қуёшникига қараганда 400 марта кичик бўлиб, ёруғлик даражасини таққослаганда Ерга 400 маротаба яқиндир, шунинг учун ҳам уларнинг кўриниши деярли бир хилдир.

ФАКТ

Қуёшнинг тўлиқ тутилишини бир нуқтада кузатиш учун 7,5 дақиқа керак бўлади. Унинг максимал даражасини жуда кам ҳолларда – 16 йилда бир маротаба кузатиш мумкин.

– Ўтган йилнинг ноябрь ойида сайёрамиз аҳолиси Супер тўлин ой ҳодисасининг гувоҳи бўлди. Ойнинг гардиши жуда ҳам кенгайди...

– Ҳа, 2016 йилнинг кузида Ой Ерга жуда яқин масофада бўлганлиги туфайли унинг кўриниш ҳажми илгаригидан анча катта бўлди. Ҳар йили Ой икки маротаба сайёрамиздан максимал даражада 406 минг километрга узоқлашиб, худди шундай максимал даражада 357 минг километр масофада яқинлашади. Агар бу ҳаракат Ой тўлганда юз берса, биз супер тўлин ой ҳодисасини кузатишга муваффақ бўламиз. Супер тўлин ой ҳодисасини кузатиш учун осмон булутсиз бўлиши лозим. Мазкур ҳодисани оддий кўз билан ҳам кузатиш мумкин. Бундай кечада сайёрамиз аҳолиси Ойни 14 % катта ва 30 % ёрқинроқ ҳолда кўриш имкониятига эга бўлади.

Супер тўлин ой кечасида турли ҳалокатлар юз бериши, унинг инсон соғлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида турли афсоналар мавжуд. Уларнинг баъзилари ҳақиқатга асосланган. Масалан, руҳий касалхоналарнинг шифокорлари айнан Ой тўлганда уларга бошқа пайтга нисбатан жуда кўплаб беморлар мурожаат қилишини айтишади. Яна аксарият шифокорлар бундай кунда сурункали касалликларнинг хуруж қилиши ҳақида ҳам маълумот беришади. Статистик маълумотларга кўра, Ой тўлганда турли йўл-транспорт ҳодисалари, ҳалокатлар ҳам юз бериши тасдиқланган. Бунга мисол қилиб, 2004 йилда Индонезияда юз берган цунамини келтиришимиз мумкин. Айнан тўлин ой куни рўй берган цунами минглаб одамларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлди.

Ой Ерга катта таъсир кучини кўрсатиб, денгиз сувининг кўтарилиши ва пасайишига сабаб бўлса-да, аслида супер тўлин ой одамлар ҳаётига улкан даражада хавф туғдирмайди. Бундай кўтарилиш ҳаттоки Ернинг ички қобиғида ҳам юзага келганига қарамай, бу ҳолат одамлар учун сезилмайди. Бундай ўзаро таъсир оқибатида Ой Ердан йилига жуда тез — 3,8 сантиметрга узоқлашмоқда , Ер эса ўз ўқи атрофида айланишини юз минг йилда 1,6 сонияга секинлаштирмоқда.

ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТ

Баъзи олимларнинг аниқлашича, тўлин ой ва Супер тўлин ой кечаси инсонларнинг овқат ҳазм қилиш тизимига кучли таъсир кўрсатиб, уларнинг меъёридан ортиқ равишда овқат истеъмол қилишига сабаб бўлади.

– Ой ва Қуёш тутилиши инсон саломатлигига қандай таъсир кўрсатади?

– Руҳий томонни ҳисобга олмаганда, Ой ва Қуёш тутилиши инсон саломатлигига ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Улар зилзила, уруш бўлишига сабаб бўлолмайди ёки ижтимоий тузумни ўзгартириб юбормайди. Буларнинг барчаси одамлар томонидан ўйлаб топилган хаёлот маҳсулидир. Баъзи бир одамлар Ой ва Қуёш тутилиши руҳий покланишга, келажак режаларини тўғри белгилашга сабаб бўлади, деб ҳисоблайди. Агарда бундай ишонч ҳар бир инсонга ёрдам берадиган, руҳий осойишталик келтирадиган бўлса, бунинг ёмон томони йўқ. Аммо мунтазам равишда Қуёш фаоллигининг ортиб бориши ҳақиқатан ҳам инсон соғлигига муайян даражада салбий таъсир кўрсатади.

Магнит бўронининг таъсири ҳақида

– Бу билан сиз магнит бўронини назарда тутдингизми? Магнит бўрони қон босимининг ошишига, бош оғриғига ва турли бетобликларга сабаб бўлиши мумкинми?

– Бу Қуёш фаоллигининг ортиш ва камайиш даражасига боғлиқ. Қуёш фаоллашганда унинг атмосферасида чақнаш ҳудудлари пайдо бўлади. Чақнаш оқибатида фазовий кенгликка кўп миқдордаги протон ва электронлардан иборат бўлган зарядланган заррачалар сачрайди. Улар секундига 400-1000 километр тезликда Ер сари ҳаракат қилади ва 1-2 кунда етиб келади. Зарядланган заррачаларнинг кучли оқими Ернинг магнит майдонини ҳаракатга келтиради. У нафақат инсон ҳаётига, балки алоқанинг узилишига, фазовий кемаларнинг навигация тизимига, энергетикага ва бошқа фаолият турларига, қон босимидан , юрак қон-томир касалликларидан азият чекувчи одамларга салбий таъсир қилади. Айнан магнит бўрони кунларида инфаркт, инсульт, гипертоник инқирозлар авж олади. Яна аксарият одамлар бош оғриғидан, мигрендан, юракнинг тез уришидан, уйқусизликдан, қон босимининг ўйнашидан, кайфиятнинг тушиб кетишидан шикоят қилишади. Бунга магнит майдонининг тебраниши оқибатида қоннинг капилляр оқими секинлашиб, кислород етишмаслиги сабаб бўлади.

Астериодлар хавфлими?

– Астрономларнинг башорат қилишича, йилнинг иккинчи ярми мисли кўрилмаган янгиликларга бой бўлиб, кўплаб метеоритлар тушар экан. Шу ростми?

– Турли метеорит жисмларнинг Ер атмосферасига катта тезликда учиб келиши, халқ тилида “юлдуз учиши” деб аталади. Ҳаво қатламидаги ишқаланиш оқибатида улар қизиб, ёниб кетади ва ўзидан ёруғлик тарқатади. Ўзидан оловли из қолдирган жисм – метеорит, деб аталади. Аксарият бундай само “тош”лари кичик ҳажмга эга бўлиб, улар атмосферанинг юқори қатламида, 80-100 километр баландликда ёниб кетади. Фақатгина жуда катта ҳажмдаги метеороидлар ва уларнинг бўлаклари Ернинг юқори қатламига метеорит тарзида келиб тушади.

Ҳозирча бу борада омадимиз келмаган, чунки барча машҳур йирик метеоритлар кимсасиз, чўл ҳудудларига тушган. Аммо улар инсониятга маълум даражада хавф ҳам туғдиради. Масалан, 2013 йилнинг 15 февралида Россиянинг Челябинск вилояти ҳудудига келиб тушган метеоритнинг ўлчами 17 метр, оғирлиги эса 10 тонна бўлган. Бу улкан метеоритнинг Ер атмосферасига ўткир бурчак билан кириб, 20 километр баландликда портлаши ва унинг бўлаклари шаҳар ташқарисига келиб тушиши, челябинскликларнинг омади бўлган. Агар у шаҳар устига келиб тушганда, фожиа юз бериши аниқ эди. Унинг портлаш қуввати Хиросимага ташланган атом бомбасидан 20 маротаба кучли эди. Бахтга қарши, бу қувват Ердан узоқда, баландликда тарқалиб, йўқолган. Аммо шунга қарамай, Челябинск шаҳридаги 5000 дан ортиқ бинонинг дераза ойналари парчаланиб, ойна синиқларидан 1500 киши тан жароҳати олган.

Келинг, энди астероидлар ҳақида маълумот берса... Астероид Қуёш системасининг жуда йирик бўлмаган само жисми ҳисобланиб, ёруғлик орбитаси атрофида ҳаракат қилади. Улар сайёралардан ўлчами жиҳатдан кичкина бўлиб, шахсий атмосферага эга эмас. Юпитер ва Марс сайёралари оралиғида бир километр диаметрда ғуж бўлиб, учиб юрадиган астероидлар мавжуд. Бундай астероидлар ҳақиқатан ҳам хавфлидир. Ҳатто энг кичик — 40-50 метр ўлчамдаги майда астероид ҳам секундига 40-50 километр тезликда Ерга учиб келиб, бирор аҳоли пунктига тушадиган бўлса, катта талафот етказади. Шунинг учун ҳозирги кунда астериод хавфига катта эътибор қаратилмоқда. Ер юзининг кўплаб обсерваторияларида астероидларни кузатиш хизмати ташкил этилган. Бизнинг Майданак обсерваториямиз ҳам мазкур дастурда иштирок этиб, Ерга яқин жойдан учиб ўтувчи кичик само жисмларини қидириб топиш ва кузатиш ишларини олиб бормоқда.

– Халқимиз орасида “Юлдуз учганда яхши ният қилиш керак”, деган гап юради. Бу ибора фанда қай даражада ўз исботини топган?

– Буюк ва машҳур физик Нильс Бор турли ирим-сиримларга ишонмаса-да, эшигига тақа қоқиб қўйган экан. Унинг бу қилиғидан ажабланиб, савол берган одамларга “ Мен хурофотга ишонмайман, аммо айтишларича, тақа унга ишонмайдиган одамларга ҳам ёрдам берар экан”, деб жавоб берган. Сиз ҳам учаётган юлдузга қараб, чин дилингиздан эзгу ният қилсангиз, у албатта, амалга ошади.

– Метеорит заррачалари инсонга яқин жойда бўлса, радиоактив таъсир кўрсатиши, бундан одам нурланиши мумкинми?

– Метеорит ва астероидлар тош ва металлдан ташкил топган бўлиб, унинг таркибида никель, темир, кальций, магний, натрий, кремний унсурлари мавжуд. У кимёвий таркиби билан Ер минераллари ва металлга яқин бўлгани боис, ҳеч қандай нурланишга сабаб бўлмайди.

– Демак, Коинот инсониятга бирор бир касалликни “ҳадя” этиш хусусиятига эга эмас...

– Нима десам экан... Тахминларга кўра, бундан миллиард йиллар илгари кометаларнинг органик қўшилуви орқали Ерда ҳаёт пайдо бўлган. Шу жумладан ДНКнинг асоси бўлган нуклеин кислотаси вужудга келган. Ерга само жисмларининг катта тезликда учиб тушиши оқибатида улар атмосферада қизиб кетади. Бундай кучли қизиш натижасида атмосферада мавжуд бўлган барча вируслар қирилиб кетади. Шунинг учун комета ёки астероидлар эмас, об-ҳаво шароити инсонларга кучлироқ таъсир кўрсатади. Албатта, бу ерда одамларнинг хурофотларга ишониши ҳам катта роль ўйнайди. Агар Лох-Несс кўли махлуқини кўришни чин дилдан истасангиз, уни албатта, кўриш бахтига сазовор бўласиз. Шунинг учун барча воқеа-ҳодисаларга илмий томондан назар ташлашга ҳаракат қилинг. Астрономия фанини ўргансангиз, Коинот ҳақидаги қизиқарли маълумотларга эга бўласиз.

Барча “юлдузли” орзуларингиз рўёбга чиқишига тилакдошман!

Лола ШОИМОВА

Ольга ФОЗИЛОВА

Шарҳлар

Ўзбекистонда йил охиригача 250-300 минг киши меҳнат миграциясидан қайтиши прогноз қилиняпти

10.05.2024, 15:14

Йиғилишда кун тартибидаги иккинчи масала – барча жойларда “Сайхунобод” тажрибасини жадаллаштириш муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.Бу борада бошланган ишлар натижасида апрель...
Ўзбекистонда охирги 3 ой ичида қанча автобус ишлаб чиқарилгани очиқланди

06.05.2024, 13:48

Ўзбекистонда охирги 3 ой ичида қанча автобус ишлаб чиқарилгани очиқланди. Бу ҳақда Статистика агентлиги хабар берди. Ўзбекистонда охирги 3 ой ичида қанча автобус ишлаб чиқарилгани очиқланди. Март...
Ўзбекистон Эронни мағлуб этиб, Осиё кубогига йўлланмани қўлга киритди (видео)

13.09.2023, 11:02

Осиё кубоги учун саралаш ўйинлари якунланди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири. Маълум бўлишича, сўнгги 6 ўйинда рақиблари дарвозасига 25 та гол киритиб, 3 та гол  ўтказиб...
⚡️Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳамкорликда ишлаб чиқарадиган автомобилларнинг нархлари эълон қилинди

24.01.2023, 10:47

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорликда 19 турдаги енгил автомобиллар, жумладан микроавтобус, пикап, седан ва бошқаларни ишлаб чиқаришни режалаштирган. Қирғизистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар нархи 13...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1