1

​«Қизни уйнинг ўғриси дерлар...»

СУҒДИЁНА 02.02.2017, 14:27
Теглар: Аёл, Тўй, Оила, Қиз
​«Қизни уйнинг ўғриси дерлар...»

Сарлавҳани ўқиб, ҳайрон қолдингизми? Ё тасдиқладингизми? Аслида ҳар доим ҳам ота уйидан келинлик хонадонига нарса ташийдиган қизларни ўғри атаб бўлмайди. Вазият тақозоси деган гаплар ҳам бор. Бугун «Менинг оилам»да «ўғри» қизлар, таъмагир қайноналар, қизғанчиқ келинойилар ва ноилож оналар мавзусини таҳлил қиламиз.

«Унинг эри ишламаса, биз боқишимиз керакми?»

— Турмуш ўртоғим ёлғиз ўғил, биргина синглиси бор. Қайнсинглимнинг турмушга чиққанига беш йил бўлаяпти, аммо ҳамон бизнинг қарамоғимизда. Тўғри, эримнинг топиш-тутиши яхши, қайнота-қайнонам ҳам рўзғорга ёрдам беришади. Бироқ қачонгача биз унинг ўзи-ю, эри, икки боласини боқамиз. Уйга келса, рўзғорнинг ярмини кўтариб кетади. На сўрашни билади, на уялишни. Мана, ўтган ҳафта ҳам меҳмонга келиб, уч кун қолиб кетди. Кетганидан сўнг музлаткични очиб қарасам, шип-шийдон. Алам устида қайнонамга «Ўтган кунгина бозорлик қилгандик, ҳеч нарса қолмапти-ку», дея айтсам, «Муборак ҳам ижара уйда қийналиб қолди, болаларим яхши есин, дейди-да у ҳам. Куёвнинг ишлари юришиб кетса, яхши бўлиб кетар», деб қизини оқлаб қўя қолди. Бу кетишда уйимизда барака қолмайди-ку! Нима, эр-хотин иккимизнинг орзу-ҳавасимиз йўқми? Умуман қайнсинглим қачонгача бизга боқиманда бўлади? Бу одатига нуқта қўймасам, бир умр оғирлигини акасига ташлаб яшамайдими?

Хумора, 32 ёш

Мулоҳаза: — Хумора, тўғри, қиз боланинг келин бўлгач ҳам, ота уйига моддий жиҳатдан боғлиқ бўлиши яхшимас. Аммо ҳаёт баъзида шуни талаб этади. Қайнсинглингизга ҳам келинойисининг кўзига балодек кўриниш ёқмаса керак? У ҳам тўлиб-тошиб ота-онасидан хабар олиб кетишни истар. Бироқ қўли қисқалиги учун аксини қилар. Куёвларингизнинг иши юришмаётган бўлса, бунинг устига, икки ёш бола билан ижара уйда қийналиб қолгандир. Сиз ўзингизга қараб хулоса қилманг, турмуш ўртоғингиз яхши топаркан, қайнота-қайнонангиз рўзғорнинг бир учини кўтаришаркан, бошингизда бошпанангиз бор. Қайнсинглингизнинг вазияти эса аксинча. Бағрикенг бўлинг. Икки ёш боласи билан уйингизда уч кун меҳмон бўлишса, камбағал бўлиб қолмайсиз. Сиздан сўраб нарса олмаса, демак, уялар, уялганини сизга кўрсатишни истамас. «Уним йўқ, буним йўқ», деб сизга айтса, кўнгли бешбаттар эзилар, ёхуд эридан нолиб, сизларга оиласини ёмон кўрсатишни хоҳламас. Хуллас, қўли очиқ бўлинг, қайнонангиз, эрингизнинг юзига қайнсинглингизнинг ҳаракатларини солманг, ўзингизга ёмон қиласиз. Ёлғизгина қизи, ёлғизгина синглисига уларнинг меҳрибонлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Яхшиси, куёвга яхши иш топишга ёрдам беринг. Яъни эрингиз орқали таъсир ўтказинг. Қайнсинглингизнинг ҳам ишлаш имкони бўлса, унга ҳам опаларча йўл-йўриқ кўрсатинг. Ишонинг, улар сиздан, албатта, миннатдор бўлади. Одамлар бегонани қўллаб, бегоналардан ёрдамини аямаётган бир пайтда, эрингизнинг жигарига нисбатан бундай муносабат билидиришингиз тўғримас. Сиз уни ночор пайтда қўлланг, ризқингиз, оиладаги келинлик мавқейингиз янада баланд бўлади.

«Уйга қайтганимда, қўлимга қараб ўтиришади...»

— Турмушга чиққанимга, мана, беш йил бўлаяпти. Ҳамон янги келинлардек ота уйга борганимда тўлиб-тошиб қайтишим шарт. Бўлмаса, қайнонамнинг қовоғидан бир ҳафта қор ёғади. Мендан катта икки овсиним ўзига тўқ оиланинг қизлари бўлгани учунми, қайнонам қуда томондан келадиган тоғораларга ўч бўлиб қолган. Тўғриси, ота уйимнинг моддий аҳволи унчалик ҳам зўр эмас. Икки акам бола-чақаси билан бир ҳовлида сиқилиб яшаяпти. Ҳозир топган-тутганларини ўртага ташлаб, уй олиш ташвишида. Шу сабаб катта акам, икки йилдирки, хорижда. Ҳар борганимда ота-онамнинг бошига солиқ солишим келинойиларимга ёқмаслиги турган гап. Аммо нима қилай, мен ҳам уйимнинг тинчини ўйлайман...

Шоҳиста, 26 ёш

Мулоҳаза: — Шоҳиста, уйнинг тинчини ўйлаган аёл, аввало, бошқанинг оиласининг тинчига соя солмайди. Ўзингиз ҳаммасини тан олиб, тушуниб турибсиз, лекин оч қорним, тинч қулоғим қабилида иш тутиб келаяпсиз. Онгингизга «Уйга қайтганимда қўлим тўлиб қайтмасам, қайнонам уришади, кейин оилам дарз кетади. Ота-онам, акаларим эса мени тинч яшашим учун таъминлаб туришлари шарт», деган тушунча ўрнашиб қолган. Сизга шу тушунча билан яшаш ва ҳаракатланиш қулай. Чунки ортиқча ташвишлар, ортиқча уринишлардан ҳолисиз. Қайнонангизга ёқиш учун ҳаракат қилмайсиз, у кишининг оғзини тоғора билан ёпсангиз бас. Акаларингизнинг қийналганини билсангиз ҳам, ота-онангизга солиқ солишдан тўхтамайсиз. Ахир бошқа иложингиз йўқ-да. Йўқ. Аслида бор. Икки овсинингиздан кам бўлмасликни ўйлаб, тоғорани тўлдириб келишни тўхтатинг. Аста-аста. Бир борганингизда овқат эмас, оддий ширинлик кўтариб келишдан бошланг. Қайнонангизни секин-секин ўргатинг. Агар ҳақиқатда кўзи оч аёлга келин бўлган бўлсангиз, ота-онангиз, акаларингизнинг ҳисобидан эмас, эрингиз ёки ўзингизнинг ҳисобингиздан амалга оширинг бу «порахўрлик»ни. Фақат меъёри билан! Умуман, сиз келин сифатида ўзингизни бошқа томонлама, меҳнатингиз, ширинсўзлигингиз, уддабуронлигингиз билан юзага чиқара олсангиз, «тоғора ўйинлари»га барҳам беришингиз мумкин.

«Қизимни кўзим қиймайди...»

— Аслида ҳамма гап ўзимда. Қизимни эрка, тантиқ қилиб тарбиялаганман. Узатганимдан кейин тарбияда тузатиб бўлмас хатоларга йўл қўйганимни билиб, тилимни тишлаб ўтирибман. Уйга келса, жоним безиллаб турадиган бўлган. Кўзига нима чиройли кўринса, қўлига нима илинса, кўтариб кетади. Бермасам, хафа бўлади. Кичик ўғилимни уйлантирсам, деб олиб қўйган сарполаримнинг бошига етиб бўлди. Мана, кейинги ҳафта қайнопаси қизини узатаяпти. Келин янга бўлаяпман деб, нафақа пулимни охирги тийинигача олиб кетди. Келиним буни билгач, жанжал кўтарди. «Менга нуқул, келин, сиз тўхтаб туринг, тўй қилиб олайлик, деб айтасиз, на бирор жойим оғриса, даволанишга пул берасиз, на уст-бош олишимга рухсат. Бунақа бўладиган бўлса, эримнинг ойлигини ҳам, декрет пулимни ҳам биздан олманг», деди. Ўғлим ҳам хотинининг гапига кириб, «Синглим уйга тинч келиб кетса, келсин, бўлмаса, уйида ўтирсин. Мен ҳам машина олмоқчиман, бўлди, тўйга эмас, машинага пул йиғаман», деб айтди. Бу гаплардан жуда хафа бўлдим. Бир бошим билан ўстирган болаларим наҳот бир-бирига қайишмаса? Наҳот кўрпани ҳамма ўзи томонга тортса, биримиз икки бўлмаслигини тушунишмаса?

Марғуба, 49 ёш

Мулоҳаза: — Ҳа, кўрпани ҳамма ўз томонига тортса, уйингиз уй бўлмайди. Бу тортишишни аслида ўзингиз бошлаб бергансиз. Яъни болаларингизга муносабатда адолат қилолмаяпсиз. Ташингизда тан олмасангиз-да, ичингизда, мен қизимни таъминлаб ўтирибман, келиннинг ҳам ота-онаси бор, деган фикр ҳукмрон. Шунинг учун жони оғриса ҳам, «Кичик ўғлимни уйлантиришим керак, чиданг», дейсиз, бирор нимага эҳтиёж туғилса ҳам, шу гапни такрорлайсиз. Сизга қолса, уни ҳам ота-онаси таъминласа. Аслида-ку қизингизнинг бу қилиғидан ўзингиз ҳам куйиб ўтирибсиз. Яхшимас, хунук одатлигини тан олаяпсиз. Нега уни тўхтатмайсиз? Хафа бўлади, дебми? Чегарани чиройли қилиб чизиб кўрсатиб беринг. Бир кун хафа бўлар, икки кун хафа бўлар, учинчи кун, онасисиз-ку, тушунади. Оилангиздаги тинчликни, моддий мувозанатни сақлаш учун эркатойингизнинг истакларини чегараламасангиз бўлмайди. Бунинг устига, қизингиз эрининг уйига нарса ташиб обрў топмайди. Унинг ҳам хонадонининг тинчи бузилиши мумкин. Ҳамма қайноналар ҳам таъмагир эмас. Ҳамма куёвларга ҳам хотинининг ҳамон акаларига бўйинтуруқ эканлиги ёқмайди. Бу эркакнинг ғурурига тегади.

Ўғлингизнинг гапларига келсак, у ҳам жаҳл устида гапирган. Буни хотинининг измига юришга ўйиб, ҳосил бўлаётган жарликни катталаштирманг. Буни оилавий бюджетни қайта режалаштиришим ва ўғилларим билан бамаслаҳат сарфлаш пайти келибди, деб тушунинг. Умуман ўғилларингизга моддий томонлама эркинлик берадиган пайт етди. Шу билан масъулиятни уларнинг бўйнига юклашингингизга имкон туғилади.

МУХЛИСА

Шарҳлар

Самарқандда тўйда йўқолиб қолган 4 ёшли боланинг жасади қудуқдан топилди (видео)

01.10.2022, 14:39

Самарқанддаги тўйхонада яқинларининг қаровсизилиги сабаб йўқолган болакай, базмгоҳ атрофидаги 8 метрлик қудуққа тушиб кетганлиги аниқланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.Маълум қилинишича,...
Тўй фожиага айланди: маросимга кетаётган куёв дарёга чўкиб кетди

20.07.2022, 09:30

Покистонда тўйда иштирок этиш учун келаётган меҳмонлар бўлган қайиқ чўкиб кетди, дея хориж ОАВга асосланиб ёзмоқда "Zamon.uz"Маълум қилинишича, камида 20 киши ҳалок бўлган. Улар аёллар...
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда тўйларни 100 кишилик қилиб ўтказишга рухсат берилди

20.09.2021, 10:56

Аввал хабар берганимиздек, Республика махсус комиссиясининг йиғилишида Ўзбекистонда карантин талабларини қисқартириш орқали аҳолига маданий ва маънавий ҳордиқ чиқариш ҳамда дам олишларини мазмунли ўтказиш учун қулай...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1