АсосийJamiyat

​“Миямга экстремистик ғояларни қуйишганини кеч тушуниб етдим...”

'​“Миямга экстремистик ғояларни қуйишганини кеч тушуниб етдим...”'ning rasmi

Сарлавҳани ўқиб ажабланяпсизми? Ҳа, бу ҳаётда ўзи ўтирган шохга болта уриб, сўқир кўзлари очилганидан кейин афсус-надоматдан бошини қайси деворларга уришни билмай қолганлар кўп. Айниқса, мен қонунда белгиланган жазомни ўн саккиз йилдан бери ўтаб келаётган мана шу муассасада шундай кимсаларни истаганча учратишингиз мумкин. Мен ана шуларнинг бириман.

Исмим Алишер, фамилиям Жуманиёзов (исм-фамилиялар ўзгартирилган – таҳр.). 1968 йилда Хива шаҳрида туғилганман. Болалагим худди афсоналардаги шаҳарларни эслатувчи Ичанқалъанинг сирли, жозибали кўчаларида, умрбоқий мақбараю мадрасалар орасида кечган.

Биласиз, Хоразм заминидан ислом оламининг кўплаб етук алломалари етишиб чиққан. Уларнинг номи билан бугун мусулмон олами ҳақли равишда фахрланади. Лекин афсуски, мен ана шу буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлолмадим. Ўзимча, динимизни пухта ўрганаман, унинг ривожи, эркинлиги, тараққиёти учун хизмат қиламан деб ўйлаб, жаҳолат ботқоғига чуқур ботганимни сезмай қолибман.

Албатта, бугун, бу ерда афсус чекиб ўтирганим учун бошқаларни айблашим тўғри эмас. Зеро, ўзимнинг ҳам кўзим, қулоғим, ақлим бор эди. Аммо, барибир, агар болаликдан тепишиб катта бўлган ўртоғим Баҳодир бўлмаганида...

Баҳодир болалигидан динга берилган, мачитдан қадами узилмайдиган бола эди. Ўшанда ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари, биз ҳам айни кучга тўлган навқирон йигитлар эдик. Тенгдош жўралар йиғилиб қолгудек бўлсак, Баҳодир ҳаммамизни ислом йўлида бирлашиб ҳаракат қилишга, унинг учун молу жонимизни ҳам аямасликка ундарди. Кўп ошналаримиз унинг бу даъватларидан хавфсираб, Баҳодирни йиғинларга чақирмайдиган, у бор давралардан узоқроқ юрадиган бўлиб қолишди. Шунда Баҳодир асосий эътиборни менга қаратди:

Жўра, бу манглайи қоралар барибир ҳеч нарсани тушунмайди. Уларга ўйин-кулги, маишат, пул, дунёвий ташвишлар бўлса бас. Охиратни умуман ўйлашмайди. Сен улардан фарқ қиласан-ку! Оқ-қорани ажрата оласан, улардан узоқроқ юр. Сен билан мен уларга қўшилсак, икки дунёмиз хароб бўлади.

Шу тариқа мен Баҳодирнинг таъсири остига тушиб қолдим. У қаерга бошлаб борса, эргашиб кетаверадиган, нима деса, мутлақ ҳақиқат ўрнида қабул қиладиган бўлиб қолдим.

Ўша йиллари Россияда Биринчи Чечен уруши тугаган бўлса-да, бу минтиқада вазият тўла изга тушмаган, турли қуролланган чечен жангарилари тоғлар орасида биқинганча пайт пойлашарди. Баҳодир менга бу урушни мутлақо бошқача бўёқларда кўрсатишга ўрганиб қолганди:

Кофирлар бизнинг биродарларимизни аёвсиз қиряпти. Бундай пайтда уларнинг ёнига бориб, мазлумларга ёрдам бермаслигимиз тўғри эмас. Эртага қиёматда шарманда бўлмаслигимиз учун ҳозироқ чечен дўстларимиз ёнига ёрдамга боришимиз керак.

Аввалига унинг таклифига унча қўшилмадим. Ахир уч болам катта бўла бошлаган, уларни боқиш, ота-онамга кўмаклашиш масъулиятини бўйнимдан соқит қилолмасдим.

Бу ёғини ўйлама, — деди Баҳодир тараддудланаётганимни сезиб. – Биз биродарларимиз сафига бориб қўшилсак, улар ҳам бизни ёлғизлатиб қўйишмайди. Қўлларидан келгунича моддий ёрдам кўрсатишади. Уйингга ҳам яхшигина пул жўнатиб турасан.

Ўйланиб қолдим. Ўзи ўша пайтларда иқтисодий жиҳатдан анча қийналиб юрардим. Демак, ҳам биродарларимизга ёрдам бериб, катта савоб олсам, ҳам яхшигина пул тўлашса, бунинг нимаси ёмон? Ошнамнинг айтишича, бордию, Чеченистонда ислом давлатини тиклай олсак, бизга жуда катта лавозимлар бериларкан. Ажабмас, у ерда амир ёки қозикалон мансабига лойиқ кўрилсам...

Ана шундай хомхаёллар билан 1998 йилнинг бошларида Чеченистонга йўл олдик. Баҳодир билан чечен жангарилари сафида анчагина ҳарбий тайёргарликдан ўтдик. Ўша ерда биринчи бор қўлимга қурол олдим. Уларни қандай ишлатишни, жанг пайтида қандай ҳаракатланиш, қандай қилиб қўлбола қуроллар тайёрлашни обдон ўргатишарди.

Бир пайтлар умримда чумчуқ сўйиб кўрмаган бўлсам-да, у ерда турли жанг манзаралари, шафқатсиз қатл лавҳаларини кўравериб кўзим пишиб кетди. Бир икки марта синов тариқасида рус армияси билан бўлган ҳарбий тўқнашувларда ҳам қатнашдим. Одам шу тариқа ўлимдан қўрқмай қўяркан. Очиғи, бизга ўлимдан қўрқмасликни ўргатишар, ўлимдан сўнг тўғридан-тўғри жаннатга тушишимизни уқтиришарди.

Ҳолбуки, бегуноҳ инсонларни ўлдириб, давлатга, халққа қарши бош кўтариш, минглаб инсонларнинг тинчлиги ва осойишталигини бузиш, ким-кимларнинг қутқуси билан бошланган урушда бемақсад ўлиб кетиш билан Яратганнинг розилигига, жаннатга эришиб бўлмасликни у пайтлар англаб етмагандим.

Маълум бўлишича, чечен жангарилари бир пайтлар Ўзбекистонда ташкил этилиб, кейин юртимиздан чиқиб кетган, бироқ бир неча бор мамлакатимизнинг турли ҳудудларида терактлар уюштириб, ўнлаб бегуноҳ юртдошларимиз жонига зомин бўлган “Ўзбекистон ислом ҳаракати” номини олган террористик ташкилот билан яқин алоқада экан. 1998 йилнинг куз ойларида ана шу ташкилотнинг вакиллари Чеченистонга келиб, анчайин чиниқиб қолган биз сингари “мужоҳид”ларни ўзлари билан Тожикистонга олиб кетишди. Худди шу ерда меннг “раҳнамо”йим Баҳодир билан йўлларимиз айрилди. Унинг кейинги тақдири нима кечганидан хабарим бўлмади.

“Ўзбекистон ислом ҳаракати” бир пайтлар қўшни Тожикистонда юз мингдан ортиқ инсоннинг ўлимига сабабчи бўлгар фуқаролар урушида Бирлашган тожик мухолифати билан елкама-елка жанг қилган, ҳозирда ҳам бу гуруҳнинг катта қисми ушбу мамлакатнинг Тожикобод тумани ҳудудида жойлашган экан. Бу ерда ташкилотнинг “сардорлари” биз сингари “аскарлар”га Ўзбекистондаги конституцион тузумни ағдариб, унинг ўрнига шариатга асосланган давлат барпо этиш лозимлигини, бунинг учун ҳеч қандай қийинчиликлардан қочмаслик, керак бўлса, жонимизни беришимиз кераклигини қайта-қайта уқтиришарди.

Чиндан ҳам биз жуда оғир шароитларда яшардик: оддий нон, чой, атала, мева қоқиси сингари ғарибона емакларга қаноат қилар, гоҳида шулар ҳам топилмасди. Аммо, “сардорларимиз” хориждаги “ҳомийлари” ҳисобидан шоҳона ҳаёт кечиришлари, кўнгиллари тусагандек айш-ишрат қилишлари, ўзларига тобе одамлар устидан истаганларича ҳукм чиқаришларини кўрсак ҳам, “улар бизга раҳбар, нима қилишса ўзлари билишади” деб юраверардик. Сўзларига қулоқ осмаган, ташкилотни тарк этмоқчи бўлганларни шафқатсизларча жазолашар, ҳатто ўйлаб ҳам ўтирмасдан отиб ташлашар ёки бошларини танидан жудо қилишарди.

Бора-бора мен ҳам уларнинг йўриғига юриб, хато қилмаяпманми, деб ўйлаб қоладиган бўлдим. Ахир уйдан чиқиб кетганимга бир йилдан ошиб қолди. Шу пайт ичида ота-онам, хотиним, болаларимнинг ҳоли нима кечганидан хабарсиз эдим. Баҳодир айтганидай, “бизга кўрсатиладиган моддий ёрдам” ҳам ўзимиздан ортмайди. Мен ҳам бир амаллаб шу лагердан қочиб кетишни ўйлардиму, аммо қўлга тушиб қолсам, ҳолим нима кечишини билиб, бу фикримдан воз кечардим.

1999 йилнинг май ойлари эди. Раҳбарлардан бири муҳим бир топшириқ билан мени Душанбе шаҳрига жўнатди. Мен кодланган бир хабарни ташкилотнинг пойтахтдаги масъулларидан бирига етказишим лозим эди. Аммо, манзилга етиб бориш пешонамда ёзилмаган экан. Душанбенинг марказий кўчаларидан бирида, мени кутиб олган “биродаримиз”нинг машинасида кетиб бораётганимда, уч нафар милиция ходими бизни тўхтатишди. Ҳатто кимлигимизни сўраб ҳам ўтирмай, қўлларимизни орқамизга қайириб, ўз хизмат машиналарига босишди.

Шунда анчадан бери изимизга тушишганини англадим. Яширишнинг ҳожати қолмаганди. Ҳамма қилган айбимни тан олдим. Бир ойча мени тожикистонлик ҳуқуқ-тартибот органларида сўроқ қилишгач, Ўзбекистон ички ишлар идоралари ходимларига топширишди.

Хуллас, мен ўз ватанимга юрт хоини, халқ осойишталиги душмани тамғаси билан кириб келдим. Ўша йилнинг август ойида Сирдарё вилояти Ховос тумани суди қилмишларим билан атрофлича танишиб чиқиб, мени жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан айбдор деб топди. Шундан қилиб, йигирма йил муддатга озодликдан маҳрум этилдим.

Ҳозиргача орадан салкам ўн саккиз йил ўтди. Ҳануз қилмишимга яраша берилган жазони ўтаб келмоқдаман. Мен қанчалик ғафлатга ботганимни, дин, иймон, ибодат дея миямга турли экстремистик ғояларни обдон қуйишганини ҳам шу ерда тушуниб етдим.

Динимизнинг асл мазмун-моҳияти, соф исломий тушунчаларни мен... айнан шу ерда, қамоқда, панжара ортида ўргандим, десам ишонаверинг. Бу ерда муассаса ходимлари диний уламолар иштирокида турли учрашув, тадбирлар ўтказиб теришади. Диний адабиётлар ҳам етарли. Ибодатларни адо этиш учун ҳам шароитлар бор.

Бу ерда шуни чуқур англаб етдимки, ўзини динга содиқ, тақводор, имонли кўрсатган ҳар қандай инсоннинг гапига лаққа тушавермаслик керак экан. Асл ислом таълимотида инсон боласи қурол ёки қўл билан эмас, ҳатто тил билан, оғирроқ сўз билан билан озор етказиш ҳам гуноҳ саналади. Ватанни севиш, унинг озодлиги, тинчлиги, эркинлигига ҳисса қўшиш ҳар бир мўъминнинг муқаддас бурчи экан. Одамлар орасида турли фитна-фасод тарқатиш, уларни таҳлика ва тафриқага солиш, низо ва нифоқ тарқатиш энг оғир гуноҳлардан экан. Менга буларни ўргатишмаган, фақат қурол ишлатиш, қон тўкиш, қандай йўл билан бўлмасин, давлатни эгаллаш, талаш, портлатиш ҳақидагина сабоқ беришганди. Мен билиб-билмай, ана шу мутаассибларнинг найрангларига чув тушиб, ўз халқимга қарши бош кўтардим, ўзим ўтирган шохга болта уриб, энг аввало ўз ҳаётимни, келажагимни барбод қилдим.

Ана шу фитначи, золим, хунрезлар сафига қўшилиб, оғир гуноҳ, кечирилмас жиноят содир этдим ва бунинг учун ҳақли жазога тортилдим. Қилмшларимдан мингдан-минг пушаймонман. Озодликка чиқсам, бутун умримни ҳалол меҳнатга, болаларимнинг таълим-тарбиясига бахшида этаман. Қилган хатоларимни ўз меҳнатларим билан ювишга тайёрман. Фақат, она халқим, Президентимиздан яна бир карра имкон сўрамоқчиман. Илтимос, мени кечиринг, мен мутлақо бошқача одам бўлиб, юртимга хизмат қилишмга имкон беринг. Тавба қилдим...

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар