1

​Эгасига етиб бормаган “махсус юк”

ЖИНОЯТ 13.02.2017, 16:48
Теглар: Жиноят
​Эгасига етиб бормаган “махсус юк”

Бу ишдаги жинойи шерикларнинг бири 20 йилга, иккинчиси 18 йилга қамалди. Тафсилотлар қуйидагича...

Фазлиддин (исм-шарифлар ўзгартирилган) кира қилиб бир-икки сўм пул топиш илинжида “Жигули” автомашинасига ўтирганча, Ховос қўрғонидаги автошоҳбекатга йўл олди. Ёз куни, ҳаво иссиқ бўлганидан бекатда одам кам эди. Иссиқдан ва бекорчиликдан уйқусираб ўтирганда, Тожикистон Республикаси, Зафаробод шаҳрида яшовчи, эски танишлари Бахтиёр ва Алижонга кўзи тушди. Улар ҳам Фазлиддинни таниб, унинг ёнига келишди.

– Ассалому алайкум, Фазлиддин жўра! Аҳволлар қандай? Иш бўляптими? – деб у билан ҳол-аҳвол сўрашди Бахтиёр.

Алижон ҳам саломлашиш учун қўл чўзди.

– Ҳорманглар! Ўзларинг тинчми? Аҳволим яхшику-я, аммо ишнинг тайини йўқ, иш бўлмагандан кейин пул ҳам бўлмайди... – деди бечораҳол қиёфага кириб Фазлиддин.

КУТИЛМАГАН ТАКЛИФ

– Агар истасангиз, иш бор. Бир-икки сўмлик бўлиб қолишингиз мумкин... – деди илмоқли қилиб Алижон.

Пулнинг дарагини эшитиб, Фазлиддиннинг уйқуси қочиб, кўзи мошдек очилди. Атрофга аланглаб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилган Бахтиёр эса дарров мақсадга кўчиб қўя қолди.

– Бир-икки кунда Тожикистондан анчагина миқдорда гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтамиз, уни Чиноз туманида яшовчи Суюндиқ исмли одамга етказсангиз, рози қиламиз.

– Мен у одамни қандай танийман? Юкни қаерга олиб бориш керак? – деб сўради Фазлиддин.

– Истасангиз, ҳозир бирга Чинозга бориб келамиз. Мен сизни юкни қабул қилиб оладиган ўша Суюндиқ билан таништираман. Яхшигина йўл кира ҳам бераман, – деб таклиф қилди Бахтиёр.

– Қани, кетдик бўлмаса, – деди ови бароридан келган Фазлиддин.

ҚИСҚА ТАНИШУВ ВА БИРИНЧИ УРИНИШ

Йигитлар машинага ўтирганча, Тошкент вилоятининг Чиноз туманига йўл олишди. Уларни “Балиқ бозори”нинг ёнида Суюндиқ исмли, қозоқ йигит “Нексия” автомашинасида кутиб олди. Бахтиёр Фазлиддин ва Суюндиқни бир-бирига таништириб, икки-уч кун ичида гиёҳвандлик воситаси етиб келишини, уни Фазлиддин олиб келиб топширишини айтди. Қисқа танишувдан кейин улар яна орқага, Ховосга қайтишди. Бахтиёр билан Алижон автошоҳбекатда тушиб қолди. Фазлиддин эса келадиган юкни Чинозга етказиш учун автомашина топиш кераклигини ўйлади ва юк машинаси бўлган синфдоши Адҳамникига йўл олди. У Адҳамга яқин кунларда юк келишини, уни Чинозга етказиш лозимлигини айтди. Адҳам бу юкларнинг аслида нима эканлигини билгач, яхшигина пул эвазига манзилга етказишга ваъда берди.

ЎХШАМАГАН КЕЛИШУВ

Орадан икки кун ўтгач, Бахтиёр ва Алижонлар Тожикистондан “Урал” русумли мотоциклга 3 қопни жойлаганча етиб келишди. Улар ҳар бир қоп ичида 72 донадан қилиб, алоҳида қадоқланган ва устки қисми сариқ рангли скотч билан ўралган “опий” гиёҳвандлик воситасини у яшайдиган маҳаллага олиб келишганини маълум қилишди. Фазлиддин уларга бироз кутиб туришни айтиб, ўзи дўсти Адҳамникига йўл олди.

– Адҳам, ўтган куни айтгандим-ку, ўша юк келди. Машинангни ҳайда, уни ортишимиз керак, – деди Фазлиддин.

– Сенга ёлғончи бўлдим, дўстим. Келиб-келиб машинамнинг бугун бузилганини қара, – деди хижолат бўлганча Адҳам. – Ҳозир мен бошқа машина қидириб кўраман. Юкни бошқа машинага ортамиз, хавотир олма.

Адҳамнинг бу гапидан Фазлиддиннинг кўнгли бироз жойига тушди. Фазлиддин Адҳам машина топиб келгунча, Бахтиёр ва Алижоннинг олдига жўнади. Улар мотоциклдаги юк билан “Янгиер-Даштобод” йўлининг ўнг томонидаги юлғунлар ўсиб ётган жойда машинани кутадиган бўлишди.

“МЕДИКАМЕНТЛАР” НИҚОБИДАГИ ЎЛЖА

Адҳам юк ташиш билан шуғулланувчи таниши Бобурникига бориб, бир жойда юк борлигини, уни Чинозга олиб бориш кераклигини айтди. Бобур юкнинг нималигига қизиққанда, “медикаментлар”, деб қўя қолди. Бобур кеч бўлганда, қаергадир бориб юк ортишни истамади, “уни уйимга олиб келиб, ортамиз”, деди. Адҳам унинг шартига кўнишга мажбур бўлди. Улар юкни Бобурнинг уйига олиб келишди. Иккита синтетик қопдаги юк юкхона тагидаги махсус хуфёна темир қутига, биттасини эса ҳайдовчи ўриндиғи тагидаги махсус сандиққа жойлаштирилди. Фазлиддин Бобурга юкни эртаси куни тонгда, Чинозда Адҳам билан бирга кутиб олишини, йўлда ҳеч ким тўхтатмаслигини, агар бирор фавқулодда вазият юзага келадиган бўлса, ўзи жавоб беришини айтиб, газ қуйиш учун 20.000 сўм узатди. Қолган пулни юкни етказгандан кейин беришга ваъда қилди.

Тонг отгач, Фазлиддин Адҳам билан бирга юкни кутиб олиш учун Чинозга жўнади. Аммо Гулистон шаҳридан ўтгандан кейин йўлда “Жигули”си бузилиб қолди. Улар автомашинани ўша ерда қолдириб, йўловчи машинада шошилганча, Чинозга жўнашди. Чинозда уларни бетоқатлик билан Суюндиқ кутиб турарди. Улар юк бошқа машинада келаётганлигини Суюндиққа етказиб, уни хотиржам қилишди.

МАНЗИЛГА ЕТМАГАН “МАХСУС ЮК”

Эрта тонгдан “махсус юк”ни ортиб йўлга чиққан Бобурни Сирдарё туманидаги “Янгиобод” ЙПҲ масканида милиция ходимлари тўхтатди. У “Қаерга кетаяпсиз?” деган саволга “Чиноздан шағал ортиб келишим керак”, деб жавоб берди. Бобурнинг ўзини бежо тутиши ходимларни шубҳага солди. Улар машинани чеккага олиб чиқиб, ит билан текширганларида автомашина кузови ва ҳайдовчилик ўриндиғи тагидан 72 дона скотч билан ўралган гиёҳвандлик воситалари топилди ва холислар иштирокида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Кейинчалик бу воситалар “опий” гуруҳига мансуб бўлган гиёҳванд алколоидлар – морфин, кодеин, тебаин моддалари эканлиги аниқланди, уларнинг соф оғирлиги эса 139.423 грамм эканлиги маълум бўлди.

ТОҚАТНИ ТОҚ ҚИЛГАН КУТИШ

Чинозда юкни кутиб тоқати-тоқ бўлган Фазлиддин билан Адҳам орқага қайтишди. Йўл-йўлакай улар Бобурнинг машинасини қидирганча, Гулистон шаҳрига етиб келишди. Фазлиддин рафиқасига қўнғироқ қилганида, уйга уни милиция ходимлари излаб келганини эшитиб, нима воқеа юз берганини англади. У рафиқасига машинаси турган жой манзилини бериб, “Дадамга айт, келиб олиб кетсин” деди ва зудлик билан Адҳамни олиб, Тошкент шаҳрига қайтди. Бу ерда улар танишининг уйида уч кун туришди ва Ховосга қайтиб, чегарадан яширинча Тожикистон Республикасига ўтиб кетишга қарор қилишди. Улар кечки пайт Ховос туманига келиб, айланма йўллар орқали Тожикистон Республикасига ўтиб кетишди.

БИР ЖИНОЯТ ОРТИДАН ИККИНЧИСИ ВА ЖАЗО

Бир жиноятнинг устига иккинчи жиноят амалга оширилди. Уларга нисбатан қидирув эълон қилинди. Орадан 5 йил вақт ўтди. Ўзга юртда дарбадарлик жонга теккач, яна ўша эски усул билан Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлишганда улар чегарада қўлга олинди.

Фазлиддин ва Адҳам ҳам уларга нисбатан ҳукм ўқилаётганда, бу жиноятга оилавий шароити оғирлиги, пули йўқлиги учун қўл урганини эътиборга олишни суддан илтимос қилди. Аммо ўзлари сотишни режалаштирган оғу қанчадан-қанча оилаларнинг бошига фалокат олиб келишини, қанчадан-қанча одамларнинг умрига завол бўлишини ўйлаб кўришмади.

Суд Фазлиддинни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273 ва 223-моддаларига асосан 20 йилга, Адҳамни ҳам худди шу моддалар билан 18 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Лола ШОИМОВА, журналист

Шарҳлар

Жиззахда 39 ёшли эркак хотинини уриб ўлдирди (видео)

07.09.2022, 12:07

Жиззахда аёл ўз эри томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда. Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор тумани Янгиҳаёт...
Наманганда 21 ёшли йигитни қотилига айланган блогерга нисбатан қамоқ жазоси тайинланди

10.01.2022, 21:58

Наманганда 150 минг сўм эвазига Instagram саҳифасидаги обуначиларини кўпайтириш ортидан икки блогер ўртасида келиб чиққан келишмовчилик қотиллик билан тугади.Қайд этилишича, ҳодиса Чуст туманида ўтган йилнинг...
Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди

10.08.2021, 17:29

Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ хабар берди.Маълум бўлишича, Термиз тумани “Ш.Рашидов” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Илҳом 2021 йил 29 июнь куни...
Йилнинг 6 ойида ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 132 та жиноят тўғри келган

10.08.2021, 16:44

2021 йил 6 ойида ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 132 та жиноят тўғри келган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилаётган  матбуот анжуманидан махсус мухбиримиз Абдукарим Зарипов...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1