1 мартдан чакана савдо ва пулли хизматларни кўрсатиш соҳасида аҳолидан пластик карталар орқали тўловларни қабул қилиш учун ҳисоб терминаллари билан таъминланмаган тадбиркорлик субъектлари, жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга фаолият олиб бориш тақиқланди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15 февралдаги пул билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштириш ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш тўғрисидаги қарорида бу ҳақда сўз боради, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.
Давлат солиқ қўмитасига тижорий банклар, Банклар ассоциацияси ва Ягона умумреспублика процессинг маркази билан ҳамкорликда 10 кун ичида чакана савдо ва пулли хизмат кўрсатиш объектларини терминаллар мавжудлиги бўйича инвентаризациядан ўтказиш вазифаси топширилди. Етишмаётган терминаллар қисқа муддатларда етказиб берилиши, рўйхатдан ўтказилиши ва узлуксиз электр билан таъминлаш учун техник воситалар билан таъминланиши зарур.
Фармонда агарда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари нақд ёки карта орқали ҳисоб-китоб қилиш шаклига қараб нархларни сунъий равишда оширса ёки туширса, бундай ҳаракат ҳисоб терминалларини жорий этиш юзасидан белгиланган тартибларнинг бузилиши сифатида баҳоланиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жаримага тортилишига сабаб бўлади.
Солиқ органлари томонидан ўтказиладиган нархларнинг сунъий кўтарилиши ёки туширилиши, назорат-касса машиналари ва ҳисоб терминалларидан фойдаланиш, талон ва чекларнинг берилиши ва нақд пул тушумини тўлиқ ҳажмда топшириш масалалари бўйича текширувлар Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг махсус рухсатини талаб қилувчи солиқ текшируви ҳисобланмайди.
Фармонда Марказий банкка терминалларни ижарага бериш ва улардан тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилиши механизмларини қайта кўриб чиқиш ва янада қулай шароитларни яратиш вазифаси топширилди.
Тадбиркорлик субъектлари истеъмол эҳтиёжлари ва ишлаб чиқариш фаолиятини рағбатлантириш ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини ривожлантириш мақсадида МБга халқаро амалиётдан фойдаланган ҳолда аҳолини пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда қисқа муддатли кредитлашнинг замонавий механизмларини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди.
Банкларга жорий ва келгуси йил истисно қилинган ҳолатда тўлов терминаллари, инфокиосклар, банкоматлар ва бошқа ускуналар импортига тендер-танлов савдоларини ўтказмасдан шартномаларни тузишга ижозат берилди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига «Ўзбекэнерго» компанияси билан биргаликда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини сифатли ва узлуксиз алоқа билан таъминлаш, бунда Ўзбекистоннинг тоғли ва узоқ ҳудудларига алоҳида эътибор қаратиш вазифаси топширилди.
Президент Девонининг Мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати банкларда ҳисоб рақамлардан нақд пулларни бериш ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ қонунбузарликларга оид шикоятлар устидан назоратни кучайтиради. Уларни бартараф этиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича чора-тадбирлар уч кунлик муддатда амалга оширилиши лозим.