“Даракчи” газетасининг “10 қалтис савол” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони ўз мухлисларига эга хонанда Баҳром НАЗАРОВ...
Санъатда “ўта камтар хонанда”, дея ном қозонгансиз. Бунга тарбия сабабми ё бу “олам”га кеч кириб келганингиз учун ҳали ҳам ўзингизни сувдаги балиқдек ҳис қилмаяпсизми?
— Оқ-қорани ажрата оладиган вақтимда омад берганига шукр қиламан. Аксинча ёшлигимда санъатга кириб келганимда балки кибрга берилиб, “юлдузлик касали”га чалинган бўлармидим?! Стадионда концерт берганимда ҳам, қарсаклар, мухлисларнинг менга талпинаётганини кўрганимда ҳам, ҳаволанмайман. Чунки устозим Озодбек Назарбеков, дўстим Алишер Файз бу йўлдан қандай ўтишганини кўрганман. Машҳурлик ўткинчи эканлигини, эртага ўрнимни бўшатиб қўйишим кераклигини биламан. Кибр-манманлик санъаткордан бегона бўлиши шарт, чунки хонанда халқ хизматчиси.
Танлаган касб сирларини мукаммал эгаллаб, ижод қилиш учун ўша соҳа бўйича таҳсил олиш керак, ё мен янглишяпманми?
— Тўғрику-я, лекин санъатда кўпроқ меҳнат қилиб, изланишнинг ўзи кифоя, таҳсил олиш шартмас. Чунки манаман, деган санъаткорларимизнинг кўпчилиги ҳам мусиқа соҳасида таҳсил олмаган. Ўн бир йил аввал ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтига ўқишга қабул қилингандим. Бироқ шароитим тўғри келмагани боис ташлаб кетишга мажбур бўлганман. Насиб бўлса, шу йил яна ўқишга ҳужжат топшириб, имкониятим борида ўқиб олмоқчиман.
“Мақом жанрида куйлашни эплолмасам керак”, дегандингиз. Бу билан имкониятингизни тўғри баҳолаяпсизми ё уриниб ҳам кўрмай хулоса чиқаряпсизми?
— Ҳақсиз, уриниб кўрмай хулоса чиқаряпман. Балки йиллар ўтиб, ўз устимда ишлаб, бу йўналишга ҳам қўл урарман.
Продюсерингиз билан ҳамкорликни тўхтатганингизга сабаб, маблағни иккига бўлолмаганингизми?
— Йўқ, шартномамиз тугади, холос.
Бир кўриниб, маълум муддат камнамо бўлиб қолишингиз маблағ билан боғлиқми?
— Мухлисларни бездириб қўйишдан қўрқаман. Соғиниб, интиқ бўлиб кутишганида қўшиқ тақдим қилсам, бунинг завқи ўзгача. Орадаги танаффус эса изланиб, янгилик қилишимга имкон бўлади. Сўзим исботи сифатида шу кунларда “Наҳотки” қўшиғимни клипи билан тақдим этиш арафасида эканимни айта оламан.
“Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, дейишади. Лекин сизнинг устозингиз Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков. Шунга қарамай, репертуарингизда ўғирланган, қайта куйланган қўшиқлар етарлича...
— Ижодкорнинг ички “мен”и бўлади. Борди-ю, маслаҳат солганимда 60 фоиз одам фикримга қўшилмаса-да, билганимдан қолмайман. Янгилик осмондан тушмайди, ҳамма нарса бир-бирига қиёс, нимадандир илҳомланиб яратилади. Кўпгина хонандалар репертуарида плагиат қўшиқлар бор. Лекин негадир менга келганда танқид кучайиб кетди. “Пари-пари”га келсак, муаллифидан рухсат олиб куйлаганман. Қолаверса, давраларда куйласам, “бошқа қўшиғингни куйла, бу ўғирланган”, демай жон қулоғи билан тинглаб, рақс тушишади. Тўғри, бу борада Озод ака “Муаллифлик қўшиқлар куйлагин”, деб танбеҳ берганлар. Ўшандан кейин плагиатга қўл урмадим. Лекин бу ижод, юрагим “жиз” этса, куйлайвераман. Масалан, “Яна кулсанг” қўшиғимни туркман, қозоқлар куйлади. Устозимиз Муҳриддин Холиқовнинг “Кечикиш” қўшиғини эса “Ўхшайди-ку” телелойиҳаси учун куйлагандим. Шу кўрсатувдан сўнг қўшиқ оммалашгани боис имкониятни қўлдан бой бермаслик учун клип олиб, мухлисларга тақдим қилганмиз.
Хонанда Жасур Мавлоновнинг “Етимлар” қўшиғини қайта куйладингиз, клип ҳам суратга олдингиз. Қайта куйланган қўшиқ бўлгани учун ТВда эмас, фақат интернетда айлантирдингизми?
— Телевидениеда маҳзун қўшиқларни намойиш қилишга рухсат берилмайди. Аслида “Она”, “Етимлар”, “Қарамадинг” қўшиқларим концертнинг ўзида оммалашган. Шу боис клипини телевидениеда айлантиришга ҳожат қолмаган. “Етимлар”га клип суратга олганимга келсак, қўшиқ маъноси тушунарли бўлиши учун концертда катта мониторда намойиш қилиш мақсадида ишланганди. Доим ҳам телевидение учун ишламайман.
2015 йил ноябрда икки кунлик илк яккахон концертингизни халққа тақдим этдингиз. Катта саҳнага чиққач, англаган ҳақиқатингиз...
— Меҳнат қилиб, изланиб, чеккан машаққатинг мукофотланишига яна бир бор амин бўлдим. Катта саҳнага чиққанимда кўзим олдидан “кечган дарё”ларим кинотасмасидек ўтган...
Баъзи санъаткорлар рейтингини ўйлаб, оиласи ҳақида сўзлашни хушламайди. Айримлар шахсий ҳаётни ишдан йироқ тутади. Сиз қайси тоифага кирасиз?
— Оила — энг буюк неъмат! Тирноққа зорлар қанча, фарзандларни оммадан яширишдан нима наф? Шукр қилиш керак. Бу рейтингга заррача ҳам таъсир қилмайди. Рафиқам уй бекаси, ўғлим Озодбек беш ёшда, қизим Зеҳина эса икки ярим ёшга кирди.
Махсус савол! ДИЛСЎЗ, хонанда: — Баҳром ака, биринчи муҳаббат сизни ҳам четлаб ўтмагандир?
— Ёшлигим меҳнатда ўтгани учун муҳаббатга вақтим бўлмаган. Мактаб вақтида ҳамма қатори ўткинчи ҳислар бўлган. Талабаликда эса сиртдан ўқиб, Озод акага шогирд тушганман, ўзимдан ортмаганман. Чин муҳаббатим, албатта, рафиқам. Бир йил севишиб, синашиб оила қурганмиз. Танишувимизга устозимнинг рафиқаси сабабчи бўлган.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.