Унинг мухлислари кўп, санъатда ҳам ўз йўналишини топган. Ҳар ойда битта қўшиқ премьера қилмасада, мухлислари тилида у — Шоҳрух реппер. Ҳамма уни айнан реп йўналишида куйлагани учун танийди. Шоҳрух тез-тез интервью бермаса-да, ижтимоий сайтлардаги шахсий саҳифасида, ўзи билан боғлиқ барча маълумотларни ёзиб туришни канда қилмайди. Бугун мухлисларнинг талаб ва таклифларни инобатга олган ҳолда у билан учрашдик. Самимий суҳбат жараёнида эса узоқ кутилган яккахон концерти, оиласи ва келажакдаги режалари ҳақида билиб олдик.
Ижод
— Мухлисларингиз узоқ кутган концерт кунлари маълум бўлди. Тайёргарлик қандай кетяпти?
— Концерт репертуари анчадан буён тайёрланиб, қўшиқлар ёзилиб қўйилган. Айни кунларда сценарий билан бандман лекин у ҳақда батафсил гапира олмайман. Бироқ томошабинларнинг кўнглига маъқул келадиган қўшиқлар, дуэтлар бўлиши кутиляпти.
— Шу кунгача концертларингиз жонли ижрода ўтарди. Бу гал фонограммадан фойдаланяпсиз. Нега?
— Аслида бу йилги концертда ҳам жонли ижрода куйлайман. Баннерлардаги "Фонограммадан фойдаланилади" деган ёзувга келсак, бунинг ўзига яраша сабаби бор. Яъни қонун бўйича концерт дастуридаги мусиқаларнинг биттаси бўлса-да, компьютерда ишланса, у фонограмма ҳисобланади ва баннерда ҳам ёзилади. Лекин қўшиқларни юз фоиз жонли ижрода куйламоқчиман.
— Сиз куйлайдиган йўналиш ўзбек эстрадасида янгилик бўлди. Ўша пайтдаги мухлисларингиз бугунгача сақланиб қолганига ишонасизми?
— Ҳа, албатта! Чунки инсон ёшлигидаги нарсаларни ҳеч қачон ёддан чиқармайди. Айниқса, ёшлиги билан боғлиқ мусиқани. Шундай экан, ўйлайманки, қўшиқларимнинг ўз тингловчилари бор ва уни келажакда ҳам эшитиб юришади.
— Барибир рэп йўналиши бизда унча ривожланиб кетмади. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
— Сабаби, рэп йўналишининг ўзига яраша қийин томонлари кўп. Нокамтарлик қилмоқчи эмасману, бироқ ҳамма хонанда ҳам уни ижро этолмайди. Шундай бўлса ҳам, реп ўқиш ёшлар орасида яхши ривожланган. Буни менга бўлган мурожаатлардан биламан. Кўпчилик ўзини синаб кўраяпти.
— Бошқа йўналишда куйлашингизни тасаввур қилиш қийин. Чунки сизга репер “тамға”си қўйилган. Агар яхши таклиф тушса, бошқа йўналишларда ҳам куйлашингиз мумкинми?
— Бу мен учун ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Агар ижодкорлардан яхши таклиф тушса, ўйлаб кўришим мумкин. Исталган жанрда куйлай олишимга ишонаман.
— Мусиқий телеканалларда Шаҳзода билан куйлаган дуэтингизга кўзимиз тушди, у ерда қўшиқнинг сиз ижро этган жойи кесиб ташланган. Сабаби нимада деб ўйлайсиз?
— Шаҳзода билан бирга куйлаган “Кет” қўшиғимиз тингловчилар томонидан яхши кутиб олинди. Аммо саволингизга аниқ жавоб бера олмайман, чунки негалигини ўзим ҳам билмайман. Яхшиси, бу савол билан ўша телеканал ижодкорларига мурожаат қилиш керак.
Фарзандлар
— Келинг, энди фарзандларингиз ҳақида гаплашсак... Ўтган йили иккинчи бор ота бўлдингиз...
— Ислом ўғлим туғилганда ота бўлганимдан хурсанд бўлиб қувончдан еттинчи осонда учгандим. Лекин қиз болага ота бўлиш бошқача экан. Кўнглимдан кечган ширин туйғуларимни сўз билан изоҳлаб беролмайман. Қизим Лейла ҳақида тўлиб-тошиб гапиргим келади. У ҳар куни ўзгариб, ҳар соатда янги қилиқлари билан бизни хурсанд этаяпти.
— Ўғлингиз янги меҳмонни қандай қабул қилди? Ота-онасини "рашк" қилмадими?
— Ислом эндигина икки ёшда. Ҳали кўп нарсани тушунмайди. Шунинг учун бўлса керак, жуда "рашкчи". Агар Лейла билан кўпроқ овора бўлиб қолсак, катталарнинг эътиборини ўзига тортишга ҳаракат қилади. Лекин шундай бўлса ҳам, ака эканини сезади деб ўйлайман. Вақти-вақти билан синглисининг ёнига келиб, уни ўпиб, қучоқлаб кетади.
— Исломнинг инстаграмда ўзингиз юргизадиган шахсий профили бор. Қизингизнинг суратларини ҳам ижтимоий тармоққа қўйганмисиз?
— Йўқ. Лейла учун инстаграмда саҳифа очмайман. Сабаби, қиз бола иложи борича бегона кўзлардан узоқроқда тургани яхши.
— Ўғлингиз қўшиқларингизни тинглайдими? Клипларингизни кўрганда қандай ҳолатга тушади?
— У ҳали кичкина. Шу сабаб ундан бирор бир баҳо кутмайман. Фақат телевизорда кўрганда “дада”, деб қўяди, холос.
— У билан кўп вақт ўтказишингизни биламиз. Кўпроқ нималар билан шуғулланасизлар?
— Бўш вақтим бўлди дегунча, фарзандларим билан гаплашишга ҳаракат қиламан. Чунки иш ҳеч қачон тугамайди. Болаларимнинг болалиги эса кўз олдимдан кинотасмадек ўтиб кетишини истамайман. Улар билан бирга завқланаман, ўйинларида бирга болага айланиб ўйнайман. Қизиқишларининг ҳар бирини эътибор билан кузатаман. Келажакда ҳам уларнинг ҳар бир фикрига ҳурмат билан муносабатда бўлишни ният қилганман.
Қизиқишлар
— Шоҳрух, ҳаётингизнинг қайси даврига қайтиб қолишни истардингиз?
— Инсон ўтган кунини унутмаслиги керак. Аммо мен келажакка қараб интиладиган инсонман. Айни вақтдаги ҳолатимдан мамнун бўлганим учун ҳам ўтган кунимга қайтишни истамасдим.
— Ўзингиз томоша қилган қайси фильмни бошқаларга ҳам тавсия қиласиз?
— Машҳур актёр Уилл Смит бош ролни ижро этган "Бахт ортидан қувиб" фильмини тавсия этаман. Воқеалари ҳаётий ва томошабинларни олдинга интилишга, яхшилик умидига чорловчи картина.
— Эркак биров билан сирлашиши жуда қийин, дейишади...
— Мен ҳам ичимдагини бировга айтавермайман. Айниқса, жиддийроқ сир бўлса, уни ўзимдан бошқага ишонмайман. "Ўзингдан бошқа одам билган сир — сир эмас", деган гап тўғри.
Блиц:
— Ёшлар интернетга қарам бўлиб қолмаслиги учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
— Ҳозир технология асри бўлганлиги учун бу одатий ҳолга айланиб улгурган. Агар инсон интернетдан керакли нарсалар учун фойдаланса, унинг ёмон томонини йўқ.
— Ўзингизни бошқаларга ўрнак бўла оладиган инсон деб ўйлайсизми?
— Аслида ҳар бир инсонда ўрнак олиш мумкин бўлган жиҳатлар бўлади. Мен ўзимнинг гапирган гапимга жавоб бера олиш одатим бошқаларда ҳам бўлишини истардим.
— Болаликда қайси мультфильмдаги образ сиз учун қаҳрамон эди?
— "Қора плащ" мультфильмидаги ўрдак.
Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди