ОАВлар Барак ва Мишель Обаманинг мемуарларини чоп этиш ҳуқуқи 60 миллион долларга баҳоланганини маълум қилди, деб хабар берди “Ria.ru” нашри.
Нашрнинг маълум қилишича, Барак ва Мишель Обамалар алоҳида-алоҳида китоб ёзишга, аммо уларни бирга сотишга келишишди. Уларнинг мемуарларини чоп этишга Американинг бир нечта машҳур нашриётлари қизиқди ва АҚШнинг илгариги собиқ президетлари мемуарлари орасида рекорд даражада қиммат нархга баҳоланди. Ҳозирча Обамаларнинг мемуарларини чоп этиш ҳуқуқига Penguin Random House нашриёти эгалик қилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда, чунки мазкур нашриёт собиқ АҚШ президенти Билл Клинтоннинг мемуарларини чоп этиш ҳуқуқини 15 миллион долларга сотиб олганди. Барак Обаманинг илгари ёзган китоблари ҳам ўқувчиларга маъқул бўлган эди. У “Умид жасурлиги” номли китоби учун 8,8 миллион доллар гонорар олган бўлса, “Отамнинг орзулари” номли китоб учун 6,8 миллион доллар гонорарга эга бўлган эди.