Шимолий Ирландиянинг Белфаст шаҳрида яшовчи Жон Эдвардс гиёҳвандлик ва депрессиядан азият чекаётган одамларга ёрдам бериш мақсадида уч кун тобутда ётишга ва тириклай кўмилишига қарор қилди, деб хабар берди “Тjournal.ru” нашри.
Чоршанба, 1 март куни шаҳар черковларидан бирининг олдида чуқур қабр қазилди. Эдвардс уч кунни вентиляция, Wi-Fi ўрнатилган тобутда ўтказишга қарор қилди.
Жон Эдвардс Walking Free хайрия ташкилотининг асосчиси бўлиб, у қабрдан туриб, ичкиликка ружу қўйган, гиёҳванд одамлар билан видеотрансляция олиб бориб, уларни оғир ҳаётий вазиятдан олиб чиқиш, ёрдам беришни ният қилди.
“Мазкур қарорим кимгадир ғалати туюлиши мумкин, аммо ҳар куни менга жонига қасд қилмоқчи бўлган ўнлаб танишларим, дўстларим мурожаат қилади. Бир пайтлар ўзим ҳам гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилганман, гиёҳванд бўлганман. Мен уларнинг муддатидан илгари қабрга кирмасликларининг олдини олиш, келажакка умид уйғотиш мақсадида қабрдан туриб, улар билан мулоқот қилмоқчиман”– деди Жон Эдвардс.
Жон Эдварс ғайриоддий бу акцияси билан бутун дунё аҳли эътиборини тортишни мақсад қилди.