2017 йилнинг июль ойига қадар Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томондан нақд пул шаклида тўланадиган пенсия, ижтимоий нафақа ва бошқа компенсация тўловлари босқичма-босқич “Ўзбекистон почтаси”дан Халқ банки бўлимларига ўтказилади.
Мазкур масала Президентмизнинг 13 мартдаги “Пенсия ва нафақаларни тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ амалга оширилади, дея хабар берди Марказий банк.
Пенсионерларга қулайлик яратиш мақсадида нақд пул тўлови шаклида бериладиган пенсия маҳалла маъмурияти биносида очиладиган кассаларда тарқатилади.
Мустақил ҳаракатлана олмайдиган пенсия ва нафақа олувчи шахсларга уларнинг нақд пул шаклидаги пенсия ва нафақалари Халқ банки томондан уйларига олиб бориб берилади.
Ҳар ойнинг 27 санасига қадар Марказий банк Халқ банкининг буюртмасига асосан узлуксиз равишда пенсия ва нафақаларни тўлаш учун керакли маблағни етказиб беради.
Пенсия жамғармаси Халқ банки билан ҳамкорликда аҳолини пенсия ва анфақа билан тайинланишини назорат қилиш мақсадида онлайн тартибидаги SMS ахборот хизматини ҳам тақдим этади.