Тошкент марказий темир йўл вокзалидан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига саломатлик поезди жўнаб кетди. Ушбу акция "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам бу жараёнда фаол иштирок этмоқда. Фонднинг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни, эҳтиёжманд инсонларни тиббий-ижтимоий муҳофазалаш, саломатлик поезди жўнатиш орқали аҳолига тиббий-профилактика, замонавий диагностика ёрдами кўрсатиш лойиҳалари тобора такомиллашмоқда, деб ёзади ЎзА.
2016 йилда Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган шундай тадбирлар доирасида беш ярим мингдан ортиқ аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий-ижтимоий муассасалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли равишда инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.
Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 29 мартга қадар саломатлик кунлари ўтказилади. Пойтахтимиздан борган шифокорлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар чуқур тиббий кўрикдан ўтказилади. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш, оилаларда тиббий маданиятни ошириш мақсадида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилади. Тиббий-ижтимоий муассасаларга ёрдам кўрсатилади.






