АсосийJamiyat

​Сохта “ғамхўрлик” қурбонлари ёхуд аёллар нега террорчилар сафига тушиб қолишади?

'​Сохта “ғамхўрлик” қурбонлари ёхуд аёллар нега террорчилар сафига тушиб  қолишади?'ning rasmi

Дунёда ўз Ватанига хиёнат қилишдан оғирроқ гуноҳ, мудҳиш жиноят бўлмаса керак. Турли ҳавойи ваъдаларга илиниб, маккор экстремистик гуруҳлар тузоғига илинаётган орасида ҳамюртларимизнинг ҳам борлиги, янада ачинарлиси, уларнинг аксарияти аёллар эканини ҳар биримизни ҳушёрликка, огоҳликка даъват этади.

Олимлар қандай фикрда?

Хўш, аёл аталмиш муқаддас хилқатнинг бундай разолатга қўл уришига нималар сабаб бўлаётир? Бу борада албатта турли олим ва мутахассисларнинг фкирлари турлича. Бельгиялик социолог А.Кетле жиноятга мойиллик шахснинг ёши, жинси, унинг ривожланиши, маълумотининг даражаси, хулқи, ҳаётдаги ўрни, оила муҳити доирасидаги вазифалари каби омиллар билан боғлиқ, деган фикрни илгари суради.

Италиялик антрополог Чезаре Ломброзо аёллар жиноятчилигининг эркаклардагидан фарқи улар организмининг тузилиши, ўзига хос хусусиятлари ва биологик жиҳатдан нисбатан камроқ ривожлангани билан изоҳлайди. Яна бир итальян олими Энрико Феррининг таъкидлашича, аёллар ўз қилган хатолари учун эркакларга нисбатан камроқ пушаймон бўлишаркан.

Машҳур псиxoлoг А.Адлeрнинг “Тўлиқсизлик кoмплeкси” назариясига кўра, ҳар бир инсoн маълум бир нуқсон билан туғилади. У ўзидаги камчиликни бoшқа xусусият билан тўлдиришга ҳаракат қилади. Яъни, бунда дўстлари кам, ташқи кўриниши ёки нутқида қусури бoр аёллар ўзларидаги бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилишлари оқибатида турли гуруҳлар тузoғига тушиб қoладилар. Америкалик психолог Клара Бейлер эса кўп ҳолларда аёллар ўз жинсидан нафратланиб, аёл бўлишдан воз кечиш мақсадида ҳам жонини қурбон қилишга рози бўлади, деб таъкидлайди.

Тубанликнинг жирканч қиёфаси

Аёлларнинг турли оқимларга кириб қолишига яна бир қатор омиллар сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, бундай оқимлар эътибори энг аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга қаратилади. Улар эҳтиёжманд, ёлғиз аёллар, тушкун кайфиятга тушиб қолган қизлар оиладаги келишмовчилик, ишсизлик, кам таъминланганлик, аламзадалик, тузалмас касалликлар оқибатида ана шундай йўлларга кириб қоладилар.

Психологик мувозанати издан чиққан аёлларга турли ёрдамлар кўрсатиш, далда бериш воситасида ишончини қозонган террорчи оқим ёки бузғунчи секта вакиллари уларни ўз мақсадлари йўлида қурбон қилишлари осонроқ кечади. Бунда аёлларнинг руҳи ҳолати, жисмоний ожизлигидан фойдаланиб, уларга жисмоний зуғум ўтказилиши, калтакланиши, наркотик моддаларга қарам қилиб қўйилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

Ушбу омилларни эътиборга олган экстремистлар аёлларнинг ўзларини ўлдириш даражасигача олиб боришларида уларнинг маънавий-руҳий оламига хос хусусиятлардан усталик билан фойдаланадилар.

“Мен шаҳидликка розиман!”

Аёлларнинг табиий хусусиятларидан ташқари уларнинг айнан, бу каби ҳаракатлар қурбонига айланишига сабаблар турлича. Гоҳида диний экстремистик оқим сафига кириб қолган хотин-қизлар гуруҳдаги аъзоларга нисбатан бўлган муҳаббатни исботлаш ва улар севгисини қозониш мақсадида ҳам “шаҳид”ликка рози бўладилар.

Шунингдек, уларнинг на диний ва на дунёвий илмларни етарли даражада ўзлаштиргани, дин ниқоби остидаги экстремистик ҳаракатлар ҳақида тўлиқ тасаввур ва соф исломий муносабатни билмасликлари асосий омил сифатида кўрилади. Шунинг ўзи ҳам барчани ўйлаб иш қилиш ва ҳушёр бўлишга, атрофимиздагиларга нисбатан беэътибор бўлмасликка ундайди. Бундан ташқари, экстремистик оқим вакиллари бошқа омилларни инобатга олган ҳолда ҳам “тарғибот” ишларини олиб борадилар.

Еттита сабаб

1.Ҳар қандай диний экстремистик оқим вакиллари аёлларнинг бўйсунувчанлик жиҳатидан фойдаланиб гуруҳга жалб этишни ўз атрофидаги инсонлар – турмуш ўртоқлари, опа-сингилларидан бошлайдилар, уларга оят ва ҳадисларни нотўғри талқин этган ҳолда, эрнинг розилиги ва “шаҳид” сифатида тўғридан-тўғри жаннатга кириш учун ўзини портлатиш орқали қурбон қилиб қўпорувчилик ҳаракатини амалга ошириши лозим эканини уқтирадилар. Террорчилик ҳаракатларида иштирок этаётганларнинг кўпчилиги 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган аёллар экани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.

2., Турмуш ўртоғи ёки отаси, ака-укалари, фарзандларидан айрилган аламзада аёллар ҳам оқим вакиллари назаридан четда қолмайди. Уларга фақатгина, “амалдаги ҳокимият вакиллари биз учун душман, сен улар томонидан ўлдирилган яқин инсонинг учун қасос олишинг лозим”, деган ғоя сингдирилади холос.

3. Бирор нарсага уқуви йўқ, ўқишда ўз иқтидор ва билими билан алоҳида ажралмаган, атрофидагилар томонидан камситилган, шу сабабли ўзини доимо ёлғиз ҳис этувчи, иродасиз, ёши ўтиброқ қолган, ота-она билан чиқишолмай қолган қизлар ҳам шундай гуруҳлар домига тушиб қолади. Уларга диний экстремистик ва террористик ташкилот аъзолари гўёки яхши хаёт таклиф қилишиб, чиройли жойлар ва манзараларда расмларга тушиб жўнатишади. Аксарият ҳолларда гиёҳванд моддалар истеъмол қилдирилган ва чуқур руҳий таъсир кўрсатилган, онгига муқаддас манбалардаги ғоялар нотўғри талқинда сингдирилиб, ҳақиқий ҳаёт ўлимдан сўнг бошланиши ва жаннатга тушишига ишонтирилган, яшашдан маъно қолмаган бундай аёллар ўз раҳнамоси кўрсатмаларини сўзсиз адо этадиган “шаҳидлар”га айланадилар.

4. Тузалмайдиган дардга чалиниб, ҳаётдан бутунлай умидини узганлар, касал вақтида оиласи томонидан маънан қўллаб-қувватланмаган аёллар уларнинг сафига қўшилиб қолади. Натижада, аёллар шу йўл билан оғриқ ва аламлардан қутуламан, деган ўй-хаёлда ўзи ва бегуноҳ кишиларни ўлдириб, жиноятга қўл урадилар.

5Экстремистик гуруҳ аъзолари баъзан аёлларни алдов йўли билан ҳам ўзини қурбон қилишга мажбур қиладилар. Яъни, гуруҳ аъзоларидан бири эри вафот этган, ажрашган ёки моддий жиҳатдан қийналган аёлга уйланади, рисоладаги эр-хотин каби яшаб юради. Бир оз вақт ўтганидан сўнг гуруҳдаги аъзоларидан бири ёки бир нечтаси иштирокида аёлини “зўрлаш” саҳнасини уюштиради. Бундан “хабардор” бўлиб қолган “эр” аёлга шартлар қўйишни бошлайди, шартларига кўнмаса бу шармандали ҳолатини бутун қариндош-уруғ ва таниш-билишларига кўрсатиши билан қўрқитади. Мажбуран зўрланган ва таҳқирланган аёл эрининг шартига кўнишдан бошқа чора тополмайди.

6.Аёлларнинг илмга, хусусан, ислом динини ўрганиш ва унинг муқаддас манбаларини асл ҳолида ўқишга бўлган қизиқишлари уларнинг алданиб қолишларига замин яратади. Бундан устамонлик билан фойдаланган гуруҳ вакиллари, гўёки, соф ислом дини ақидаларидан сабоқ берувчи “устоз” сифатида яширин “ҳужраларда” араб тили ва “Қуръон”, ислом дини арконлари ва ибодатларини ўргатиш баҳонасида секин асталик билан “такфир”, “халифалик”, “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” ғоялари сингдирилган маърузалар билан таништирадилар, диний мазмундаги тақиқланган адабиётлар, видео ва аудиоматериаллар тарқатадилар. Натижада аёллар ўзлари билмаган ҳолда гуруҳ “аъзо”си ва “фаол”ига айланадилар.

7. Пул эвазига аёлларни гўёки ислом йўлида ўз ҳаётидан воз кечишга, атрофидаги яқинлари учун яхши шароит яратиб беришга, оиласи учун катта фойда келтира олишига ишонтирадилар. Ўлимидан сўнг оиласининг келажаги учун катта миқдордаги маблағ ваъда қилинади ва табиийки, бу қуруқ ваъдалигича қолиб кетаверади.

Алданган аёллар фожиаси

Шу билан бир қаторда, бой хонадонда туғилиб ўсган, саводли, оила ва жамиятда ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган аёллар ҳам бу йўлга кириб қоладилар. Масалан, террорчилик ҳаракатларни ташкил этиб, қатор ташкилот ва идораларга ҳужум уюштирган биринчи жангари аёллар ҳам ўзига тўқ зодагонлар, зиёлилар оиласида туғилиб ўсганини таъкидлаш мумкин. 2002 йилнинг 29 январида Қуддусда ўзини портлатиш оқибатида бир кишининг ўлими ва 150 га яқин кишининг оғир тан жароҳатини олишига сабабчи бўлган фаластинлик талаба қиз Шиназ Амури – Вафо Идрис шулар жумласига киради.

“АҚШнинг “Сoncordian” журналида чоп этилган маълумотга кўра, 2010 йил ушбу давлатда қўлга олинган “ал-Қоида” террорчилик ташкилоти аъзоси Самира Жасмин суриштирув ишлари давомида аёлларни ўз сафларига тортиш ва ўзини портлатиш орқали қурбон бўлишга тарғиб этишда янги бир услуб, яъни, алдаб ёки зўрлаб номусга тегиш орқали аёлни маънавий-руҳий жиҳатдан боши берк кўчага киритиш, сўнгра эса уларга бу гуноҳни ювиш йўлида “шаҳидлик”ни таклиф этиш ва ўзини портлатиш орқали қурбон қилишга тайёрлашганини маълум килган. Самира Жасмин ўзининг жиноий фаолияти давомида 28 та аёлни худди шу усул билан ўз сафларига тортганини айтиб ўтган.

Огоҳлик барчамизнинг бурчимиздир

Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирги кунда диний экстремистик оқим аъзолари интернет тармоғидан кенг фойдаланмоқда. Улар хотин-қизлар билан турли маиший мавзуларда суҳбат олиб бориб, уларнинг психологик ҳолатини ўрганади. Диний экстремистик оқим аъзолари хотин-қизлар билан яхши алоқа ўрнатганидан кейин ўзаро электрон ёзишмалар давомида турли хадис ва ривоятлар хақида гапиради. Шу орқали экстремистлар диний билимга эга эканлигини кўрсатиб, суҳбатдошини ишончини қозонишга харакат қилади. Шундан сўнг, улар мукаммал диний билимга эга бўлмаган хотин-қизларга экстремистик оқим ғояларини тарғиб қилади.

Бундан тахминан 5-10 йиллар илгари экстремистик гуруҳ ва оқимлар таъсирига тушиш кўпроқ эркакларда кузатилган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу ҳолат юртимиз аёллари орасида ҳам тарқалаётгани, бунга турли сабаб ва омилларнинг асос бўлиши ачинарли ҳолдир. Аёлларнинг пул топиш мақсадида хорижга чиқиб ишлаши радикал оқим вакиллари учун қўл келмоқда. Аёлнинг уйи ва яқинларидан анча йироқда, ўзи учун нотаниш бўлган инсонлар билан яшаши унинг улар таъсирига тушишга кенг имкон яратиб бермоқда.

Эътиборлиси, юртимиз ва хориждаги диний экстремистик оқим вакиллари ўз Ватанидан қочиб кетиб ундан воз кечган хоинлардан ташкил топади. Хусусан, “Ислом жиҳоди уюшмаси” террорчи гуруҳи ўз сафларини 1990-йилларда ота-оналари билан бирга Ўзбекистонни тарк этган жангариларнинг ўсмир фарзандларидан фойдаланишлари ҳисобига тўлдираётганини келтириш ўринли. Бундан ташқари, диний экстремистик оқимлар аъзоларини асосан турли жанжалли минтақаларда гоҳ у томон, гоҳ бу томонда курашган ёлланма инсонлар ташкил этади. Улар учун ким кўпроқ пул тўлаши, гоҳида шунчаки, “ўлдиришга қизиқиш”, “инсонлар устида ҳукмронликни ҳис этиш”, “ўзининг бошқалардан кўра устун эканини кўрсатиш” асосий ўрин тутади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, аёллар диний экстремистик оқимларнинг мавжудлиги, уларнинг мақсади разиллик ва парокандаликдан иборат эканини жуда яхши англайдилар, лекин минг афсуски, аксарият ҳолларда айнан мана шундай гуруҳларнинг бир маротабалик қуролига, сохта “ғамхўрлик” қурбонига айланиб қолганларини сезмай қоладилар. Бу эса, дин билан боғлиқ масалаларда аёлларга тўғри йўл кўрсатиш, уларни экстремистик ва террорчи оқимлар гирдобидан асраш масаласи ҳали ҳамон г энг долзарб вазифалардан бири эканини унутмасликка чорлайди.

Дилафруз Турдиева

Тошкент ислом университети ўқитувчиси

    Бошқа янгиликлар