Чехиянинг Швецария ва Лихтеншейндаги элчиси рафиқасининг твитлари туфайли лавозимидан четлаштирилди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.
Карел Борувка сабаби кўрсатилмаган ҳолда ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарномани олди. Кейинчалик маълум бўлишича, унинг лавозимидан озод этилишига рафиқаси Алёнанинг ижтимоий тармоқларда фаоллиги сабаб бўлган.
Чехия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари унга “Сиз рафиқангизни жим ўтиришга мажбур қилолмадингиз!”, деб таъна қилди. Ҳақиқатан ҳам элчининг рафиқаси ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда сиёсатчиларни, журналистларни, шу билан бирга эрининг ҳамкасбларини танқид қилиб келган. Бу нарса Прагадагиларнинг ғазабланишига сабаб бўлди. Дипломатнинг ўзи эса буни оддий ҳол деб қабул қилиб, ишдан бўшатишга арзийдиган сабаб эмас, деб ҳисоблади. У рафиқаси ташқи ишлар вазирлиги ходими эмаслигини, ижтимоий тармоқларда шахсий фикрини билдиришга ҳаққи борлигини, бунинг эвазига у лавозимидан айрилишини ноҳақлик, деб қабул қилди. Элчи апрель ойининг охирига қадар иш жойидан кетиши лозимлиги белгиланди.