Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори имзоланди. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.
Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш дастури маъқулланди.
Бош вазир А.Арипов бошчилигидаги ишчи гуруҳга Дастурда назарда тутилган тадбирларни “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида юқори савияда ўтказишни ташкил этиш топширилди.
Қарорга кўра, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзоларига моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, ташкилот ва ҳарбий қисмлар вакиллари бириктирилсин ҳамда ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш ва кўнглини кўтариш мақсадида уларнинг яшаш жойига раҳбарларнинг ташрифи ташкил этилади.
Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш давомида 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари кўрсатган матонати, мардлик ва жасорати аҳамиятини кенг аҳоли қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ этиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар ўтказилиши белгиланди.
1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бир марталик пул мукофоти тантанали равишда топширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси билан ҳамкорликда вилоят, шаҳар ва туманларда Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш топширилди.
Қарорга кўра, Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляцияси, жумладан, уруш йиллари қўшиқ ва мусиқалари, дастурхон тузаш ва тегишли шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирлар ташкил этилади ҳамда кўча ва майдонлар Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган плакат ва стендлар билан безатилади.
Ўтказиладиган байрам тадбирлари ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудида истиқомат қилувчи 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакиллари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши, зарур ҳолларда кийим-кечак билан таъминланади.
Мазкур тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.
Мазкур Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юкланди.