АсосийShou-biznes

Фарзандидан кечирим сўраган машҳурлар

'Фарзандидан кечирим сўраган машҳурлар'ning rasmi

Шундай тоифа инсонлар бўладики, улар учун кечирим сўрашдан мушкулроқ иш йўқ. Аксинча, ҳар қандай вазиятда ҳам узр сўрашдан оғринмайдиган, буни ўзи учун ҳаётий принцип деб ҳисоблайдиганлар ҳам топилади. Хусусан, саҳифамизнинг галдаги иштирокчиларига «Фарзандингиздан кечирим сўраганмисиз?» саволи билан мурожаат этдик. Олган жавобларимизга эса ўзингиз баҳо беринг.

«АВВАЛ КОЙИЙМАН, КЕЙИН АФСУСЛАНАМАН»

Улуғбек РАҲМАТУЛЛАЕВ, хонанда:


— Болаларим ҳали жуда кичкина бўлгани учун улардан кечирим сўрайдиган жиддий ҳолатлар бўлмаган. Аммо тарбияни кичиклигидан бошлаш керак деган қоидага амал қилганим боис ўғлимни гоҳ гоҳида тергаб, бирор бир хатоси учун урушиб қўяман. Тергашга тергайман-у, кейин кўнглим ҳижил бўлиб қолади. Ўша заҳоти, «Ўғлим, шундай қилмасам бўлмайди, мендан хафа бўлма» деб айтаман. Аслида, хомуш, йиғлаётган болаларни кўрсам, ўзимни тутиб туролмайман. Дарров кўнглим юмшаб кетади.


«КЕЧИР, ДЕМАСАМ ҲАМ...»

Соҳиб АББОСХОН, режиссёр, актер:


— Фарзандларим билан ҳеч қандай оғир, қалтис вазиятларга шу кунгача дуч келмаганман. Аммо ҳаддан ташқари шўхлик қилса, мактабда муаммолар бўлса, дарсларини тайёрламаганини билганимда қаттиқ гапириб қўйишим мумкин. Бундай вазиятларда улар мендан хафа бўлганини сезсам бироз ўтиб кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламан. Кайфиятини яхшилайдиган гаплар айтиб ҳазиллашаман. Аслида ҳар бир ота-она фарзандидан узр сўрашга уялмаслиги керак. Чунки баъзида бизлар ҳам хато қиламиз.


«ВАЪДАМНИ БАЖАРМАСАМ...»

Даврон ЭРГАШЕВ, хонанда:


— Минг афсуски, сўнгги пайтларда фарзандларимни кўпроқ ранжитиб қўяётганга ўхшайман. Кўпинча берган ваъдамнинг устидан чиқолмасам мулзам бўламан. Айниқса, қизимни эрталаб уйғониши билан сўраган нарсасини кечқурун олиб келиб қўяман деб, ёдимдан кўтарилган пайтлар кўп такрораняпти. Бундай кезларда унинг хафа бўлганини кўриб, шу заҳоти «мени кечир» дейман. Айбимни ювиш учун эса у айтган нарсани бирга бориб харид қиламиз.


«БУНАҚА ВАЗИЯТЛАР КЎП БЎЛАДИ»

Раъно АЛИМОВА, радио-телебошловчи:


— Табиатдан кўп кечирим сўрайдиган инсонлар тоифасиданман. Фарзандларимдан ҳам жуда кўп бора кечирим сўраб тураман. Иш билан бўлиб асабийлашганда ноўрин уларга овозимни баланд гапириб урушиб қўйсам дарҳол ўзимга келиб олиб узр сўрайман. Чунки бола қалби жуда нозик. Йиллар давомида уларнинг қалбида ўша нарса қора доғ бўлиб қолмасин дейман-да. Мен онаман, улардан каттаман узр сўрашим шарт эмас, дейиш нотўғри.


«ИСТИМА БИЛАН УЙДА ҚОЛГАНДА...»

Муҳаббат ҲАМРОЕВА, журналист:


— Бундан бир неча йил илгари иш билан водийга сафар қилганман. Кетадиган куним ўғлим қаттиқ иситма билан ётиб қолганди. Турмуш ўртоғимнинг қистовларига қарамай, ишимга фидойилигимдан синглимни уйга чақиртириб, ўғлимга кўз-қулоқ бўлиб туришини айтганман-да, сафарга кетганман. Қайтганимдан кейин эса йиғлаб-йиғлаб: «Ўғлим, сени жуда яхши кўраман, аммо ишим ҳам жуда зарур эди. Мени тушун», деб кечирим сўраганим ҳалигача эсимда. Қизимдан ҳам кечирим сўраган пайтларим бўлган. Ўзингизга маълум қизим бир мунча вақт телевидиниеда бошловчилик қилди. Турмушга берганимдан кейин ҳам фаолиятини давом эттиришини истагандим. У бўлса «Йўқ. Бу иш билан бошқа шуғуланмайман. Аслида, сизнинг ҳурматингиз деб ТВга боргандим» деганида аввалига жуда хафа бўлдим. Кейин мен қизимни ўзи истамаган ишга шунча йил мажбурлаган эканман-да, деб кечирим сўрагандим.


«КЎЗ ЁШИГА САБАБЧИ БЎЛГАНИМДА»

Муҳаббат ҚУРБОНОВА, раққоса:


— Қизим кичиклигида ундан кечирим сўрашимга тўғри келган. Мени деб кўзлари ёшлангани учун узр сўраганман. Нимадир бўлиб, асабийлашгандим. Шунда ўзимни назорат қилолмай фарзандимга қаттиқ бақириб юборганман. У бўлса мени ҳолатимдан чўчиб кетган. Боламнинг аҳволини кўриб, қандай қилиб ўзимга келиб қолганимни билмайман. Шу ондаёқ уни бағримга босиб, чақалоғимдан кечирим сўраганман. Ва бошқа бу иш қайтарилмаслигига ваъда берганман.

Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар