АсосийJamiyat

​Ҳарбий тавсиянома олган абитуриентларга 50 фоизлик имтиёз берилади

'​Ҳарбий тавсиянома олган абитуриентларга 50 фоизлик имтиёз берилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги» қарорига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қарори имзоланди.

Унга кўра, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган абитуриентлар олий таълим муассасаларига ўқишга киришда 50 фоизлик имтиёзга эга бўлади, деб ёзади ЎзА.

Муддатли ҳарбий хизматдан қайтганларга имтиёз йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Чунончи, 2005 йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар учун мамлакатимиз олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўпланадиган энг кўп баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз тақдим этилган бўлса, 2012 йилдан эътиборан бу кўрсаткич 27 фоиз этиб белгиланди.

Янги ўқув йилидан бошлаб ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқароларга мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларига киришда тест имтиҳонларида тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл тақдим этилади.

Шу билан бирга, Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг бошқа бандлари ўзгаришсиз қолдирилди.

Демак, агар абитуриент мазкур имтиёздан фойдаланган ҳолда танловдан ўта олмаса, мамлакатимизнинг бошқа олий ўқув юртига қабул қилиш тўғрисида ариза топшириши мумкин. Бунда абитуриент танлаган бошқа олий ўқув юртига қабул қилиш тасдиқланган умумий қабул квотаси доирасида, имтиёзлар бўйича белгиланган қўшимча баллни ҳисобга олган ҳолда, фанлар бўйича топширилган тест синовлари фанлар тўплами (блоки) ва абитуриент томонидан тўпланган балларга мувофиқ, Таълим йўналишлари бўйича давлат комиссиясининг қарорига биноан амалга оширилади. Бундай аризалар тест синовлари тугагандан кейин 10 кун мобайнида Таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар