Ёшим 40да, ҳеч қаерда ишламайман. Уйда 85 ёшли қайнотам ва биринчи гуруҳ ногирони бўлган қайноғамга қарайман. Ногиронларга қараганлик учун пенсия тайинланиши ҳақида эшитиб қолдим. Менга ҳам пенсия берилиши мумкинми?
Шаҳнозахон, Қўқон шаҳри
М.ЗИЯДУЛЛАЕВ, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг биринчи ўринбосари:
— “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси “д” бандига асосан, биринчи гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек, ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Ушбу модданинг 2-қисмига асосан, юқоридаги санаб ўтилган даврларда ушбу модданинг “а” ва “г” бандларида кўрсатиб ўтилган (фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса ёки якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан якка (гуруҳли) ижара шароитидаги ёки шахсий ёрдамчи, деҳқон (фермер) хўжалигидаги фаолият — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда)умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган“Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 65-бандига асосан, қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан олинган маълумотлар ва қараб турилган шахслардан, шунингдек, уларнинг қўшниларидан сўраб чиқиш асосида Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тузилади.
Биринчи гуруҳ ногиронига қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатини текшириш далолатномаларини расмийлаштиришнинг даврийлиги ҳар 12 ойга белгиланади. Қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномалари биринчи гуруҳ ногирони пенсия ишига тикиб қўйилади ва қараб турган шахсга пенсия тайинлашда иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади.
Бундан ташқари қараб турган шахсларга пенсия ёки нафақа тўлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.