Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида Қарор имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.
Миллий боғни халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган, нафақат юртимиз, балки жаҳоннинг турли мамлакатларидан меҳмонлар ва сайёҳлар ташриф буюрадиган ҳар томонлама гўзал ва бетакрор масканга айлантириш, маънавий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган атоқли сўз санъаткорларининг тарихий хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари таклиф берган.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида боғнинг умумий кўриниши ва Алишер Навоий ҳайкали билан уйғун равишда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбль шаклидаги лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.
Адиблар хиёбонининг меъморий лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу манзилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун замонавий янги бино қуриш назарда тутилади.
Мазкур ҳудудда жойлашган Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биноси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тасарруфига ўтказилиб, бу ерда доимий равишда китоблар кўргазмалари ва тақдимотлари, турли адабий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган адабий марказ ташкил этилади.
Ўзбекистон Бадиий академияси тегишли ташкилот ва идоралар билан биргаликда миллий адабиётимизнинг улкан намояндалари:
Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли олим ва жамоат арбоби Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш бўйича бир ой муддатда ижодий танлов ўтказилади.
Қарорга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Ҳамид Олимжон ҳайкали, Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўрнатилган Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом ҳайкали, Ўзбекистон давлат санъат музейи ёнидаги хиёбонда ўрнатилган Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ҳайкали Адиблар хиёбонига кўчирилади.