АсосийJamiyat

​Ўзбекистонлик олимга халқаро мукофот топширилди

'​Ўзбекистонлик олимга халқаро мукофот топширилди'ning rasmi

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг профессори Ҳусниддин Олимов Халқаро Фанлар академиясининг мукофотига сазовор бўлган 22 нафар ёш олим қаторидан жой олди.

Ҳусниддин Олимов 2016 йил якунлари бўйича Ўзбекистондан мазкур нуфузли мукофотга лойиқ деб топилган ягона номзоддир. Олим ушбу мукофотга сўнгги беш йилда физика фани бўйича етакчи халқаро журналларда чоп этилган мақолалари учун сазовор бўлди, деб ёзади ЎзА. Халқаро Фанлар академиясининг ушбу мукофоти жаҳоннинг 16 мамлакатидан бўлган ёш олимларга топширилган.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бобохўжаев ва бошқалар юртимиз олимлари мамлакатимиз ва дунё илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшаётганларини таъкидлади. Университетнинг ёш ўқитувчиси эришган муваффақият Ўзбекистонда истеъдодли ёшлар кўплиги ва уларнинг фаолияти давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Яқинда мазкур университетда маҳаллий профессорларни тайёрлаш дастурини амалга ошириш бошланди. Дастур доирасида ёш ўқитувчилар ва академик йўналишдаги мутахассислар дунёнинг етакчи олий ўқув юртлари, хусусан, Жанубий Кореяда ўқиш ва малакасини ошириш имкониятига эга бўлади. Бу нафақат Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўқитиш сифатини ошириш, балки мамлакатимиз илм-фанини янада ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Ҳусниддин Олимов 1998 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультетини битирган. Кейинги илмий фаолиятини Германия ва Покистонда давом эттирган. Ёш олим ядро физикаси ва юқори энергиялар физикаси бўйича тадқиқотлар олиб боради. Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институтининг юқори энергиялар лабораториясининг етакчи илмий ходими бўлган Ҳ.Олимовнинг 50 дан ортиқ илмий мақоласи чоп этилган. Уларнинг аксарияти дунёга машҳур илмий нашрлар, хусусан Америка физика жамияти ҳамда Европа физика жамияти журналларида эълон қилинган.

Бош қароргоҳи Италиянинг Триесте шаҳрида жойлашган Халқаро Фанлар академияси 1983 йилда ташкил этилган. Академия илм-фан ва инжинирингни ривожлантиришга кўмаклашади ва ҳар йили олимларга грантлар ажратади.

Бошқа янгиликлар