АсосийJamiyat

​Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов сиймосини яратиш бўйича халқаро ижодий танлов ғолиби аниқланди (Фото)

'​Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов сиймосини яратиш бўйича халқаро ижодий танлов ғолиби аниқланди (Фото)'ning rasmi

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалари залида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов сиймосини яратиш бўйича халқаро ижодий танлов кўргазмаси бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.

Танловда Ўзбекистон, Украина, Жанубий Корея, Туркманистон, Италия, Австралия ва Германиядан 58 нафар ҳайкалтарош қатнашди. Улар томонидан жами 68 лойиҳа тақдим этилди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланган ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов ғолиблари аниқланди.

Бадиий академия раиси Акмал Нур барча ғолиб ва иштирокчиларни қутлаб, энг муносиблар танлаб олинганлигини маълум қилди.

Кўпчилик овозлар билан танловда машҳур ҳайкалтарош Илҳом Жаббаров ғолиб деб топилди. Иккинчи ўрин ёш ҳайкалтарош Жасванд Анназаровга насиб қилди, учинчи ўринни Тўлаган Тажиходжаев эгаллади.

Барча ғолибларга гонорар тўланади. Шунингдек рағбатлантирувчи мукофот эгаларига ҳам пул мукофотлари тўланади. Улар: Тўлаган Ёрқулов, Фарит Ахметзянов, шунингдек Жанубий Кореялик ҳайкалтарошлар Канг Чул Хи, Ли Чонг Ан ва Чунг Юнг Су.

Барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Айтиш жоизки, мазкур халқаро танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорига асосан ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан халқаро ижодий танловда ғолиб деб топилган ҳайкаллар мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўрнатилади.

Бадиий Академиядаги манбаларнинг маълум қилишича, ғолибларнинг аниқланиши бу айнан уларнинг лойиҳалари ҳаётга тадбиқ этилиб, Биринчи Президентимизга ҳайкал сифатида ўрнатилади дегани эмас. Эҳтимол давлатимиз раҳбарининг кўриб чиқиши учун жуда кўп ғолиб ва совриндорларнинг биргаликда яратган ягона лойиҳаси тақдим этилади.















Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар