Тўрт мучаси соғ, ўзига яраша ақл-заковатга эга енгил ҳаётга ўрганиб қолган, текин даромад кўришни афзал билган ёш йигит пул учун бировнинг ҳаётига нуқта қўйди. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг “Ҳуқуқ” нашри хабар берди.
Кунлардан бирида Наримон (исми ўзгартирилган) ўзи аввал ишлаган кафенинг ёнидан ўтиб, бу ерда ўтказган кунларини эслади ва фикри бузилди. Бу ерда пул қаерда сақланиши ва қандай келишини билгани учун у ўғриликка тушиш режасини тузди.
Куз кечаларидан бирида у кафенинг орқа тарафидаги эшиги ёнига келиб, ҳамма кетганлигига амин бўлгач, бинонинг деворидан ошиб ичкарига тушди. У тунги соат иккигача пайт пойлади ва фақатгина қоровулни йўқ қилиб, мақсадига етиши мумкинлигини тушиниб етди.
Сўнгра ичкарига кириб, уйқуга кетган қоровулнинг бошига кафедаги болта билан икки марта уриб ўлдирди. Кейин эса пул сақланадиган хонага кириб, сейф қулфини бузди ҳамда ва бир миллиондан ошиқроқ пулни олиб чиқиб кетди.
Қотиллик жинояти тезда фош этилиб, суд ҳукмига кўра қотил 18 йил озодликдан маҳрум этилди.