АсосийJamiyat

​Тошкент давлат юридик университетида кредит тизими жорий этилади ва қабул квотаси оширилади

'​Тошкент давлат юридик университетида кредит тизими жорий этилади ва қабул квотаси оширилади 'ning rasmi

Тошкент давлат юридик университетига университет битирувчилари учун, ўқув режалари ва дастурлари учун талабларни ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб мустақил равишда шакллантириш ҳуқуқи берилди. Энди ТДЮУ амалда ўқув жараёнини Олий таълим вазирлигидан мустақил равишда белгилай олади. Бу Президентнинг 28 апрель куни имзолаган Тошкент давлат юридик университети фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид қарорида белгиланган, деб ёзади “Хushnudbek.uz”.

Ушбу қарор билан юридик таълим тизимида яна қуйидаги ўзгаришлар амалга оширилади:

– ТДЮУга педагог ходимларнинг ўқув йили учун 1540 соатлик юклама бажаришига оид совет давридан қолган талаблардан воз кечиб, мустақил равишда университет ўқитувчиларига фақат ўқув фаолияти билан боғлиқ меҳнат вазифларини юклаш механизмини ишлаб чиқиш ҳуқуқи берилди.

– университет педагог ходимларини қўшимча рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Бунга кўра, ўқитувчиларга 100 фоизгача бўлган миқдорда устама жорий қилинди.

– семестр давомида назарий фанлардан ўқув жараёнлари учун мўлжалланган 19 ҳафталик стандарт 14 ҳафтагача қисқартирилди. Тежаб қолинган ҳафталар талабаларнинг мустақил изланишига ҳамда имтиҳонларга тайёрланишига ажратилади;

– университет ўқув жараёнларида худди ғарб давлатларидаги каби кредит тизими жорий этилади;

– университетда талабалар қабул квотаси контракт ҳисобига 600 та этиб белгиланади (ўтган йили 450 нафар эди). Бунинг устига университетга эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча контракт квоталари олиш ҳуқуқи берилди. Маълумотларга кўра, университет яна 300 тагача қўшимча контракт (халқ тилида “супер контракт”) олиши мумкин;

– ТДЮУ хорижлик талабаларни хориж валютасида тўланадиган контракт эвазига тест синовларисиз, шунчаки суҳбат асосида қабул қилиши мумкин бўлди;

– Бундан буён ТДЮУ ректорлари бир вақтнинг ўзида Адлия вазири ўринбосари сифатида тайинланадиган бўлди. Масалан, ҳозирги ректор Е.Каньязов Президентнинг ПҚ-2933-сонли қарори билан Адлия вазири ўринбосари – ТДЮУ ректори лавозимига тайинланди;

– 11 кишидан иборат ТДЮУ Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди. Кенгаш раиси Бош Прокурор И. Абдуллаев, Кенгаш раиси ўринбосари Адлия вазири М. Икромов тайинланди. Шунингдек, Кенгаш таркибига Президент Давлат маслаҳатчиси О. Муродов, Судьялар Олий кенгаши раиси М. Усмонов, Конституциявий суд раиси Б. Мирбобоев, Олий суд раиси Ш. Ғозиев, Ички ишлар вазири А. Азизов, Олий таълим вазири Р. Қосимов, Судьялар ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари У. Мингбоев, Адвокатлар палатаси раиси Р. Аҳмедов ҳамда Адлия вазири ўринбосари – ТДЮУ ректори Е. Каньязовлар киритилди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар