1 май, душанба куни пойтахтдаги Медиа-Холлда «Замон-Пресс-инфо нашриёт уйи» томонидан чоп этилган “Саробга алданганлар қисмати” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, олий ўқув юртларининг ўқитувчи ва талабалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ташкил этилган.
Бугунги кун муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган ёвуз кучлар томонидан дунёнинг турли нуқталарида амалга ошрилаётган жиноий ҳатти ҳаракатлар барчамиздан ҳушёрлик ва эҳтиёткорликни талаб этади.
Ана шундай экстремистик оқимларга қўшилиб, бу гуруҳларнинг соф исломий қадриятлардан қанчалик узоқ эканини ўз ақл-идроки билан англаб етган бу ҳамюртларимизнинг кечмишлари, иқрор ва тазаррулари ҳар бир ўқувчини ҳушёрликка чорлайди, дин ва диний ақидапарастлик, соф исломий қадриятлар ва терроризм сингари тушунчаларни фарқлашда катта аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси юзасидан юртимизнинг турли ҳудудларида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Аҳоли, айниқса ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни турли зарарли оқимлар таъсиридан ҳимоялашда китобнинг ўрни беқиёс.
Яқинда “Замон-Пресс-инфо нашриёт уйи” томонидан “Саробга алданганлар қисмати” номли китоб босмадан чиқди. Ушбу китоб ҳам ана шундай афсус ва надоматлар ва бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳаққоний муносабатларни ўзида жамлаган.
Китоб икки қисмни ўз ичига олади. Тўпламда қилган хатоси учун жиноий жавобгарликка тортилган, жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган ёхуд ўтаб қайтган ҳамюртларимизнинг чин дилдан билдирган иқрорлари, надоматлари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари, яқинлари, маҳалладошлари томонидан йўлланган мактублари жой олган.
Мактублар яқин давр ичида “Даракчи”, “Суғдиёна”, “Даракчи плюс” газеталарида, Darakchi.uz сайтида чоп этилди. Мактублар матбуотда эълон қилингач, кўплаб муштарийларимиз ўз фикр-мулоҳазалари, муносабатларини таҳририятимизга йўллашди. Шу тариқа мазкур мактубларни китоб ҳолида жамлаб ўқувчиларга тақдим этишга эҳтиёж туғилди.
Тақдимот маросимида сўзга чиққанлар мазкур китобнинг мазмун-моҳияти, унинг ёш авлодни Ватанга садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги аҳамияти хусусида сўз юритишди.