Одамларнинг дарду ташвишини, муаммоларини эшитиш, уларни ҳал қилиш жамият ҳаётида адолатни қарор топтиришнинг, давлат институтларига халқ ишончини мустаҳкамлашнинг асосий талабларидан ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари механизми йўлга қўйилгани юртдошларимиз томонидан мамнуният билан қабул қилиниб, давлат ва фуқаро муносабатларида янги босқични бошлаб берди.
Буни “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижалари ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, респондентларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни
84,3 фоизи давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида жорий этилган фуқаролар билан фаол ва очиқ мулоқот қилишнинг янги тизимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдилар. Уларнинг фикрича, ушбу янги механизм ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли турмушидаги барча муаммони ҳал қилишга қаратилган бўлиб, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Марказдан маълум қилишларича, мазкур сўров муаммонинг мақсадли қўйилиши жиҳатидан синов-тажриба шаклида биринчи марта ўтказилди. Унда расмий статистиканинг анъанавий усулларига риоя қилинмасдан, янгича ёндашув асосида таҳлил олиб борилди.
Сўровда танлов усули асосида жами 2000 та уй хўжалигига ташриф буюрилди, уларнинг 681 тасида ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига мурожаат қилган фуқаролар борлиги аниқланди.
Жамоатчилик фикри сўрови ҳамюртларимиз ўз конституциявий ҳуқуқларидан фаол фойдаланган ҳолда, давлат ҳокимияти ёки хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилаётганини кўрсатди. Масалан, респондентларнинг 28 фоизи ўз муаммоларини ҳал қилишда ёрдам сўраб маҳаллага, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат этувчи органларга, пенсия жамғармасига ва ижтимоий таъминот бўлимига, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликларига мурожаат қилишган. 32,4 фоизи эса коммунал соҳа ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан боғлиқ масалалар, электр энергияси, ичимлик суви, газ ва иситиш таъминоти юзасидан мурожаат этган. Респондентларнинг ҳар тўртинчиси оилавий масалаларни ҳал қилиш мақсадида давлат ҳокимияти органларидан амалий кўмак сўраган. Фуқароларнинг 65,8 фоизи давлат ҳокимияти ёки хўжалик бошқаруви органларига мурожаатлари натижасида ўз муаммоси ижобий ҳал қилинганини қайд этган.
Ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, 93 фоиз ҳолатда фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб давлат идораларига ўз хоҳиш-иродасига кўра мурожаат этган. Қолган ҳолатларда иштирокчилар танишлари, қариндошлари, яқинлари тавсияси билан мазкур ҳуқуқидан фойдаланган. Бу ҳам фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётганини ифодалайди.
Фуқаролар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига Халқ қабулхоналари орқали мурожаат қилиш кўпаяётгани ҳам ушбу институт қисқа муддатда халқимиз ичига кириб борганини кўрсатади. Фуқаролар айни пайтда кўпроқ интернет орқали ўз ариза ва шикоятларини давлат идораларига етказишга ҳаракат қилмоқда.
Аҳолининг давлат идоралари фаолиятидан рози бўлишида муҳим жиҳатлардан бири мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий савияси, муомала маданияти, фуқаролар мурожаатларига эътибор қаратишидир. Сўров давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг айни масалага муносабати ижобий тарафга ўзгараётганини кўрсатди. Мисол учун, респондентларнинг кўпчилиги, яъни
82,1 фоизи мурожаатни қабул қилиш ва кўриб чиқишда тегишли ташкилот раҳбари, ўринбосари ёки бошқа ваколатли вакили улар билан шахсан суҳбатлашиш ҳамда масалани кўриб чиқиш учун қабулга таклиф қилганлигини билдиришди. Фуқароларнинг
93 фоизи мурожаат қилишда ва уларни кўриб чиқишда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари ходимлари томонидан ҳеч қандай руҳий тазйиққа дуч келмаганини айтишгани ҳам раҳбар ходимлар ўз вазифасига масъулият билан ёндашаётганини кўрсатади.
Шу ўринда яна бир жиҳат: сўровда иштирок этганларнинг ярмидан кўпи — 57,5 фоизи давлат муассасаларига мурожаат қилиш натижаларидан тўла даражада қониқадилар, ҳар бешинчи фуқаро қисман қониқиш ҳосил қилган, респондентларнинг 4,7 фоизи олинган жавобдан қониқмаган.
Таҳлиллардан аён бўлдики, одамларимиз фикр ва қарашларида давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви ташкилотлари фаолияти бўйича ижобий тенденция кузатилмоқда. Яъни юртдошларимизнинг фикрига қараганда, мурожаатларни қабул қилишда фуқаролар билан ишлаш, жавоб беришнинг тезкорлиги, мурожаатга жавобнинг мазмуни, тўлиқлиги, давлат органлари ходимларининг малакаси ва касбий лаёқати, амалдаги қонунчиликка риоя қилиниши, якуний қарорнинг холислиги, ишончлилиги ва асосланганлиги, масалани ҳал қилиш қайси босқичда тургани, уни ҳал этиш борасида қандай ишлар олиб борилаётгани ёки нималар режалаштирилаётгани ҳақида тезкор маълумот берилаётгани диққатга сазовор.
Умуман, сўров натижалари 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида кўрилаётган чора-тадбирлар фуқароларнинг давлат ҳокимияти ҳамда хўжалик бошқаруви органларига мурожаат этишга доир конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун сифат жиҳатидан янги шарт-шароитларни яратишга хизмат қилаётганини тасдиқлайди. Юртимизда асос солинган фуқаролар билан фаол ва очиқ мулоқотнинг янги тизими, Халқ қабулхоналари, респондентларнинг фикрича, ижтимоий адолатни таъминлаб, мамлакатимизни ҳар томонлама равнақ топтиришнинг стратегик мақсадларига эришишда ҳал қилувчи ўрин тутади.