АсосийJamiyat

​Президент қарори билан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича раҳбарларнинг масъулияти оширилади

'​Президент қарори билан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича раҳбарларнинг масъулияти оширилади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари” тўғрисида Қарор имзолади.

Қарор янги иш ўринларини ташкил этиш, иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ йўналтирилган ва тизимли ишлар олиб боришда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини кучайтириш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилиш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб жойлардаги раҳбарларни моддий рағбатлантириш ва уларнинг шахсий масъулиятини кучайтиришнинг принципиал жиҳатдан янги тизими жорий этилмоқда. Унга кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларига аҳоли бандлиги ўсишининг тасдиқланган ҳар чорак прогноз кўрсаткичларини бажарганлиги ёки бажармаганлиги учун лавозим маошининг 15 фоизи миқдорида мос равишда мукофот берилади ёки жарима солинади, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига ҳамда иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига эса улар лавозим маошларининг 20 фоизи миқдорида ҳудди шундай мукофотлаш ёки жарима солиш чоралари қўлланилади.

2018 йилдан бошлаб аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари республикамиз ҳудудлари кесимида ҳар чорак бўйича тақсимланган ҳолда, тасдиқланган ҳудудий ва тармоқ ривожланиш дастурларига мувофиқ ташкил қилинадиган доимий иш ўринлари кўрсаткичларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган ҳар йилги Аҳоли бандлиги дастурига киритилади. Шунингдек, аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари шаҳар ва туманлар кесимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган ҳар йилги аҳоли бандлиги манзилли ҳудудий дастурларига киритилади.

Қабул қилинган қарор янги иш ўринларини ташкил этиш, иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ йўналтирилган ва тизимли ишлар олиб боришда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини кучайтириш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилишга қаратилган.

Қарорнинг муҳим жиҳати шундан иборатки, унда аҳоли бандлиги ўсишининг мезони сифатида аҳолини давлат ижтимоий суғурта ҳамда меҳнат ва пенсия қонунчилиги тизимлари билан қамраб олинган доимий, барқарор ишга жойлаштирилиши белгиланган. Айнан шундай бандлик шакли меҳнат кафолатларини ҳимоялаш, пенсия тўловларини амалга ошириш учун меҳнат стажини ҳисобга олиш, уй-жой сотиб олиш ва олий таълим муассасаларида ўқиш учун олинган кредитларни тўлашда солиқ имтиёзларига эга бўлиш ҳамда аҳолининг кундалик ҳаётида зарур бўладиган бошқа амалдаги қонунчилик меъёрларидан фуқароларимиз тўлақонли фойдаланишига барча имконият яратади.

Қарорнинг тўлиқ матни билан ЎзАда танишишингиз мумкин.

Бошқа янгиликлар