“Кинематографияни ривожлантириш маркази” илк катта лойиҳасини амалга оширди.
Марказ ташаббуси билан ўзбекистонлик ёш кинорежиссёр Мухлиса Азизованинг фильмида бош ролни ижро этган россиялик таниқли кино ва театр актёри, режиссёр, “Бригада”, “Жмурки”, “Остров” каби сериал ва фильмларда бош қаҳрамон образини яратган Дмитрий Дюжев 7 май куни Тошкент шаҳрига учиб келди. Пойтахтимизда меҳмон бўлган актёр ўша куни “Кинематографияни ривожлантириш маркази"да бўлиб, марказ биноси ва унинг фаолияти билан батафсил танишди.
Актёр 8 май куни соат 11:00 да Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари учун мастер-класс ўтказиш, ҳамда “У” қисқа метражли фильмни премьера қилиш учун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтда меҳмон бўлди. Икки соатга яқин талабалар билан фикр алмашди, уларга ўзининг актёрлик маҳорати ва сирларидан сўзлаб берди. Учрашув сўнггида талабаларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди.
Актёр Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон давлат рус академик драма театрида “У” фильмининг кенг жамоатчилик учун мўлжалланган тақдимотида иштирок этди, тақдимотдан сўнг Дюжев ўзининг якка ижродаги “Евгений Онегин” моноспектаклини тақдим қилди.
Тақдимот йиғилганлар томонидан жуда илиқ кутиб олинди.
Актёр ўзбек томошабинларига илиқ кутиб олишгани учун минатдорчилик билдириб, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва санъатсеварлигини алоҳида эътироф этди.
Эслатиб ўтамиз, М.Азизованинг “У” номли қисқа метражли фильми шу йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида суратга олиниб, унда Раъно Шодиева ва Карим Мирходиев каби таниқли киноактёрлар қатори, Россиялик машҳур актёр Дмитрий Дюжев ҳам суратга тушган.
Мазкур фильм 70-Канн Халқаро кинофестивалига тавсия қилиниб, фестивалнинг қисқа метражли фильмлар бурчагида (Short Film Corner) кўплаб профессионал ижодкорларнинг асарлари қатори намойиш қилинадиган бўлди. Мазкур маълумот Халқаро кинофестивалнинг www.cannescourtmetraj.com сайтида эълон қилинган.