Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Пекинда "Бир макон, бир йўл" форуми доирасида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан учрашди, деб ёзади ЎзА.
Учрашувда 2016 йил 18 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда эришилган келишувлар ижросининг бориши муҳокама қилинди. Икки томон учун ҳам манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, тўқимачилик, кўнчилик, кимё ва фармацевтика, қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишлар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу учрашув Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.
Туркия раҳбари Ўзбекистон билан муносабатларни халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган юксак даражага кўтариш тарафдори эканини таъкидлади.
Президентимиз Ўзбекистон билан Туркия савдо-иқтисодиёт, инвестиция, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳиятга эга эканини таъкидлади.