“Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” халқаро конгресси ўз ишида давом этмоқда.
Тадбирда 40 дан ортиқ мамлакатдан 140 дан ортиқ чет эллик олимлар, эксперт, дипломат ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек 50 дан ортиқ юртимиз илм-фани вакиллари ҳамда 50 дан ортиқ Ўзбекистон ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этиб лойиҳа ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишмоқда.
Михаил Пиотровский, Давлат Эрмитажи бош директори (Санкт-Петербург, Россия)
— «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотга йўл» халқаро конгресси дунё музейлари ҳамжамияти учун муҳим воқеа бўлди. Эрмитаж дунёдаги энг йирик, нодир экспонатларни ўзида жамлаган музейлардан биридир. Ўзбекистон ҳудудидан келтирилган, унинг тарихидан ҳикоя қилувчи ноёб артефактлар ҳам музейимизнинг катта бойлиги саналади. Уларнинг музейимизга келиб қолиш тарихи халқларимиз ўртасидаги алоқаларнинг узоқ тарихга бориб тақалишидан дарак беради. Биз ушбу альбомларнинг чоп этилишини тўла қўллаб-қувватлаймиз.
Конгресснинг барча қатнашчиларига омад тилайман ва унинг Ўзбекистон маданий мероси умумбашарият тарихининг узвий қисми сифатида янада кўпроқ шуҳрат қозонишига ишонаман.






