Тошкент шаҳрида улуғ туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилди, деб хабар беради ЎзА.
18 май куни пойтахтимизда бўлиб ўтган очилиш маросимида мамлакатимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари, турли миллий маданият марказлари вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, санъаткорлар, талабалар иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганининг яққол исботи бўлди.
Мазкур ташриф давомида Амударёда қурилган Туркманобод-Фараб автомобиль ва темир йўл кўприклари, ушбу шаҳарда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номидаги марказий кўча ва ёдгорлик мажмуаси очилган эди.
Ташриф арафасида пойтахтимиздаги энг кўркам ва гўзал кўчалардан бирига Махтумқули номи берилди. Шавкат Мирзиёев Туркманистонда Гурбангули Бердимуҳамедовга Махтумқулининг ўзбек тилида чоп этилган “Элингга бахш айла” китобини совға қилди. Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик яхши қўшничилик ва қардошлик тамойиллари асосида ривожланиб бораётганини ёрқин намоён этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан шу йилнинг 19-20 май кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлиши мазкур олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давомидир. Ушбу ташриф олдидан Тошкент шаҳрида атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилиши Ўзбекистоннинг қардош ва биродар туркман халқига юксак ҳурмат ва эътиборининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Монументал ёдгорлик муаллифи – хоразмлик ёш ҳайкалтарош Жасванд Анназаров.
Махтумқули ёдгорлиги пойи гулларга бурканди.






