АсосийDunyo

​Манчестерда рўй берган терактда ярадорларга ёрдам берган дайди йигитга уй олиш учун пул йиғилди

'​Манчестерда рўй берган терактда ярадорларга ёрдам берган дайди йигитга уй олиш учун пул йиғилди'ning rasmi

Дайди йигитга бошпана олиш учун пул йиғаётган одамлар, унинг ҳаракатидан кейин одамларга нисбатан ишонч пайдо бўлганини маълум қилди, деб хабар берди Tjournal.ru нашри.

Стив исмли уйсиз йигит Манчестер стадионида портлаш юз берганини кўриб, жабрланганларга ёрдамга шошилди. У болаларнинг баданига санчилган бомба парчаларини теришга кўмаклашди, тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ярадорларга ёрдам берди.

Стивнинг Com Plex нашрига берган маълумотига кўра, у ярадор болаларни кўриб чидаб туролмаган.

“Уйсиз-жойсиз дегани, юраксиз, бемеҳр одам, дегани эмас, мен ҳам инсонман, менда ҳам ҳис-туйғу бор. Ўша пайтда ярадорларга ёрдам керак эди. Бунга жим қараб туролмадим”, деди Стив.

Стивнинг терактдан жабрланганларга ёрдам берганини эшитган “Вест Хэм Юнайтед” футбол жамоаси эгаси Дэвид Салливан ва унинг тўнғич ўғли Дейвлар Стив ҳаётини йўлга қўйиб олгунча, ҳеч бўлмаса 6 ой мобайнида ижара уйда яшашига ёрдам бериш учун одамларни пул тўплашга чақирди.

“Вест Хэм Юнайтед” футбол жамоасининг расмий сайтида ота ва бола Стивнинг бу иши уларга қаттиқ таъсир қилганини, бошқаларга ўхшаб воқеа жойидан қочмасдан, ҳаётини хавф остига қўйиб, ярадорларга ёрдам берганлигини таъкидлаган.

Бир қанча хайрия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилувчи Дейв Салливан Стивга уй-жой, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун одамларни маблағ эҳсон қилишга даъват қилди. Салливаннинг фикрича, Стив яхши ишда ишлашга, ҳаётини янгидан бошлашга ҳақлидир.

Стивнинг ярим йиллик ижара ҳақи учун 25 минг фунт зарур бўлади, аммо унинг қаҳрамонлигидан ҳайратга тушган одамлар айни пайтда керакли маблағнинг 23 минг фунтини тўплади. Стив учун хайрия қилган Буюк Британия аҳолиси у одамларга нисбатан ишонч ҳиссини уйғотганлиги ҳақида ёзишди.

23 май куни Манчестер шаҳридаги стадионда концерт бўлаётганда портлаш юз берди. Портлаш оқибатида 22 киши ҳалок бўлди, 60 дан ортиқ киши яраланди. Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми ёшлар ва болалар эди.


Бошқа янгиликлар