АсосийSUG'DIYONA

​Рамазон таомлари

'​Рамазон таомлари'ning rasmi

МЕВАЛИ ҚУЙМОҚЛАР

Бу қуймоқ оқсил ва углеводларга бойлиги билан сизнинг танангизга қувват бағишлайди. Юмшоқлиги боис, саҳар чоғида ошқозонингизга ҳам оғир ботмайди.

Масаллиқлар:

400 мл қатиқ;

2 та тухум;

0,5 стакан шакар;

1 чой қошиқ истеъмол содаси;

ваниль;

2,5 стакан ун;

30 мл ўсимлик ёғи;

2 та олма (хоҳишга қараб бошқа мева танлаш ҳам мумкин);

бир чимдим туз.

Тайёрланиши:

Чуқур идишга қатиқ, тухум, шакар, ваниль,истеъмол содасини солиб аралаштирасиз. Сўнг унни қўшинг. Кейин эса қирғичдан чиқарилган олмани қўшиб, аралаштиринг. Ёғ ва туз солиш ҳам эсингиздан чиқмасин. Масаллиқ тайёр бўлгач эса, уни одатдагидек товада, ўртача оловда пишириб оласиз.

“ЖАННАТ” САЛАТИ

Ушбу салатнинг масаллиқлари оддий ва тайёрланиши ҳам жуда осон. Бундан ташқари, таркибида қайнатилган гуруч ва жўхори бўлгани бўлгани боис хуштаъм, тўйимли ва ҳазми енгил.

Масаллиқлар:

1 стакан қайнатилган гуруч;

4 та помидор;

6 та салат барги;

1 стакан қайнатилган маккажўхори;

200 гр қайнатилган товуқ гўшти;

майонез;

туз.

Тайёрланиши:

Помидор, товуқ гўшти ва салат баргини майда тўғраб олинг. Сўнг барча масаллиқларни аралаштирасиз. Қарабсизки, нафақат ифторликда, ҳатто саҳарликда ҳам ейиш мумкин бўлган “Жаннат” салати тайёр.

“ҚУВВАТ” ТАОМИ

Бу суюқ таом бизга момомерос. Чунки буви, момоларимиз бу овқатни илгаридан тайёрлаб келишган ва танага қувват беришини билишган. “Қувват” номини олган бу суюқ таом ифторликда сизга дармон бўлади.

Масаллиқлар:

300 гр гўшт қиймаси;

1 дона пиёз;

1 дона сабзи;

2 картошка;

2 дона помидор;

20 гр. мош

30 гр гуруч

40 гр оқ жўхорининг ёрмаси;

ёғ;

туз.

Тайёрланиши:

Таом одатдаги суюқ таомлар тартибида пиширилади. Яъни, қизиган ёғда гўшт қиймасини қовуриб оласиз. Сўнг майда тўғралган пиёз, сабзи, қартошка, помидорларни кетма-кет солиб, қовуринг. Яхшилаб қовуриб олгач, сув соласиз. Таом қайнаб чиқмасдан олдин жўхори ёрмасини солинг. Ёрма юмшай бошлаганида мошни, мош юмшай бошлаганида эса гуручни соласиз. Таом пишгач, майда тўғралган кўкат ва райҳон билан бирга дастурхонга тортилади.

Бошқа янгиликлар