Ҳар бир инсон болалигидан мўъжизага ишониб яшайди. Бунга эса кичиклигимиздаги таассуротларимиз, катталарнинг айтган эртаклари сабаб. 1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказган сўровномамизда эса машҳурлар болалигида ишонган, улғайгач ўйлаганлари шунчаки, ўйлаб топилган ёлғон эканига амин бўлишганини гапириб беришди.
«ШОҲРУХХОН БИЗНИНГ ҚАРИНДОШИМИЗ...»
ШИРИН, хонанда: — Болалагимдан ҳинд актёри Шоҳруххони жуда яхши кўраман. Унинг фильмларни томоша қилиб ҳеч зерикмасдим. Меҳрим ва қизиқишимни билган келинойим «Шоҳроххон бизнинг қариндошимиз. Яқинда Ўзбекистонга келади. Уйга ҳам чақирамиз, кейин биргаликда Ҳиндистонга бориб, унинг уйида меҳмон бўлиб қайтамиз» деб айтган. Ўша пайт шунақа ҳурсанд бўлгандимки... Анчагача ўзимга келолмай, ҳатто тушларимда кўриб чиқардим. Балки жуда соддалигимданми ҳозир ҳам ростанам қариндошимиз бўлса-я, деб ўйлайман.
«СЕНИ ТУҒРУҚХОНАДА АЛМАШТИРИБ ҚЎЙИШГАН»
ФАРҲОД, хонанда: — Тўрт қиздан кейин узоқ кутилган ўғилман. Болалигимда жуда қизиқувчан бўлганман. Онамга «Опаларимдан бошқачароқман-а» десам, «Ҳа, сени туғруқхонада алмаштириб қўйишган. Шунинг учун уларга ўхшамайсан» деганди. Қаранг, шунча пайт бу гапга ишониб юрган эканман. Лекин ич-ичимдан шу оиланинг фарзанди эканимни билардим... Ўша пайтдаги соддалигимни ўйласам кулгим келади.
«СУРАТЛАР ЖОНЛАНИШИГА ИШОНГАНМАН»
Шуҳрат УМАР, хонанда: — Мактабда ўқиб юрган пайтларим ёзги таътилни аммамнинг уйда ўтказардим. Ҳовлининг деворларида турли мултьфильм ва кино қаҳрамонларининг сурати солинганди. «Нинза», Брюс Ли ва шаршара, айниқса, ҳақиқийга ўхшарди. Ўшанда 7 ёш эдим, аммаваччам «Кечқурун ухлаганимизда суратлар тирилиб, бизни қўриқлаб туришади» деганди. Унинг гапига ишониб, уч кун ҳамма ухлаганда уларнинг жонланишини кутганман.
«ЎҚИТУВЧИМ ЛАҚИЛЛАТГАН»
Азамат АҲРОРОВ, актёр: — Болалигимда бироз бетартиб, текканга тегиб, тегмаганга тош отадиган, шўх йигитча бўлганман. Мактабда ҳамма ўқитувчилар мендан безор эди. Ҳозир неча ёшда бўлганимни эслолмайман, аммо ёшроқ ўқитувчиларимдан бирининг «5» қўйиб бераман деган гапига алданиб қолганман. Дарсида тўполон қилаверганимга «Азамат, дарсга кирмасанг ҳам майли, «5» баҳо қўйиб беравераман» деганди. Болалигимга бориб, дарсга кирмаганман. Чорак якунида эса кутилган «5»нинг ўрнида «2» турганини кўрганимда лаққа тушунимни тушунганман.
«УКОЛ БИЛАН ҚЎРҚИТИШАРДИ»
Ботир ЯМИНОВА, хонанда: — Ота-онамнинг эрка ва тантиқ боласи бўлганман. Қаерга боришмасин нуқул эргашаверганман. Ойим доим мени уйда қолишим учун «Докторга кетяпмиз, мазам йўқ» дерди. Уколдан қўрқишимни яхши биларди-да. Эсим киргунича онамнинг бу гапига чин дилдан ишонардим. Кейин билсам, мени алдаб юришган экан (кулади). Менимча кўпчилик ота-оналар фарзандларини шундай алдаб туришади. Қизим сал улғайгач, эргашса мен ҳам ушбу усулдан фойдалансам керак...
«ДАДАМНИНГ СИРИНИ БИЛАРДИМ...»
РУҲШОНА: — Кичкиналигимда Қорбобога қаттиқ ишонардим. Лекин уч ёшимда дадам Қорбобо киймини кийиб, уйга келганида шимидан таниб қолганман. Қорбобо, аслида, ўйлаб топилган қаҳрамон эканини ўшанда тушуниб қолганман. Эсимда, ўша ҳақиқат аён бўлган Янги йил оқшомида «Ойижон, Қорбобо дадамнинг шимини кийиб олибдими?» деб сўрагандим. Онам чалғитишга ҳаракат қилган. Кейинги йили келган Қорбобо дадамнинг оёқ кийимини кийиб кетганини кўргач, шубҳам ўз тасдиғини топган. Бу воқеадан сўнг ҳар Янги йилда қачон дадам Қорбобо бўлиб келаркин, деб кутиб ўтирардим.
«ҲАММА МАШҲУРЛАР БУВИМНИНГ БОЛАСИ ЭДИ»
Шодиёра ОМОНОВА, раққоса: — Болалигимда туманимиздаги стадионга пойтахтдан хонандалар келиб, қўшиқ куйлашарди. Айрим сабабларга кўра боролмай қолсам, бувим «У менинг болам, ҳозир куйлаб бўлгач, уйимизга келиб сенга алоҳида қўшиқ айтиб беради» деб овутарди. Мен ҳам ишониб санъаткорларни ҳақиқаттан кутиб ўтирарканман.
«СУПЕРМЕН» БЎЛМОҚЧИ ЭДИМ»
Маъмур СУЛТОНОВ, «Баён» гуруҳи аъзоси: — Болалигимда мультқаҳрамонлар ҳақиқатан ҳам мавжудлигига ишонардим. Айниқса, «Супермэн» ва «Бетмэн»ни яхши кўрганман. Ўзимча, агар инсон чин дилдан ишонса, ўша қаҳрамонларга айланиши мумкин деб ўйлардим. Ҳатто, бир марта «сеҳрли» ёпинчиғимга ўраниб, томдан ҳам сакраганман. Йиқилганимдан кейингина бу шунчаки ёлғон эканини тушунганман.
Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади