АсосийSUG'DIYONA

​“Ўғлимнинг севганини бошқага узатишмоқчи...”

'​“Ўғлимнинг севганини бошқага узатишмоқчи...”'ning rasmi

— Ўғлим мактаб давридан бир қизни яхши кўрган. Деярли 8 йилдан бери гаплашаркан. Икки йил аввал совчиликка аммаларини юбордим, қиз томон коллежни битириб олсин, дейишди. Яқинда эса розилик беролмасликларини айтишди. Бунга бош сабабчи — қизнинг отаси. У раҳбар одам, уйида ҳам раҳбарлигини қилаётган экан. Қизини бир дўстининг ўғлига бермоқчи. Бундан ўғлимнинг сиқиляпти. Уни кўриб, менинг юрагим эзиляпти. Хаста бўлсамғда, совчиликка ўзим ҳам бордим. Лекин отаси мени эшитмай эшигидан ҳайдаб солди. Жаҳлим чиқиб, қизнинг онасига қўнғироқ қилдим, ўғлимни бошқа безовта қилмасликларини сўрадим. Ўғлим бундан хабар топиб, “нега қўнғироқ қиласиз”, деб мени койиди. Мен унга отанинг розилигисиз ҳеч нима қилолмаслигини тушунтира олмаяпман. Ҳозир жуда асабий, тажанг бўлиб қолган, гапирсам дўқ-пўписа билан жавоб қайтаряпти. Бу вазиятда ўғлимга қандай муносабатда бўлай?

Фотима, 48 ёш. Фарғона

Саволга психолог Шаҳноза Халилова жавоб берди:

— Ўзингизни айбламанг. Ўғлингиз бундай ҳолатда сиқилиши, жиззаки бўлиб қолиши табиий. Чунки бунга сабаб бор. Албатта, хавотирларингиз ўринли, бироқ бу билан ўғлингизга ёрдам беролмайсиз. Она хавотирлар билан эсам, балки кучли ишонч билан фарзандини кучли қила олади. Шунингдек, бўлаётган вазиятни ҳадеб таҳлил қилавериб, саволларни кўпайтириш керак эмас, бу билан очиқ ярага туз сепган бўласиз. Вазиятни ўнглаш сизнинг қўлингизда бўлмагандан кейин, уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, вақт бериш, сабр қилиш маъқул бўлади. Ҳаёт паст-баландликлардан иборат-ку, кимнинг ҳаёти бир текис? Ўзингизнинг мисолингизда ҳам айтиш мумкин, ана шу ҳаётнинг паст-баландликларидан ўтиб келяпсиз, синовларига бардош қиляпсиз... Бу билан инсон пишади, чиниқади, янада кучли бўлади, шундай эмасми? Эркак кишилар, одатда, ўз муаммоларини ёлғиз ўйлайди, ечим топиш учун ҳам ёлғиз бўлишни истайди. Ўғлингизни ҳам, ўзингизни ҳам айбдорлик ҳисси билан қийнаманг. Муҳаббат ҳам синов. Ўғлингизга мана шу жиҳатларни айтинг ва кўпроқ ўз ҳолига қўйинг.

Муниса АЛИЕВА тайёрлади

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар