Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртага, 12 июнь куни ЖЧ–2018 саралаш босқичи 8-турида Эрон футболчиларига қарши баҳс олиб боради. Учрашувдан олдин ўтказилган матбуот анжуманида Карлуш Кейруш ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Атрофимиздаги одамлар Жаҳон чемпионати нима экани ҳақида нотўғри тушунчага эга бўлмоқда. Уларнинг фикрича ЖЧ бу Россияга бориб иштирок этиш. Йўқ, ундай эмас, аввал айтганимдек, олдинги ўйинлар, эртанги ва бўлажак баҳслар – буларнинг барчаси Жаҳон чемпионатига тенг. Эртага Ўзбекистонга қарши майдонга чиқамиз. Бу бизнинг қийин рақибларимиздан бири. Нима бўлганда ҳам, эртага бор кучимизни кўрсатамиз ва мақсадимизга эришишга ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистон мазкур гуруҳдаги энг яхши жамоаларда бири. Уларга қарши ҳар қайси ўйин доим қийин кечган. Салоҳияли футболчилар, ташкилий ўйин, мураббийлар тактикаси – Ўзбекистон айнан шулар билан ажралиб туради. Футболчиларим эртанги ўйинга тайёр, улар бу беллашувни интизорлик билан кутди. Бундан ташқари биз ўз майдонимизда ўйнаймиз. “Озоди” стадиони доимо биз учун 12-ўйинчи бўлган ва умид қиламанки, бу анъана эртага ҳам давом этади.
Кучли рақибга қарши ўйинда айнан мухлислар бизга кўмак беради. Бўлажак ўйиннинг барча 90 дақиқасида бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз, хушёрликни йўқотмаслигимиз талаб этилади. Майдондаги энг яхши ўйинчи – бу “Озоди”га келадиган мухлислар. Ишончи комил, юқорида таъкидланган барча омиллар бизга муваффақият келтиради.
Футболда ҳеч нарса осонликча келмайди, барчаси меҳнатни талаб қилади. Гуруҳда биринчи ўринда кетаётган бўлсак ҳам, ҳар бир ўйинга худди у охиргисидек майдонга тушамиз. Ўзбекистон билан бўладиган ўйин ҳам бундан мустасно эмас. Рақибни ҳурмат қилган ҳолда ғалаба сари интиламиз”, – деди Карлуш Кейруш.
Эслатиб ўтамиз, Эрон – Ўзбекистон учрашуви эртага, 12 июнь куни Теҳрон шаҳридаги “Озоди” стадионида бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан 21:45 да бошланади.