Бугун, 15 июндан эътиборан Ўзбекистон олий таълим даргоҳларида 2017-2018 ўқув йилларига ҳужжатлар қабули бошланди.
Бу йил бакалаврларни қабул қилиш умумий квотаси 8 минг 400 тага ошган, бу эса иқтисодиёт соҳаларининг кадрларга бўлган талаби билан боғлиқ.
2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига бакалаврлар учун 66316 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 18194 та ва тўлов-контракт асосида – 48122 та, магистрлар учун 5000 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 1556 та ва тўлов-контракт асосида – 3444 та ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш жорий этилади.
Унга кўра, олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш учун квота миқдори таълим муассасасининг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиқиб Давлат комиссияси томонидан белгиланади.
Қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланади.
Тўлов-контракт суммасининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган баллига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилади.
Абитуриентлардан ҳужжатлар қабули 15 июлга қадар давом этади (Ўзбекистон Давлат консерваториясида - 10 июлгача). Кириш имтиҳонлари 1 август куни бўлиб ўтади.