Президент Шавкат Мирзиёев куни кеча Учтепа туманига ташрифи чоғида 78-умумтаълим мактабини бориб кўргани ҳамда ушбу мактабда тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш зарурлигини таъкидлагани ҳақида аввал хабар бергандик.
Хусусан Шавкат Мирзиёев юқори синфларда болалар шахс бўлиб, жамоа бўлиб шаклланиши ва айни ўша пайтда уларни ўзлари ўрганган муҳитдан ажратилиши уларнинг руҳиятига, давоматига, охир-оқибатда таълим-тарбиясига салбий таъсир қилишини қайд этди ҳамда масалани ечими сифатида таълим жараёнининг услуксизлигини таъминлаш зарурлигини қайд этди.
Президент бундан буён коллеж ва лицейларнинг чиройли бинолари учун сарфланадиган маблағлар мактаб ўқитувчиларига йўналтирилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуслари натижаси ўлароқ бугун Бош вазир Абдулла Арипов Халқ таълими вазири У.И.Иноятов, Олий ва ўрта махсус таълими вазири Р.С.Қосимов, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими Маркази директори М.М.Холмухамедов, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Ж.Усмановлар иштирокида йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда 18 июнь куни Тошкент шаҳри мактабларида 10-11-синфлар очилиши юзасидан ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказилиши маълум қилинди.
Бош вазир коллеж ва академик лицейлар ҳам сақланиб қолиши, 9-синф битирувчилари келгуси таълим йўналишини иҳтиёрий танлашлари мумкинлиги қайд этди.
Хуллас, эртага Тошкент шаҳри бўйича фарзанди 9-синфни битираётган ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказилади ва кўпчиликнинг фикри билан эксприментал тарзда Тошкент шаҳрида 11 йиллик таълим жорий қилинади.
Ушбу сўровномаларда фаол иштирок этишингиз сўралади.