Бишкекда “Бир соатлик келин” хизмати пайдо бўлди.
Бу ҳақда Тожикистоннинг “Диалог” нашрига асосланиб, “Дарё” хабар бермоқда. Ёлланган аёлларнинг мажбуриятларига биринчи навбатда, зиёфатларда хизмат қилиш киради: улар дастурхон тузайди, таомларни тайёрлайди ва дастурхонга тортади, идиш-товоқларни ювади ва меҳмонларга ҳурмат белгиларини намоён қилади.
Оиланинг ўзида «хизмат кўрсатиш» учун келинлар етарли бўлмаса, энди худди бошқа мамлакатларда хизматкор ёллашганидек, келинларни ижарага олиб туриш мумкин бўлди, дейилади хабарда.
«Мен катта оилада якка-ю ягона келинман. Бизда доим тўйлар, байрамлар ўтказилади, — деди «Бир соатлик келин» бизнеси асосчиси Индира Темирканова. — Кўпинча бир ўзим улгурмай қолардим, бошимда эса доим шундай бир сервис бўлсаки, пул эвазига қариндошларим олдида менинг ўрнимга келинлик бурчини адо этиб беришса, деган фикр айланарди. Бу ғоя бизнес-лойиҳага айланди».
Индира намунали келин бўлиш қанчалик қийинлигини жуда яхши билгани учун ёш келинлар ҳаётини енгиллаштиришга қарор қилганини таъкидлади.
Бугунги кунда унинг «келин»ларини оилавий тадбирлар, тўй ва бошқа зиёфатларда ишлаш учун доимий равишда таклиф қилишади. Ҳар битта буюртма учун Индира зарур сондаги қизларни тўплайди. Улар чақиртирган уйга бориб, дастурхон безайди, меҳмонлар учун таомлар ва ноз-неъматлар тайёрлайди.
Бундай тантаналарда «келин»ларнинг яна бир вазифаси — болаларни ўйнатиб овутиш. Бу ишни ҳам Индиранинг ходималари аъло даражада адо этади.
«Келин»лар зиёфатдан энг сўнгги меҳмон кетиб, энг сўнгги ликоп ювилмагунича ишлайди.
Индира Темирканова энагадан тортиб, мураббиягача бўлган уй ходимларини тайёрлаш бўйича мактаб очиш режалари билан бўлишди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳам “бир соатлик эр” хизмати мавжуд. “Бир соатлик эр” хонадондаги бузилган мебеллар ва сантехника воситаларини таъмирлаш билан шуғулланади.