АсосийShou-biznes

​Нилуфар Усмонова болалиги, тушунмай куйлаган қўшиғи, қизининг ўзига ўхшамаслиги ҳақида(Эксклюзив)

'​Нилуфар Усмонова болалиги, тушунмай куйлаган қўшиғи, қизининг ўзига ўхшамаслиги ҳақида(Эксклюзив) 'ning rasmi

Нилуфар Усмонова билан суҳбатлашиш жуда мароқли. Самимий, кўнгли очиқ ва қайсидир маънода дангалчилиги ана шу қизиқишни оширади, десак муболаға бўлмайди. Бугун у билан яна кўриб, унинг дунёсига сайр қилмоқчимиз. Кунлар, турли ҳолатларда феъли шаклланган Нилуфар Усмонова, болалигидан, то бугунгига қадар ҳаётидаги ёрқин ҳотираларини биз ва сиз билан бўлишади.

Марғилондаги болалик...

— Марғилоним ҳақида ўйлаганимда бувим билан ўтказган вақтларим, қўни-қўшнилар кўз олдимдан ўтади. Уйдагилар билан нонуштага иссиқ патир ва янги қаймон ердик. Унинг таъми, ҳали ҳам оғзимда қолган. У ернинг ажойиб об-ҳавоси айтмайсизми. Ёзнинг иссиқ кунларида, пойтаҳтда кўп қолиб кетсам, ўша пайтдаги тонгги шабадаларни соғинаман. Биласизми беташвиш болалик деб беокрга айтишмас экан. Марғилондаги болалигим ҳақиқатдан ҳам фақат меҳр ва эътиборда ўтган. Атрофимдагиларларнинг эркатойи эдим. Улар берган илиқлиги бутун умрга етади, деб ўйлайман. Лекин шунга яраша таъқиқлар ҳам бўлган. Мисол учун, менга ҳеч қачон дўстларим билан бирга чўмилишга ёки шунчаки, куёшда тобланишимга руҳсат беришмасди. Бир кун шўхлигим тутиб бошқалар чўмилишга қочиб кетдим. Ўзимда йўқ, шундай ҳурсанд эдим-ки, тасаввур қилолмайсиз. Лекин бу ҳурсандчилик узоққа чўзилмаган. Чунки чўкиб кетишимга бир баҳия қолганди. Яхшиям қўшниларим вақтида буни кўриб, мени асраб қолишганди. Ўшанда, катталарда бесўроқ бир ишга қўл уриш, яхшилик билан якун топмаслигини билганман. Бундан ташқари бобом билан боғлиқ ёрқин ҳотираларим ҳам жуда кўп. Биргаликда ҳосил теришга борардик. Ҳазил ҳузул қилиб, яхши кайфиятда қандай иш қилганимизни сезмай қолардик. Биласизми, ёшим катта бўлгани сайин болаликка қайтгим келаверади. Шунинг учун бўлса керак, тез тез Марғилонга бораман. Куни кеча ҳам бордим. Ҳар гал болалигим исини туйиб ва албатта, меҳрибон бувижонимни дийдорига тўйиб қайтаман. Илоҳим, баҳтимга умрлари узун бўлсин.

Пойтахтга қайтиш...

— Тошкентга қайтишимни билганимда рости, жуда-жуда ҳурсанд бўлганман. Чунки, ҳар бир бола сингари мен ҳам доим онам билан яшашни истардим. У ердаги дўстларим билан ҳайрлашиш жуда қийин бўлганди.

Хориждаги ўқиш...

— Ростини айтсам, чет элга кетиш ғояси менга умуман ёқмаган. Ҳато қайсидир маънода ҳафа бўлгандим, ҳам. “Тил билмайман. Қорним очса қандай қилиб овқат сўрайман” деб росса ўйлардим. Юрагимга катта қўрқув бўлган. Аммо инсон ҳамма нарсага кўникиб яшашни билади. Ангиляга борганимда мен ҳам шароитга секин секин кўникиб, дўстлар ортирдим. Шундай бўлса ҳам тезроқ ўқишни тамомлаб Ўзбекистонга қайтгим келаверарди. Биринчи маротаба Ватан соғинчи нима эканини ўшанда билганман. Бугун у ердаги курсдошларим билан гаплашиб турмасам ҳам, ўқитувчиларнинг айримлари билан алоқам бор.

“Нилуфар, сен катта бўлиб қолдинг”

— Катта ҳаётга қадам қўйишим ҳам ҳорижга кетишим билан боғлиқ. Онасиз яшаб, мустақил ва масъулиятли бўлишга ўргандим. Ичимдаги “мен” эса она бўлишим билан улғайди. Юрагимнинг тагида яна бир вужуд пайдо бўлиши, дунёқарашимни, ҳаётга бўлган баҳони ўзгартираркан.

Ижодга илк қадам

— Биринчи маротаба қўшиқ куйлаганимда онам билан дуэт куйлаганимиз. Қўшиқ фалсафий, ҳаётий мавзуда эди. Бола бўлиб нима денётганимни ҳато билмагандим. Лекин шу даражада қўшиқ куйлагим келгандан, тушунмасдан ҳам ижро этаверганман. Яккахон сифатида илк қўшиғимни эса ўзимни истагим билан бувижонимга атаганман. Ўшанда, “Нилуфарнинг овози йўқ экан” деган гаплар бўлгани эсимда. Ҳозир шу гапларга ҳам муносабатимни билдирмоқчидии. Бола доим ҳам нима қилаётганини оҳиригача билолмайди. Баъзида ҳатто, онгимиз қабул қилмаса ҳам ҳаракатда бўлаверарканмиз. Мен ҳам ўша пайт қўшиқ куйлаяпман, халқ кўради, баҳо беради, деган нарсаларни унча англамаганман. Чунки ҳуқуқшунос бўламан, деган ниятим бор эди. Йиллар ўтиб эса таълим олган соҳам эмас, фаолият юритаётган йўналишим менга яқин эканини ҳис этдим. Яъни санъатга, ижодга мехр қўшиқ куйлаш жараёнида пайдо бўлган. Ўз устимда ишлай бошлаганман.

Биринчи хит...

— Юқоридаги гапимнинг давоми сифатида шуни айтмоқчиманки, “Бир кунинг бахш эт” қўшиғидан кейин мен меҳнатларим ҳосилини кўрдим. Изланиш, тинимсиз ишлаш ўз натижасини берди. Албатта бу хурсандчилик билан масъулият бирга келган. Эришилган натижадан ошишим кераклигини билардим.

“Муҳаббат синовлари”даги биттагина роль...

—Санъатга энди қадам қўйганимда кинода ҳам ўзимни синаб кўрганимни, биласиз. Лекин кейинчалик бу йўналиш ўзимни кўрмадим. Бунга қайсидир маънода режиссёрлар таклиф қилаётган ролларнинг менга тўғри келмаслиги билан боғлиқ. Келажакда ҳақиқий Нилуфарни кўрсатиб берадиган лойиҳа учрашига ишонаман. Ўшандагина яна катта экранларда “учрашамиз”.

Концерт

— Бу куни ўзим сингари қўшиқларимнинг тингловчилари ҳам кутишаётганига ишончим комил. Яккахон концертга рухсат олишим билан бу орзуйимни тезда амалга оширишга ваъда бераман.

Клиплардаги “Нилуфар”


— Ижодкор бўлганимиз учун истаймизми йўқми, юрагимизнинг бир бўлагини, ҳаётимизнинг қайсидир қисмини ижодимизга қўшамиз. Шунинг учун ҳам клипларимнинг ҳар бирида “Нилуфар”ни “бўлакларга бўлинган” ҳолатда кўришади. Бу ижодкорларга ҳос назорат қилиб бўлмайдиган ҳолат.

Афсуслар...

— Ҳар бир инсонинг ҳаёти яхши ва ёмон кунларда иборат. Менинг ҳам афсусларим бор, лекин улар ҳақида оммага гапиришни истамайман.

“Дадам...”

—Яқинда дадам билан бирга тушган суратимизни ижтимойи тармоққа жойлаштирдим. Изоҳларда мени у кишига ўхшатишди. Ҳақиқатдан ҳам ташқи қиёфам дадамнинг ўзи. Лекин характерларимизда ўхшашликларни топмаганман.

Уч ўғилдан сўнг, қиз...

Бўйимда борлигини билганимдан сўнг, авваламбор унга соғлиқ тиладим. Кейин эса Худодан фақат қиз сўраганман. Чунки қиз боланинг онаси бўлиш, менга армон бўлишини истамасдим. Оллоҳга қилган ниятим етиб борди. Қиз! Буни билганимда эса айнан қандай фикр ўтганини ҳозир аниқ эслолмайман. Чунки олти ойгача ичимдаги ҳавотир жуда кучли бўлган. “Қиз болани қандай боқаман? Улар жуда нозик бўлишади-ку” деган ҳавотирлар мени чулғаб олганди. Қизларни парваришлаш, тарбиялаш ҳақида кўп китоб ўқидим. Кўпроқ маълумотга эга бўлишга ҳаракат қилдим. Яна бир карра шукр айтаман, шу кунлар ҳам насиб этди. Илк бор қўлимга олганимда эса фақат тинимсиз йиғлаганман. Қувонч кўз ёшларимни яширолмаганман. Фарзандини дунёга келтираётганда она, жонини омонатга қўяди. Ҳудоим менга жонимга қўшиб, қизимни ҳам ҳадия этганидан ҳиссиётларим икки карра ошганди. Садияхонни биринчи кўрганимдаёқ “Менга ўхшамабти” деганман (кулади).

“Бувим ва онамнинг ўхшашликлари”...

Иккисидаги энг катта ўхшашликни айтайми бу — набираларга ўзгача меҳр билан ёндашиш. Назаримда бу бутун дунёдаги бувиларда бор жиҳат бўлса керак. Болалигимда бувим мени қандай парваришлаб, мехр берган бўлса, бугун менинг болаларим онам ана шу мехрни ҳадия этяптилар. Аям болалар билан гаплашганда умуман бошқа одамга айланиб қоладилар. Садияни олиб келганимизда уларни кузатиб ўзим ҳам қоил қолгандим. Хурсандликларидан ўзларини қўярга жой тополмай қолгандилар (кулади). Уч ўғил набираларини кутиб олганларидаги ҳолат бошқа-ю, қизнинг келиши онамга ўзгача хиссиётларни бағишлади.

Фарзандларим...

Катта ўғлим Саидаъзамхон — меҳрибон. Иброҳим — Ғамхўр. Салаймон — таъсирчан. Қизимнинг эса характери ҳақида ҳали бирор бир гап айтишим қийин. Энди уч ой бўлдик.

Шукроналик...

Гапим якунида, инсон умри давомида фақат шукр, деб яшаши кераклигини айтиб ўтмоқчи эдим. Мен ҳам бугунги кунда эришганларимнинг борига фақат шукроналик келтираман. Яқинларим, меҳрибонларим ёнимда, чиндан ҳам бахтлиман аёлман.

Алия СУЛАЙМАНОВА

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар