АсосийHidoyat sari

Минг ойдан яхшироқ кеча

' Минг ойдан яхшироқ кеча'ning rasmi

«Қадр кечаси» («Лайлатул-Қадр») Рамазон ойи ичига яширилган энг фазилатли, минг ойдан яхшироқ, гуноҳлар кечириладиган, дуолар ижобат бўладиган кечадир. Қуръони Карим шу кечада нозил бўла бошлаган. Бу кечада айниқса ибодатга ғайрат қилинади, Аллоҳга кўплаб ҳамд-зикрлар айтилади, гуноҳлар учун мағфират сўралади. Кўпчилик мусулмонлар ҳадислардаги баъзи ишораларга мувофиқ Қадр кечасини Рамазон ойининг йигирма олтинчидан йигирма еттинчига ўтар кечасида деб билишади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримни Қадр кечасида нозил қилгани шундай марҳамат қилинади:

Аллоҳ жалла шаънуҳу айтади:

«Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик. Қадр кечаси не эканини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббларининг изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунича салом бўлиб туради» (Қадр сураси, 1-5-оятлар).

Аллоҳ таоло яна шундай деган:

«Очиқ-ойдин Китоб ила қасам. Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантирувчи бўлдик» (Духон сураси, 2-3-оятлар).

Демак, Қуръони мажид Рамазон ойининг Қадр кечасида нозил қилина бошлаган. «Қуръони Карим Қадр кечасида нозил қилинган» деган муфассирларнинг фикрлари икки хилдир: баъзилари «Қадр кечасида Қуръоннинг ҳамма оятлари Лавҳул Маҳфуздан дунё осмонига нозил бўлган, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дунё осмонидан эҳтиёжга қараб амр ва қайтариқ, ваъз-насиҳат тарзида йигирма уч йил давомида бўлиб-бўлиб нозил қилинган» дейишса, айримлари ушбу кечада Қуръони Карим оятларининг бир йилга зарур миқдори дунё осмонига туширилган, сўнг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказиб турилган», дейишади.

Абу Лайс Самарқандий тафсирида бундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларнинг амалларини кўряпман», дедилар. У зотга умматларининг умрлари қисқа, шу сабабли уларнинг амаллари олдин ўтган умматларнинг амаллари даражасига етмаётгандек туюлди. Шу боис Аллоҳ таоло у зот ва умматларига Қадр кечасини берди».

Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Исроилдан бир кишининг Аллоҳ йўлида минг ой қурол-аслаҳа кўтариб юрганини айтдилар. Мусулмонлар бундан роса ҳайратланишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу суранинг дастлабки уч оятини нозил қилди» (Ибн Жарир ривоят қилган).

Қадр кечасининг фазли ва бу кечани Рамазон ойининг қайси кунларидан излаш ҳақида Набий алайҳиссаломдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Лайлатул Қадрни иймон билан, савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (охирги) ўн кунлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани қоим қилар ва аҳлларини уйғотар эдилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган. Термизийнинг лафзида:

«Охирги ўн кунликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилар эдилар», дейилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва: «Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар», дер эдилар».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи саҳобалари тушларида Қадр кечасини охирги етти (кеча)да эканини кўрдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўряпман. Ким уни излайдиган бўлса, охирги етти (кеча)да изласин», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларида изланглар», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ривоят қилишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қадр кечасини Рамазонни охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганида, етти кеча қолганида, беш кеча қолганида», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган. Бошқа ривоятда шундай келган:

«Бир киши Қадр кечаси йигирма еттинчи кечада эканини туш кўрди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг тушингиздаги охирги ўн(кун)ликда эканини кўряпман. Демак, уни тоқ (кеча)да изланг», дедилар».

Муслим ривоят қилган. Бошқа ривоятда шундай дейилган:

«Униохирги ўн(кун)ликда изланг. Агар бирортангиз заифлашса ёки ожиз бўлса, қолган еттида енгилиб қолмасин», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон ойи, муборак ой келди. Аллоҳ азза ва жалла сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким унинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, (барча яхшиликлардан) маҳрум бўлибди», дедилар».

Аҳмад ва Насоий ривоят қилишган.

Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади:

«Убай ибн Каъбдан: «Биродаринг Ибн Масъуд «Ким бир йилни бедор ўтказса, Лайлатул Қадрни топади», дейдими?» деб сўрадим. «Аллоҳ унга раҳм қилсин, одамлар суяниб қолмасин демоқчи бўлгандир. Аслида унинг Рамазонда эканини, охирги ўн кунликда эканини ва йигирма еттинчи кечада эканини аниқ билган», деди. Сўнгра иншааллоҳ демасдан қасам ичиб, унинг йигирма еттинчи кеча эканини айтди. «Буни нимага асосланиб айтяпсан, эй Абу Мунзир?» дедим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берган аломат асосида. Ўша куни қуёш ёғду сочмай чиқади», деди».

Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган. Абу Довуднинг лафзида:

«Аломати нима?» дедим. «Ўша кечанинг тонгида қуёш тоғорага ўхшаб ёғду сочмай чиқади деди», дейилган.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қадр кечаси йигирма еттинчи кечададир», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Рамазон ойидаги Қадр кечаси фазилат бобида минг ойдан афзал ва мўътабардир, бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир. Оятдаги «минг ой» жумласи маълум вақтни кўрсатиш учун эмас, мисол тарзида келган бўлиши мумкин, яъни Қадр кечаси минг ойдан ва ундан кўпроқ муддатдан афзал, деган маънони ҳам билдиради.

Қадр кечасида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва Сидратул-мунтаҳодан ерга тушишади, тонг отгунича инсонларни дуо қилишади ва дуо қилганларга қўшилиб «омин» деб туришади. Кўпчилик муфассирларнинг фикрича, фаришталар бу кечада Аллоҳ таолонинг кейинги йилги бўлажак қазои қадари билан ҳам тушишади.

Қадр кечаси тонг отгунга қадар турли офат-балолардан омонлик, хотиржамлик кечаси, баракот кечасидир. Бу кечада шайтон ёмонлик қила олмайди. Қадр кечаси бошдан-охир фақат саломатлик, омонлик, яхшилик ва баракот билан тўла, унда асло ёмонлик йўқдир. Бу ҳол қуёш ботганидан тонг отгунга қадар давом этади. Тонг отгунича фаришталар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, раҳмат билан ерга тушиб туришади.

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Қадр кечаси ойдин ва ёқимли бўлиб, на иссиқ, на совуқ бўлади. У кечанинг тонгида қуёш нурлари кўзни қамаштирадиган даражада чиқади».

Қадр кечасини бундай яширишнинг ҳикмати ўлим вақтини ва қиёмат келишини яширишнинг ҳикмати кабидир. Қадр кечаси бандалар тоат-ибодатга рағбат ва ҳаракатни кучайтириши, ғофил ва дангаса бўлмаслиги учун яширилган.

Шунинг учун Қадр кечасини ҳар қанча нишонласа арзийди. Бизнинг ушбу кечани нишонлашимиз ўзимизга хос бўлади, ҳабибимиз ва йўлбошчимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганларидек ва айтганларидек бўлади. У зот «Ким Қадр кечасини иймон билан, савоб умидида бедор ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар.

Биз мазкур улуғ ва муборак кечани иймон кечасига, савоб талаб қилиш кечасига айлантиришга ҳаракат қиламиз. Бу кечани Аллоҳга, Исломга бўлган иймонимизни янада кучайтиришга ҳаракат қилиб, тоат-ибодат билан ўтказамиз. Биз бу муборак кечанинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, кўпроқ савоб ҳосил қилишга уринамиз. Аллоҳ таолодан ушбу кечада барча эзгу ниятларимиз амалга ошишини, тақдиримиз олиймақом тайин қилинишини сўраб, илтижолар қиламиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Мўминниг қалқони китобидан)

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар