АсосийMutolaa

Қўш хотинлик: Кимга баҳона, кимга кўнгил ҳуши?

'Қўш хотинлик: Кимга баҳона, кимга кўнгил ҳуши? 'ning rasmi

Яқинда бир танишим тўйга айтди. «Уйим Маҳсума аммангиз уйининг ёнида. Бўлажак қудам билан келишиб, никоҳни ҳам, келин, куёв чалларларни ҳам ўз уйимизда ўтказяпмиз. Ахир йиллар давомида ҳовли - жой қилиб, отамиз ўтган уйларни таъмирлаб, кучимизни ҳам, маблағимизни ҳам сарфладик.Нега энди орзули тўйимизни кўчада ўтказиб келарканмиз? Қариндош, дўст-ёрлар тўйимизда келиб, уйимизда яйрашсин, кенг ва салқин кўчамиз саҳнида гурунглашиб, ота-боболаримизни эслашсин»...

Унинг фикрини маъқуллаб, ниятини қўллаб турарканман, «Маҳсума аммам»...

«Қайси Маҳсума аммам-а?»...деб хаёл сурардим. Шу пайт жажжи набирам шойи кўйлакчасини хилпиратиб хонамга кириб қолди.

Ҳаҳ, эсим қурсин! Ахир бу кўйлакчани айнан Маҳсума аммам катта ўғлимнинг бешик тўйида совға қилиб келган қўл машинада тикканман-ку!

Маҳсума амма...

Отамнинг кўчадан топган опа-сингиллари кўп эди. Қумри амма, Раҳима амма, Файзи амма...

Тўғри, аммалар кўчада ўсмайди, лекин кўчада ҳам қолмайди!

Уруш кўрган отажоним уруш беваларига ака-ука тутингандилар. Болалари Мурод тоғам келди!, - деб бизни чарақлаб кутиб олар, тоғанинг қизи, яъни мени ҳам ардоқлаб кўкларга кўтаришарди.

Онам уларни “Ойба”м (Ой опам) деб атар, отам кўйлак келтирса иккитадан биттасини “Ойба”ларга атар, “қиш келяпти, беш қоп ун олайлик, ўн қоп сабзи-пиёз кам”, деб уларнинг ҳам ҳисобини қилиб юрар эди!

Ҳамон ўша аммаларимнинг тўй-маъракаларида иззатли меҳмондир онам!

Айримлари билан қуда бўлиб, чинакам қариндошлик ришталарини боғлаган...

Тавба, дейман, қўш хотинликни даъво қилаётган айримларнинг гапини тинглаб.

Ҳозир эркакдан қочиб, чимматда қўли қисқа, тили соқов бўлиб ўтирадиган замонимас, аёлларнинг!

Қолаверса қайси эрсиз хотин очидан ўлибди?

Аксариятининг қўлида хунари, учқур машиналарнинг рули!

Ака-укаси, қариндош уруғлари бор. Кимгадир хола, кимгадир амма бўлишга арзийдиган ақл-хушли, ибо-хаёли...

Фоҳишаликка йўналтираётган ҳам, “ўйнаш”ликка чорлаётган ҳам менимча нафси бузуқ эркаклар, иймонсиз, оёғи ердан узилган “амалдор”лардир. Ўшалар ўз қизларини иккинчи хотин бўлишини хоҳлармикан?

Сўраб кўринг, қўл остида ишлаб, “канизак”ка айланишини-чи?..

Умида Абдуазимова

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар