Жорий йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими: долзарб масалалар ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Тадбир мамлакатимизда шошилинч ва тез тиббий ёрдам соҳасида қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини чуқурроқ ўрганиш, яратилаётган имконият ва қулайликлардан аҳолини яқиндан таништириш ҳамда тизим олдида турган вазифалар ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Шошилинч тиббий ёрдам тизимида йилига 600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам ҳамда 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича хизмат кўрсатилмоқда.
Шошилинч ҳолатларда беморга ёрдам кўрсатиш учун зарур воситаларга эга бўлган шошилинч ёрдам бригалари зудлик билан етиб бориши муҳимдир. Шундан келиб чиқиб, йил охиригача 1200 та тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган автотранспорт воситаси сотиб олиниши режалаштирилган бўлса, шу кунларда зарур воситалар билан жиҳозланган 200 га яқин тез тиббий ёрдам автомашиналари харид қилиниб, эҳтиёж баланд бўлган ҳудудларга етказиб берилди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг жорий йил 13 февралдаги “Тез тиббий ёрдам автотранспортларининг ихтисослаштирилган ва умумтармоқ бригадаларини, тез тиббий ёрдам хизмати чақириқларида кўрсатиладиган тиббий хизматлар учун зарур бўладиган дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш нормативларини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғига кўра, тез тиббий ёрдам хизматининг битта махсус бригадасида 41 номдаги, умумтармоқ бригадасида эса 36 номдаги дори воситалари бўлиши белгиланди ва улар билан таъминлаш ишлари жадаллик билан олиб борилаётир.
Бундан ташқари, шошилинч ҳолатларда тиббий ёрдам бригадаси ишини ташкиллаштирувчи асосий бўғин — тез ёрдам хизмати диспетчерлари қайта ўқитилиб, уларга нисбатан талаблар ҳам оширилди. Энди диспетчерларнинг касбий маҳорати ва малакасини мустаҳкамлаш учун улар қайта ўқитилади. Чунки бугунги кун диспетчерининг вазифаси фақат мурожаатни ёзиб олиб, уни керакли мутахассисга етказиш эмас, зарур ҳолатда у мурожаат қилувчига тез тиббий ёрдам бригадалари етиб боргунига қадар кўрсатилиши лозим бўлган биринчи тиббий ёрдам бўйича маслаҳатлар бера олиши ҳам керак.
Тадбир давомида мазкур тизимнинг бугунги ҳолати, тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича Президентимиз томонидан белгиланган аниқ вазифалар ижроси ҳақида ҳам сўз юритилди.