Халқона йўлда ижод қиладиган сўз устаси Аваз Охун “Даракчи” газетаси меҳмони бўлди.
— Аваз ака, рафиқангизни ошхонада тез-тез сийлаб турасизми?
— Уйда бўлган куним ошхонадан чиқмайман, овқат пиширишни яхши кўраман. Ош, димлама, қовурма лағмон каби таомларни маромига етказиб тайёрлайман. Рафиқам кўпроқ “дадаси, қўлингиздан ош ейлик”, дейди. Сабзисини тўғраб берсанг, пишираман, дейман. Йўқса, ошхонада сабзининг ортидан қувлаб юришимга тўғри келади, қўлимдан сирпаниб чиқиб кетаверади-да (кулади). Лекин санъаткорлигимга бориб, ош дастурхонга етиб келгунча мақтайвераман. Шу йўл билан гоҳида таомим кўнгилдагидек бўлмаган бўлса ҳам, рекламанинг кучи билан ўтказаман.
— Шахсий ҳаёт ҳақида кам тўхталасиз...
— Рафиқам Хуршидахон билан 9 йил севишиб оила қурганмиз. Бир мактабда ўқиганмиз. Икки йиллик дўстликдан сўнггина севги изҳор қилишга куч топганман. Лекин “йигитлар ёлғончи бўлади”, деб ишонмаган. Олти ойлик уринишларим бесамар кетмай, охири Хуршидахоннинг севгисини қозонганман. Очиғини айтаман, аввало чиройига учганман (кулади). Аслида гўзал инсонларнинг қалби ҳам гўзал бўлади. Оила қуришимизга эса рафиқамнинг уйдагилари “санъаткор эркаклар хиёнаткор, енгил табиат бўлади”, дея қаршилик қилишган. Икковимиз ҳам севгимиз учун курашдик ва 2009 йил оила қурдик. Бир қиз, бир ўғлимиз бор. Аржумандбону бу йил мактабга боради, Абдуллоҳ эса ҳали бир ёшга тўлмади. Оиламизда саналар билан боғлиқ бахтли тасодифлар бор. 7 майда тўйимиз бўлган, мен 27 апрелда, рафиқам 27 октябрь, қизим 27 майда туғилган. Ўғлим 2017 йил 7 январда дунёга келган.
— Ўз номига эга қизиқчи бўлгунингизга қадар нима иш билан шуғуллангансиз?
— Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтига ҳам “қизиқчи бўламан”, деган мақсадда ҳужжат топширганман. Бундай факультет йўқлиги боис режиссурада ўқидим. Ўқишни тамомлагач, “Кулдиринг”, “Тўнлар муборак”, қизиқчи Ортиқ Султоновнинг “Кулгу” кўрсатувларида иштирок этиб бордим. Валижон Шамшиев билан бирга икки йил концерт қўйганмиз. Кейин “Мирзо” театри жамоасига қўшилдим, уч йил ҳамкорлик қилдим. Ҳар бир ижодкорнинг энг яхши тарафларидан бир шингилдан олганман. Ўзимни топгунимга қадар анча йўлни босиб, охири 2014 йилда яккахон концерт дастуримни халққа тақдим қилдим.
— Ҳар биридан бир шингилдан олган бўлсангиз, нега айнан марҳум сўз устаси Ҳожибой Тожибоевнинг йўналишини танлагансиз ё синовдан муваффақиятли ўтган йўл бўлгани учунми?
— Кўпчилик билан ишлаганим катта “мактаб” бўлди. Аслида мактаб даврларимдаёқ устознинг йўналишида ижод қилганман. Тўғри, синовдан муваффақиятли ўтган, халқона йўл бўлгани учун ҳам танлаганман. Қолаверса, Ҳожибой аканинг ижодини оилавий яхши кўрардик.
— Хўп, ўша бир шингиллар ижодингизда кўринмайди-да, ўзига хослигингиз нимада? Масалан, Валижон Шамшиев трюклар бажаради, аёлларнинг ролини Маъмуржон Холмедов иккови маромига етказиб ижро этади...
— Бир маротаба бухоролик аёл ролини ўйнаганман. Ўшанда бухороликлар “биздан ҳам яхши гапирдингиз”, дейишганди. Лекин кўпчилик “аёллар роли сизга ярашмас экан”, дегач, бунга қўл урмадим. Одам қўлидан келган эмас, ярашган ишни қилиши керак. “Мирзо” театридагилардан серқирраликни ўргандим. Қизиқчиликдан ташқари қўшиқ ҳам куйлайман, комик ролларни ҳам ижро эта оламан. Ўзига хослигимни томошабинларнинг фикридан келиб чиқиб айтаман: концертларимни оилавий кўра олиш мумкин, тўйларимиздаги сарф-харажатлар, ҳайдовчилар тезликни оширгани оқибатида юзага келаётган фожиалар, тиббиётдаги камчиликларни таҳлил қилиб, тайёрлаган репертуарим мухлисларга манзур келаётган экан. Биласизми, кулги икки хил бўлади: енгил ва таъсирли. Мақсадим, гапираётган гапимда ҳақиқат бўлиши ва одамлар ҳангомаларимни узоқ йиллар ёдида сақлаши учун боримни бериб хизмат қилиш.
— Сизнинг таъбирингиз билан айтганда, устозингизнинг қизи Интизор Тожибоева “Аваз Охун дадамни кўп бор “устозим”, дейди. Лекин бирор марта оиламиздан хабар олмаган. Фақат “шогирдман”, деб гапиради-ю, ҳатто уйимиз қаердалигини ҳам билмайди”, деганди...
— Устоз билан муносабатларим жуда яхши бўлган, концертларда учрашиб турганмиз. “Шогирдим”, дея илиқ қабул қилган. Аслида ҳам қизиқчидек бағрикенг одам бўлмаса керак.
— Назарингизда, қизиқчилик санъатида нима янгилик қила олдингиз?
— Ўзбекистонда яккахон концерт қўядиган қизиқчилар бармоқ билан санарли. Мен шу услубни ушлаб туришга ҳаракат қиляпман. Қизиқчи гуруҳ вакилларининг ҳар бири ўн дақиқадан фикрласа ҳам икки ярим соатлик концерт дастурининг репертуари тайёр бўлади. Якка қизиқчи эса бир ўзи меҳнат қилади.
— Репертуарингиз муаллифи ўзингизмисиз ё кимгадир мурожаат қиласизми?
— Китоблар, асосан ҳаётни кузатиш орқали ўзим топиб ёзаман. Ёзиб берадиганлар кўп лекин бирортасиники кўнгил тўлиб, саҳнага олиб чиқадиган даражадаги ижод эмас. Ҳатто ҳажвчи ёзувчиларнинг ёзгани ҳам томошабинга қизиқ эмас. Улар билан қизиқчиларнинг орасида катта тафовут бор. Қизиқчилик соҳасининг ривожланмаётганига ҳам шу сабаб, бу энг оғриқли нуқтамиз.
— “Янгисидан бўлсин?” деган гап қизиқчиларга ёқмаса кераг-а?
— Нега энди? Қизиқчи доим янгисидан айтиши керак. Ҳаракат, меҳнат қилса, албатта, янги латифалар топилади. Уч марта концерт берган бўлсам, бирор марта ўзимни такрорламадим. Бу йил ҳам куз ойида концерт беришни режалаштирганман, фақат янгисидан бўлади. Лекин томошабинлар талаб қилса, эски репертуардан ҳам айтилади.
— “Қизиқчилар ўз устида ишламай қўйди, такрор кўп”, деган фикрлар тез-тез қулоққа чалинади-да...
— Йўқ ердан ўн дақиқалик репертуар тайёрлаш жуда қийин. Фикрлаш, ёзиш қобилияти ҳаммага ҳам берилмаган-да. Шундай қизиқчиларимиз бор, фақат тайёр латифани маромига етказиб ижро этиб беради.
— Мухлисларнинг меъдасига теккан репертуарингиз борми?
— (Кулади) Бирорта репертуаримни такрорлагим келмайди, зерикаман. Битта ролини 500 марта ўйнаган актёрларга қойил қоламан. Лекин “ҳар галгиси худди янгидек”, деган гап бор русларда, бироқ мен бу борада қийналаман. Чойнак, санатория ҳақидаги латифаларни кўп айтганман, чунки воқеаси қизиқ. Хонандалар қўшиғини йиллаб “айлантирган-да”, биз бир йил “айлантирсак” нима қилибди (кулади). Концертимдаги ҳангомаларнинг диски чиққунча айтиб оладиган бўлдим. Бир-икки марта диск тарқалгач айтсам, “бунисини биламиз-ку”, дегандек қарашди. “Икки соатлик репертуарим 1 йилга ҳам бормай, эскирибди”, дея хафа бўлганман. Бошқа томондан “ҳамма эшитибди”, дея хурсанд ҳам бўламан. Охири келаси йил концертда айтмоқчи бўлган латифаларимни айтиб, “пишириб” оладиган бўлдим.
— “Миллион”, “Дизайн” жамоаларининг концертларини томоша қила оласизми?
— Олдингига нисбатан репертуарлари “тозаланяпти”. Тажрибаси ортиб, секин-секин профессионализмга ўтишяпти. Тўғри, ижодкорни танқид, ижодини таҳлил қилиш керак, лекин буткул синдириш керак эмас. Хато қилдими, тузатиши учун имконият бериш лозим.
— Худди дикторлик сингари, қизиқчилик “мактаб”и ҳам йўқолиб бораётгандек...
— Енгил-елпилик, матн саёзлиги, ўғирлик, миллий менталитетимизга зид “ижод маҳсуллар”и биринчи галда қўшиқчиликка кириб келди. Бу кейинчалик қизиқчилик санъатига ҳам ўтди, учирма “прикол”лар, шахсни устидан кулиш, шевада гапириш кўпайди, бадиийлик йўқолди. Айрим телеканаллар ҳам эфир вақтини тўлдириш учун томошабинни фикрлашга мажбур қилмайдиган, савиясиз кулги ҳақидаги кўрсатувлар беряпти. Ундаги ҳазиллар телевидениега олиб чиқадиган эмас. Истеъмолчи ҳуқуқи поймол бўляпти. Саломлашиш, кийиниш, гапириш, саҳнада туриш маданияти бор, ахир. Телевидениеда Бадиий кенгаш ташкил қилиш керак. Айрим ҳамкасбларимнинг ижодида Европага тақлид бор. Бир вақтлар ижодкорга “Истиқлол” санъат саройида концерт бериш орзу бўларди, ҳозир-чи?.. Яқинда бир қизиқчи концертига икки кун қолганда, “репертуаримни кўриб беринг”, деб олдимга келди, лекин репертуарнинг ўзи йўқ, роса койидим. Манаман, деган устоз санъаткорлар ҳам концерт беришдан олдин репертуар устида ўйланади. “Истиқлол” санъат саройи-ю, концертга келадиган томошабинга ачиндим. Шундоқ ҳам матни йўқ қўшиқ, сценарийсиз фильмлар, маъносиз клиплар етарли. Аслида бачканалик “Қувноқлар ва зукколар”дан чиқяпти. Бир гал ҳайъат аъзоси бўлишга чақиришди, саҳнада куракда турмайдиган гапларни гапиришяпти-да, менга қолса бир балл ҳам қўймасдим. Бошқа соҳада ўқиган ҳаваскорлар кўпайгани қизиқчилик санъатини ортга тортяпти. Назаримда, ҳозир қизиқчилик санъати лойқаланган. Вақти келиб, “тиниб”, сараги саракка, пучаги пучакка чиқадиган давр келади. Томошабин бачкана кулгига мойиллашмасдан аввал профессионал қизиқчилар “майдон”га чиқиб, ўзини кўрсатиши керак. Андиша-ориятли ўзбек халқи эканимизни унутмаслигимиз лозим. Шу соҳанинг вакили сифатида бу камчиликларни айтишга ҳаққим бор, деб ўйлайман.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.
Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ